Жамият | 17:23 / 09.04.2018
251907
7 дақиқада ўқилади

Машҳур санъаткорнинг дабдабали тўйи: Президент топшириғи фақат қора халқ учунми?

Фото: Инстаграм

Машҳур яккахон санъаткорларимиздан бири ўғлини уйлантиргани-ю, дабдабали тўй бергани ҳамманинг оғзида! Бу ҳолат шахсан Президентимиз томонидан тўйлардаги дабдабабозлик ва ортиқча харажатларни камайтириш юзасидан берган тавсиялари фонида рўй бераётгани ажабланарли.

Санъаткоримизнинг ушбу хатти-ҳаракати ижтимоий тармоқларда жуда кўпчилик томонидан, Президент гапларига беписандлик ўлароқ баҳоланаяпти. Тўғри-да, бу ёқдан Президент тўйларни ихчамлаштириш ҳақида гапирмоқда, ҳар йили Мустақиллик байрами арафасида санъаткорларни тақдирлаш ҳақида қарор чиқармоқда, улар эса…

Адолат юзасидан айтиш керакки, бу ерда санъаткоримизнинг яккаш ўзини айблаш ноўрин. Унинг ўрнида исталган бошқа санъаткор бўлиб қолиши ҳам мумкин эди. Фарқи — тўй мавзуси қизғин мунозара қилина бошланганидан сўнг биринчи бўлиб тўй қилган одам у бўлди. Тўғри, у таниқли санъаткор, қўшимча бизнеслари ҳам бор, унинг пули жуда кўп. У пулларни ўзи истаганча тасарруф этади. Ўз-ўзидан, таниш-билишлари ҳам жамики санъаткорлар, тушунамиз.

Боз устига, тўй ҳар қандай ота-онанинг орзу-ҳаваси ҳамдир. Биз янги турмуш қурган ёш оилага бахт тилаймиз.

Бироқ танганинг иккинчи тарафига назар ташласак, тўйларнинг ихчам ўтишидан энг манфаатдор бўлмаган қатлам иккита бўлса — бири санъаткорлар, битта бўлса — шу санъаткорлар.

Чунки бундай дабдабали тўй билан улар аввало ўз хизматларини реклама қилишади: «Сизлар ҳам мана шундай дабдабали, маҳаллада дув-дув гап бўладиган тўй ўтказинглар, биз хизмат қилайлик», қабилида.

Ҳозирда санъаткорларимизнинг ҳар бири ижтимоий тармоқларда, айниқса Instagram’да ўзининг расмий саҳифасига эга. Улар бу ерда ўз фаолиятидан лавҳалар бериб бориш билан биргаликда, юз минглаб мухлисларига ўз хизматини яширин тарзда реклама ҳам қилишади. Айтайлик, Дилсўз доим қиз узатилаётган хонадонга бориб «Отажон» қўшиғини куйлайди. Сардор Раҳимхон эса тўйларда «Онажон» қўшиғини куйлаб беради ва куёв ўз онасига гул тақдим этади. Кимдир келин салом айтиши билан машҳур. Бу пойтахт тўйларида ўзига хос удум-анъанага айланиб қолган. Ва бу ҳолатлар санъаткорларнинг Instagram’ида, турли тўйлардан туширилган тасвирлар воситасида тинимсиз тарғибот қилиб турилади.

Хуллас, юқорида таъкидлаб ўтганимдек, тўйларнинг ихчамлаштирилишидан улар асло манфаатдор эмас.

Маълумки, Солиқ кодексимизда санъаткорларнинг концерт-томоша фаолиятидан оладиган даромадлари солиққа тортилмаслиги белгилаб қўйилган. I гуруҳ ногиронлари, ҳаттоки 1941–1945 йилларда иккинчи жаҳон урушида қатнашган фахрийлар бизнес бошлашса, улар ҳам 50 фоиз бўлса-да, солиқ тўлашади, лекин санъаткори ҳам, отарчиси ҳам, бошқаси ҳам солиқ тўламайди ва бу ҳол ҳеч кимни ташвишлантирмайди.

Илгари амалдорлар санъаткорларни ўз «паноҳи»га олишганди: «пайти келса тўйларимизда текин хизмат қилишади», деган илинжда. Энди Президентнинг шахсан ўзи амалдорларга тўйларга боришни тақиқлади. Амалдорларимиз ҳам ихчамгина тўйлар ўтказишда халққа ўрнак бўладиган пайтлар етиб келди.

