22:14 / 04.04.2018
46305

Журналист Бобомурод Абдуллаев ишида "виждони қийналган гувоҳ" пайдо бўлди

Фото: KUN.UZ

Ўзбекистон Республикаси Конституциявий тузумига тажовуз қилиш ва амалдаги ҳукуматни ағдаришга уриниш каби жиноятларни содир этишда айбланаётган журналист Бобомурод Абдуллаев 4 апрел куни Жиноятлар ишлари бўйича Тошкент шаҳар суди биносида ўтказилган навбатдаги суд мажлисида гувоҳнинг холис эканига шубҳа билдирди. Бу ҳақда суд мажлисида иштирок этган Kun.uz мухбири хабар беради.

Маълум қилинишича, суд мажлисига гувоҳ тариқасида жалб этилган Чарос Абдуллаева ўз кўрсатмасида "Усмон Ҳақназар тахаллуси остида ёзилган мақолаларни таржима қилиш учун судланувчи Бобомурод Абдуллаевдан 100 АҚШ доллари олганини" айтган. Гувоҳнинг таъкидлашича, бу воқеа 2005 йили юз берган, шунда Бобомурод эски таниши Чаросга мурожаат қилиб, тахминан 10 варақ матнни ўзбек тилига таржима қилиб беришини сўраган. Буюртма тугалланганидан сўнг, журналист Абдуллаева Чаросга 100 АҚШ доллари берган.

"Мен матнларни ўқиб шубҳалана бошладим, аммо начора, пул керак эди. Таржимани қилиб бердим. Орадан деярли 13 йил ўтиб, Усмон Ҳақназар тахаллуси Бобомуродга тегишли эканини билганимда, виждоним йўл қўймади: мен қилган айбимга, яъни мана шундай мақолани таржима қилиб берганимдан пушаймонман. Кўп вақт ўтиб, (собиқ) МХХ хатлар бўлимига 2017 йил 25 сентябрда ариза билан мурожаат этдим", деб фикрини якунлади Абдуллаева.

Бироқ, Бобомурод Абдуллаев гувоҳнинг кўрсатмасини инкор этиб, унга ўз муносабатини билдирди.

"Аввалги кўрсатувларимда айтганимдек, OzodOvoz сайтини ташкил этиб, халқдан келган мурожаатларни ўз ҳолича чоп этардик. Шунда Чарос Абдуллаева менинг раҳбарлигимда OzodOvoz сайтида фаолият юритган. У Ҳақназар мақолалари учун эмас, балки мурожаатларни таҳрир қилиб, таржима қилган. Шу меҳнати эвазига бир марта эмас, ҳар ойда 100 АҚШ долларидан олган", дейди судланувчи. 

Бобомуроднинг таъкидлашича, Чарос Абдуллаева (собиқ) МХХ ходимларининг кучли босими остида унга қарши кўрсатма бермоқда. 

"Мен Чаросга қарши кўрсатма бериб, ёзувларим остига имзо қўйганман. Фақат санаси қўйилмаган ҳужжатга орадан анча пайт ўтиб, сентябр қилиб белгилашга мажбурлашди. Ҳаммасини МХХ терговчилари ўйлаб топган, Чаросни шантаж қилиб, уни қўрқитишган", дейди Бобомурод. 

Кейинги суд мажлиси 9 апрел куни бўлиб ўтади.​

Мавзу
Журналист Бобомурод Абдуллаев иши

Ўзбекистон Республикасининг конституциявий тузумига тажовуз қилиш ва ҳукуматни ағдариш каби жиноятларни амалга оширганликда айбланаётган судланувчилар иши бўйича Kun.uz мухбири суд мажлисидан тайёрлаган материаллари

Барчаси
Top