Жаҳон | 22:54 / 05.03.2026
956
8 дақиқада ўқилади

Покистон-«Толибон» можароси: улар нимани бўлиша олишмаяпти?

2026 йилнинг феврал ойига келиб Покистон ва «Толибон» қарама-қаршилиги янги босқичга чиқди. Томонлар бир-бирига ҳаводан ҳужум уюштиришяпти, дронлар, артиллериядан фойдаланишди. Хўш, икки қўшни мамлакат ўртасида ҳарбий тўқнашувларга нима сабаб бўляпти?

Халқаро тартибот шу даражада заифлашдики, бир давлатнинг бошқа бир мустақил мамлакат ҳудудий яхлитлигига қилаётган тажовузларига на ҳайрат бор, на хавотир. Йиллар давомида шаклланган қоидалар ўрнини хаос эгаллади. Энди ҳамма нарса мумкиндек. Келажак ҳақидаги прогнозлар мавҳумлашган, ташқарида «ўрмон қоидалари» ҳукм сураётган бир замонда Покистон ва Афғонистон ўртасида ҳам қуролли тўқнашувлар бошланди. Дастлаб 22 февралга ўтар кечаси Покистон армияси Афғонистоннинг Нангархар ва Пактика вилоятларига авиазарбалар берди. Расмий Исломобод ҳужумни жангариларнинг чегара бўйлаб жойлашган лагерлари ва бошпаналари ўққа тутилгани билан изоҳлади. Кобул томони зарбалар натижасида аёллар ва болалар ҳалок бўлганини қайт этиб, ҳарбий ҳаракатни «Афғонистоннинг ҳудудий яхлитлиги ва халқаро ҳуқуқнинг қўпол равишда бузилиши» деб атади. 26 феврал куни афғон толиблари ҳам чегара постларига «кенг кўламли ҳужум» уюштирди. Шу тариқа можаро янги босқичга чиқди: томонлар бир-бирига ҳаводан ҳужум уюштиришяпти, дронлар, артиллериядан фойдаланишяпти. Покистон мудофаа вазири Ҳаваж Асиф «Толибон» ҳаракати билан «очиқ уруш» бошланганини эълон ҳам қилди. Хўш, икки қўшни мамлакат ўртасида ҳарбий тўқнашувларга нима сабаб бўляпти? Улар ўртасидаги зиддият илдизи қаерга бориб тақалади?

Чегара муаммоси

2024–2026 йилларда «Толибон» ва Покистон қуролли кучлари ўртасидаги тўқнашувлар «Дюранд чизиғи» бўйлаб юз беряпти. Бу чизиқ бир асрдан кўпроқ вақтдан бери икки мамлакат ўртасидаги сиёсий, этник ва хавфсизлик можароси марказида туради. Узоқ 1893 йил инглиз-афғон урушлари якунида Британия Ҳиндистони ташқи ишлар котиби Мортимер Дюранд ва Афғонистон амири Абдураҳмонхон ўртасида чегара шартномаси имзоланади. Империалистик мамлакатларнинг «Бўлиб ташла, ҳукмронлик қил» тамойили ушбу битимда ҳам ўз аксини топади: чегара чизиғи чизилаётганда географик ва этник омиллар ҳисобга олинмаган. Натижада минтақадаги энг йирик этнослардан бири — пуштунлар икки давлат, ҳозирги Афғонистон ва Покистон ҳудудига бўлиб юборилади.

Афғон ҳукмдорлари Британия Ҳиндистони парчалангунга қадар бу чизиқни тан олиб келди. Бироқ 1949 йилда мамлакат парламенти «Дюранд чизиғи»га оид барча шартномаларни денонсация қилди. Афғонистон томони 1893 йилда имзоланган битимни «босим остида имзоланган ҳужжат» сифатида баҳолаб келади ва тарихий пуштун ҳудудларининг бир қисми тортиб олинганини даъво қилади. Ҳудудий масала бир неча бор можаролар ва қуролли тўқнашувларга сабаб бўлган. Масалан, 1947 йилда Афғонистон Покистоннинг БМТга қабул қилинишига қарши чиққан ва буни ҳал этилмаган ҳудудий низо билан изоҳлаган, шунингдек, Исломободдан чегарани мамлакат ичкарисига суришни талаб қилган. Рад жавобини олгач эса афғон томони Покистондаги пуштунларнинг Пуштунистонни ажратиб олиш учун олиб борган курашини қурол билан қўллаб-қувватлайди. Бу 1961 йилда икки давлат ўртасида дипломатик алоқаларнинг узилишига ҳам сабаб бўлади. Кейинчалик муносабатлар нисбатан яхшиланди.

