Жаҳон | 15:04 / 06.04.2018
14468
2 дақиқада ўқилади

Яраланган толиблар бизда даволанаётгани  ҳақидаги баёнотлар фитна – Тожикистон

Фото: AP

Афғонистон оқсоқоллар кенгаши – Лўи Жирға вакилининг афғон телеканалларидан бири эфирида маълум қилишича, “Толибон” ҳаракатининг яраланган жангарилари Тожикистонда даволанмоқда.

Телебошловчи Жирға вакилидан бундай маълумотлар қаердан экани, манба борасида сўраган, бунга эркак бу ҳақда телефон орқали маҳаллий ёшлар хабар берганини жавоб берди.

“Улар шу ерда эди, 15 кун давомида қолишди. Буни халқдан яшириб бўлмайди. Ўша ерда яшовчи одамлар ҳаммасини билиб ва кўриб турибди”, - деди у.

Якунда телебошловчи эркакни Камол – бутунафғон оқсоқоллар кенгашидаги Кундуз вилояти халқлари вакили сифатида таништиради.

Тожикистон Миллий хавфсизлик давлат қўмитаси чегара қўшинлари матбуот котиби Муҳаммад Улуғхўжаев бундай баёнотни провокация деб атади, дея хабар бермоқда Авеста.

“Лўи Жирға вакилининг Тожикистонда яраланган толиблар даволанаётгани ҳақидаги баёноти ёлғон ва провокациядир”, - дея таъкидлаб ўтди М.Улуғхўжаев.

“Тожикистон “Толибон” ҳаракати билан ҳеч қандай алоқаларга эга эмас, бироқ вақти-вақти билан ОАВда шу мавзудаги турли провокацион баёнотлар пайдо бўлмоқда, бу вазиятни кескинлаштириш мақсадида қилинмоқда”, - дея қайд этган чегара қўшинлари вакили.

Унинг сўзларига кўра, бугун тожик-афғон чегарасидаги вазият барқарорлашди, чегара тожик чегарачилари назоратида қолмоқда.

Мавзуга оид