Маданият вазири Озодбек Назарбеков бир неча кун аввал ижтимоий тармоқлар орқали санъаткорларни хайрия тадбирларида фаол бўлишга чақирган эди. Кеча, 3 май куни бир гуруҳ фаол санъаткорлар турли кийим кечак, озиқ-овқат ва бошқа турли маҳсулотларни хайрия қилиш орқали саховат тадбирини бошлаб беришди.

Тошкентдаги «Туркистон» санъат саройи ёнида бошланган хайрия тадбирига бир неча соат ўтиб пойтахтнинг яна кўплаб аҳолиси қўшилди.

«Маданият соҳаси вакиллари иштирокида йиғилган хайрия маҳсулотларини Сирдарё вилояти аҳолисига ёрдам сифатида олиб боришни ният қилган эдик. Бизни хурсанд қилгани эса хайрия бошланганидан бир кун ўтар-ўтмас унга санъаткорларнинг мухлислари, саховатли инсонларимиз ҳам қўшилишди.

Ижтимоий тармоқлар орқали бу тадбирни эшитган кишилар имкон даражасида, нима топса олиб келишяпти», – дейди «Ўзбекконцерт» давлат муассасаси раҳбари Одилбек Абдуқаҳҳоров.

Хайрия тадбири доирасида пул маблағлари учун махсус ҳисоб рақам ҳам ташкил қилинган эди. Бу маблағлар қандай кўринишда сарфланади, мазмунидаги саволимизга муассаса раҳбари қуйидагича жавоб берди: «Бу масалани Маданият вазири билан маслаҳатлашиб олдик. Унга кўра, маблағ йиғилишига қараб талафотдан жабр кўрган маҳаллалардан бирига маданият маркази қуриб бериш ниятидамиз. Агар йиғиладиган маблағ кутганимиздан кўра кўпроқ бўлса, тошқиндан уйлари йиқилган ва уни тиклаш имконияти бўлмаган аҳоли вакилларига уй-жойлар ҳам қуриб берилади».

Таниқли сўз устаси, хайрия тадбири фаолларидан бири Шукрулло Исроилов охирги вақтларда Ўзбекистонда рўй бераётган офатларни бутун халқ бошига тушган синов, деб атади.

«Бухорода кузатилган ва катта талафот келтирган кучли шамол, май ойи бошида Сирдарёдаги фалокатлар бу синов. «Ойнинг ўн беши ёруғ, ўн беши қоронғу» деган мақол бор. Ҳар бир кун ёруғ бўлавермайди. Аммо бизнинг халқимиз қийинчиликлар олдида сабрли, бардошли ва саховатли халқки, фахрлансак арзийди.