Турли хил баҳолашларга кўра, 2600 кмдан ортиқ масофага чўзилган Афғонистон ва Покистон чегара ҳудудларида яшовчи пуштунлар сони 55-60 миллион киши. Уларнинг қарийб 2/3 қисми Покистонда яшайди ва мамлакат умумий аҳолисининг тахминан 15–18 фоиз қисмини ташкил этади. 2017 йилдан бошлаб расмий Исломобод «Дюранд чизиғи» бўйлаб улкан девор қуришни бошлади ва ишларнинг деярли 90 фоизи якунланган. Мазкур қарор терроризмга қарши кураш, контрабанда ва ноқонуний миграциянинг олдини олиш билан изоҳлаб келинади. «Толибон эса деворни «пуштунлар ўртасидаги сунъий тўсиқ» деб ҳисоблаяпти. Кўплаб пуштун қабилалари учун бу девор уларнинг қариндошлари, яйловлари ва ҳатто қабристонларини ажратиб қўйган. «Толибон» ҳарбийлари бир неча бор Покистон томонидан ўрнатилган симтўсиқларни бузиб ташлаш ёки демонтаж қилишга уринишди. Бу эса икки давлат чегарачилари ўртасида доимий равишда қуролли тўқнашувларга сабаб бўляпти. Афғонистоннинг олдинги ҳукуматлари ҳам «Толибон» ҳам «Дюранд чизиғи»ни расмий давлат чегараси сифатида тан олмай келади.

«Франкенштейн эффекти»

Афғонистондаги пуштунлар ва «Толибон»га Покистоннинг таъсири жуда катта. Исломобод Собиқ Иттифоқнинг Афғонистондаги уруши пайтида Ғарб давлатлари билан бирга афғон мужоҳидларини қўллаб-қувватлади, миллионлаб қочоқларга бошпана беради. Кейинчалик ушбу кучлар «Толибон» ҳаракати асосига айланди ва қисқа муддат ичида сезиларли сиёсий-ҳарбий қудратга эга бўлишди. 1994 йилдан бошлаб ҳаракат фаол тус олди, 1996 йилда Кобулни эгаллади, 1998 йилга келиб эса Афғонистоннинг катта қисмини назорат қила бошлади. Бу пайтда Покистон «Толибон»ни тан олган учта давлатдан бири бўлди.

Ўтган асрнинг 90-йилларида Покистон ҳукумати Ҳиндистон билан эҳтимолий уруш ҳолатига тушиб қолса, мамлакат ҳудуди географик жиҳатдан торлик қилиши мумкинлиги ҳақида қайғура бошлайди. Шунинг учун Покистонга Ғарбда, яъни Афғонистонда ўзига бўйсунадиган ёки дўстона ҳукумат керак эди. Бу орқали Покистон ўз армияси ва ресурсларини зарурат туғилганда Афғонистон ичкарисига олиб ўтиши ва у ерда қайта гуруҳлаши мумкин бўлган «хавфсиз ҳудуд»га эга бўлишни кўзлайди. Аммо режалар кутилганидек натижа бермади. «Толибон» ҳокимиятга келгач, Исломободнинг ёрдамига қарамай, барибир «Дюранд чизиғи»ни расмий чегара сифатида тан олишдан бош тортди.

 2001 йил 11 сентябр терактларидан сўнг эса Покистон ҳам АҚШ бошчилигидаги халқаро аксилтеррор операцияларида иштирок этишга розилик билдирди. Ўз навбатида кейинги 20 йил давомида толиблар учун «орқа база» вазифасини бажарган ҳолда уларга моддий-техник ёрдам кўрсатишни давом эттирди. «Толибон» етакчилари, жумладан, Мулла Умар ёки «Ҳаққоний тармоғи» каби гуруҳлар йиллаб Покистоннинг қочқинлар лагерларида ёки чегарадош ҳудудларида паноҳ топгани ҳақида далиллар бор. Шу сабабли 2021 йил 15 августда «Толибон» Кобулни қайта эгаллаганида, Исломободдаги кўплаб сиёсатчилар буни «геосиёсий ғалаба» сифатида байрам қилишди. Бироқ орадан кўп ўтмай, муносабатлар кутилмаганда совуқлашди. Бунда энг оғриқли нуқта – «Теҳрике Толибон Покистон» қуролли ҳаракати. Покистон томони пуштунлардан таркиб топган ТТПни террорчилик ташкилот деб ҳисоблайди. Шу жиҳатдан Исломобод «Толибон»ни Покистон толибларининг етакчиларига бошпана берганликда айблаб келади. Кобулдагилар эса буни рад этади. Исломободдагиларга кўра, Афғонистон ҳукумати ТТП гуруҳларини молиялаштиради, қурол-яроғ билан таъминлайди ва ўз ҳудудидан ҳаракатланишга рухсат беради.

Бундан ташқари, Покистон «Толибон» ҳокимиятга қайтиши билан Афғонистонда барқарорлик ўрнатади ва қочқинлар ортга қайтади деб умид қилганди. Лекин иқтисодий вазиятнинг ёмонлашиши ва халқаро санкциялар туфайли қочқинлар оқими камайиш ўрнига, аксинча, кўпайди. Натижада 2023 йил охиридан бошлаб Покистон кутилмаганда ҳужжатсиз афғонларни мамлакатдан чиқариб юборишни бошлади. Бу Кобул ва Исломобод ўртасидаги муносабатларнинг очиқ адоват даражасига чиқишига сабаб бўлди. Қочқинлар муаммоси ҳозирда ҳам энг зиддиятли масалалардан бири бўлиб қоляпти.

Достон Аҳроров
Муаллиф Достон Аҳроров
Kun.uz янгиликларини Google News'да кузатинг
+ Обуна бўлиш

Мавзуга оид