Яна бир муҳим жиҳат борки, Солиқ кодексида санъаткорларнинг КОНЦЕРТ-ТОМОША фаолиятидан оладиган даромадлари солиққа тортилмаслиги белгилаб қўйилган. Бироқ, тўйдан эмас. Тўй — томоша эмас-ку?! Айни пайтда солиқ кодексини янгилаш устида иш олиб борилмоқда. Балким янги кодексда бу ҳолат бутунлай қайта кўриб чиқилиши керакдир? Чунки халқнинг фикрини бузаётган, дабдабали тўйлар ўтказишга ундаётган, бўлар-бўлмас турли янги удумларни тарғиб қилаётганлар айнан шу тоифа эмасми?

Ўзингиз ўйланг, масалан бир санъаткор бир ойда ўн кун тўйга борса, 30 минг доллар, яъни 250 миллион сўм топади.

Бунча пулни ўқитувчи 10 йилда топади — бу бир!

Иккинчидан, шунча пул топган ўқитувчи ё ишчи 50 миллион сўм солиқ тўлайди. Эллик миллион!

Булар ойига 172 минг сўм тўлайди, холос. (Шугинаниям тўлашни ўзига эп билмайдиганлари талайгина, ДСҚ доим рўйхат тузиб юради).

Халқнинг пулига қурилган йўллардан машинасида юриб, бизнинг пулга ишлаётган телевизорларда чиқиб, бизнинг пулга ташкил қилинган давлат хизматларидан фойдаланиб, бунинг устига «Президентнинг сўзлари мен учун эмас, сенлар учун» деяптими?

Санъаткорларга тўйга бориши тақиқлансин, деяпмиз. Нега? Мушоҳада қилинг-чи, тўйларда давра тўрини бермаётган санъаткорларимизнинг қай бири сўнгги йигирма йил ичида ўлмас қўшиқ ярата олди. Уларнинг аксарияти концертда нуқул тўйбоп қўшиқлар куйлаб, концертни тўй учун реклама воситасига айлантириб олишганку? Санъат фақат тўйбоп қўшиқлардан иборат эмас-ку?!

Модомики, тартиб ўрнатилиши керак экан, «Ўзбекконцерт» ҳам бош бўлиб вазиятга аралашиши керак. Лицензия санъаткорларга концерт ўтказиш учун берилади, тўй учун эмас. Дабдаба солиғи жорий этилиши ва уни тўйда қатнашган санъаткордан ёки керак бўлса ўшандай тўйни ўтказган хонадон соҳибларидан ундириш учун фурсат етмадимикан?

Айни вазиятда санъаткорларнинг фаолияти лицензия билан тартибга солинар экан, уларнинг тўйга боришини чеклабгина чин санъат билан шуғулланиш, кўчирмакашликдан халос этиш ва ҳақиқий дурдона қўшиқлар яратишга, санъаткорларимизнинг дунё миқёсига чиқишига, концертлардан ва қўшиқларининг онлайн сотувидан даромад олишига эришишимиз мумкин. Айрим қўшиқчиларимизгина энди-энди Россия шоу-бизнес бозорига қадам босмоқда. Дунёга ҳали йўл бўлсин!

Устоз санъаткорлар орасида тўйга чиқишни ўзига ор деб ҳисоблаганлари қанча бўлган. Тўйга боришса ҳам даромад олиш учун эмас, азбаройи халқи билан яқин бўлиш, уларга ўз куй-қўшиқларини жонли ижро этиб бериш учунгина қатнашган. Қолдими ҳозир шундай санъаткорлар? Концертдан даромад қила оладиган санъаткорларимиз бармоқ билан санарли бўлганидан сўнг, тушунаверинг-да аҳволни.

Президентимиз томонидан ушбу муаммога шахсан эътибор қаратилганининг сабаби ҳам ана шунда. Чунки жуда кўплаб муаммоларнинг замири тўйларга бориб тақалмоқда: ёшларимизнинг дабдабали тўй ўтказиш илинжида чет элларда сарсон-саргардон ишлаб юришлари ҳам, кейин кимларгадир таассуб қилиб, қарс-бадабанг тўй ўтказиб, қарзга ботиб, ёшгина оилалар ажрашиб кетаётгани ҳам, кўплаб ёшларимиз тўй борасида ўз олдига катта орзу-ҳавасни қўйиб, унга етиша олмасдан турмуш қуриш ёшидан кечикиб кетаётганининг сабабини ҳам айнан шу ердан ахтариш керак. Улар санъаткорларимиз Instagram’да реклама қилишаётганидек тўй қила олишмайди-да, ақалли уларни тўйга чақира олишмайди, яхшиси турмушга чиқмай ва уйланмай қўя қолишади.

Биз мазкур мақолада ўша тўйдан лавҳаларни бериб ўтирмадик, «Инстаграм» деган балои азимга кирсангиз, ўзингиз барчасига гувоҳ бўлишингиз мумкин.

Шуҳрат Шокиржонов,

Kun.uz журналисти

Мавзуга оид