Туркия (2023 йил)
2023 йилнинг 6 феврал тонгида Туркияда 7,8 магнитудали зилзила содир бўлиб, 53 мингдан ортиқ одам ҳалок бўлди. Шунингдек, қўшни Сурияда ҳам 9 мингга яқин кишининг ўлими қайд этилган.
Табиий офат Туркиянинг 11 та вилоятида вайронагарчиликларга олиб келди ва 14 миллионга яқин фуқарога бевосита таъсир кўрсатди. Бутун мамлакат бўйлаб 7 кунлик миллий мотам эълон қилинди.
Зилзила оқибатида Туркия иқтисодиётига етказилган зарар миқдори қарийб 84 миллиард долларни ташкил этган бўлиши мумкин.


Япония (2011 йил)
Сўнгги йиллардаги энг вайронкор зилзилалардан бири, шубҳасиз, 2011 йилнинг 11 март куни Япония соҳиллари яқинида содир бўлган табиий офатдир. Соҳилдан 72 км масофада, 30 км чуқурликда кечган тебранишлар магнитудаси 9 баллни ташкил қилади. 6 дақиқа давом этган зилзила натижасида баландлиги 40 метрдан ортиқ цунами кўтарилади ва айнан у энг катта талафотларга сабаб бўлди. Сендай аэропортини сув босади, «Фукусима» атом электр станциясида эса авария юз беради.
Расмий ҳисоботда бевосита қурбонлар сони 15 минг 892 киши бўлгани, 6 мингдан ортиқ одам жароҳатлангани келтирилган. Мазкур табиий офат япон иқтисодиётига 198 млрддан 309 млрд долларгача зарар келтиргани ҳисоблаб чиқилган.

Ҳаити (2010 йил)
2010 йилнинг 12 январида Кариб денгизи ҳавзасида жойлашган Ҳаити давлатида жуда кучли ер силкиниши юз берди. Зилзила эпицентри мамлакат пойтахти Порт-о-Пренсдан 22 км жануби-ғарбда, гипомаркази 13 км чуқурликда жойлашганди. 7 магнитудали асосий силкинишдан сўнг кўплаб зилзилалар қайд этилди, жумладан, уларнинг 15 таси 5 магнитудадан юқори эди. Олимларга кўра, Ҳаитидаги зилзила Кариб денгизи ва Шимолий Америка литосфера плиталари ўртасидаги алоқа зонасида ер қобиғининг ҳаракати натижасида юз берган.
2010 йил мартдаги расмий маълумотларга кўра, ҳалок бўлганлар сони 222 минг 570 кишини ташкил этган, 311 минг киши жароҳатланган ёки майиб-мажруҳ бўлиб қолади, бундан ташқари 869 киши бедарак йўқолган. Моддий зарар 5,6 миллиард еврога баҳоланган.





























