Жаҳон | 01:19 / 10.04.2018
7277
2 дақиқада ўқилади

2017 йилда табиий офатлардан кўрилган зарар 314 млрд долларга баҳоланди

Фото:Интерфакс

2017 йилда дунёда юз берган табиий офатлар аввалги йилларга нисбатан камроқ қурбонларга олиб келган, бироқ улардан кўрилган зарар моддий жиҳатдан энг йирикларидан бири бўлди. Бу ҳақда Лувен католик университетининг фалокатлар эпидемиологияси тадқиқот маркази (CRED) ҳисоботида айтилган.

Тошқинлар ва тўфонлар, кўчкилар ва бошқа бир қатор табиий офатлар ўтган йилда 9503 кишининг ҳаётига зомин бўлган. CRED маълумотларига кўра, бу қиймат Ҳаитидаги 2010 йилдаги зилзила каби ўта ҳалокатли ҳодисалар қайд қилинган 2007 йилдан 2016 йилгача давр ичида ўртача йиллик 68 минг қурбондан анча камроқдир. Биргина Ҳаитидаги зилзила 225,5 мингдан кўпроқ одамнинг ҳаётини олиб кетган. Мьянмадаги “Наргис” циклонидан эса 2008 йилда 138,4 минг киши ҳалок бўлган.

2017 йилда энг кўп табиий офатлар Осиёда кузатилган – 136 та (дунёдаги умумий табиий офатларнинг 43 фоизи). Улардан 25 тасидан Хитойда 15 млн киши жабр кўрган. Ҳиндистонда 15 та табиий офат 2,3 минг қурбонга олиб келган ва 22,5 млн кишига таъсир қилган.

2017 йил етказилган зарар миқдори бўйича 1900 йилдан кейин 2-рақамлиси бўлди. CRED мутахассислари 2017 йилда 96 млн кишига зиён етказган 318 та офатдан 3 та энг вайронкорини алоҳида қайд қилишган, булар: “Харви”, “Ирма” ва “Мария”.  Ушбу довуллар 2017 йил август ва сентябрь ойларида Кариб денгизи узра ўтиб, АҚШ соҳилларига етиб борган. Улар етказган зарар мос равишда 95, 66 ва 69 млрд долларга баҳоланган. 2017 йилда офатлардан кўрилган умумий зарар эса 314 млрд долларни ташкил қилган.  

Мавзуга оид