Ўзбекистон | 10:15
894
2 дақиқада ўқилади

Афғонистондан олиб келинган қарийб 9 кг опий мусодара қилинди

ДХХ ва Ички ишлар органлари ҳамкорлигида ўтказилган тезкор тадбирлар давомида Хоразм вилоятида қарийб 9 килограмм “опий” гиёҳвандлик воситаси ноқонуний айланмадан олинди.

Фото: Видеодан кадр

Давлат хавфсизлик хизматининг Сурхондарё ва Хоразм вилоятлари бўйича бошқармалари томонидан ўтказилган тадбирларда икки ҳолатда йирик миқдордаги наркотик моддалар аниқланди.

Хусусан, Қўшкўпир туманида яшовчи, 1985 йилда туғилган, муқаддам наркожиноят учун судланган шахс Урганч тумани ҳудудида тўхтатилиб текширилганда, унинг ёнидан 4 кг 407 грамм “опий” моддаси топилиб, процессуал тартибда расмийлаштириб олинди.

Шунингдек, “Беруний–Урганч” йўналишида ҳаракатланаётган “Ласетти” автомашинаси Урганч туманидаги “Чолиш” ЙПХ масканида тўхтатилиб текширилди. Унда кетаётган, Қўшкўпир туманида яшовчи, 2002 йилда туғилган ва муқаддам судланган шахсга тегишли 4 кг 541 грамм “опий” моддаси борлиги аниқланиб, ашёвий далил сифатида расмийлаштириб олинди.

Маълум қилинишича, ҳар икки ҳолатда ҳам гумонланувчилар Афғонистондан контрабанда йўли билан олиб келинган наркотик моддаларни Хоразм вилояти ҳудудида сотишни режалаштиришган.

Ҳозирда уларга нисбатан Жиноят кодексининг тегишли моддалари билан жиноят ишлари қўзғатилиб, “қамоқ” эҳтиёт чораси қўлланган. Тергов ҳаракатлари олиб борилмоқда.

Фуқаролардан бундай ҳолатларга бефарқ бўлмаслик ва ДХХнинг 1520 қисқа рақами орқали хабар бериш сўралди. Шахсий маълумотлар махфийлиги кафолатланиши таъкидланди.

Отабек Матназаров
Тайёрлаган Отабек Матназаров
Kun.uz янгиликларини Google News'да кузатинг
+ Обуна бўлиш

Мавзуга оид