Жамият | 00:25 / 14.04.2018
15099
3 дақиқада ўқилади

Туман ва шаҳарларда ҳам адлия бўлимлари ташкил этилади — Президент фармони

Ўзбекистон Республикаси Президентининг «Давлат ҳуқуқий сиёсатини амалга оширишда адлия органлари ва муассасалари фаолиятини тубдан такомиллаштириш чора-тадбирлари тўғрисида»ги фармони имзоланди.

Ҳужжатга кўра, Ўзбекистон Республикаси Олий ва ўрта махсус таълим вазирлиги тизимининг Ўзбекистон Республикаси Давлат бюджетидан молиялаштириладиган касб-ҳунар коллежлари юридик хизматларининг штат бирликлари ҳисобидан, «республика – вилоят – туман (шаҳар)» уч поғонали принципи бўйича вертикал бошқарувни жорий этган ҳолда туманлар (шаҳарлар)да адлия бўлимлари ташкил этилади.

Касб-ҳунар коллежларининг тугатилаётган юридик хизматлари функциялари тегишли туман (шаҳар) адлия бўлимлари томонидан амалга оширилиши белгиланмоқда.

Туманлар (шаҳарлар) адлия бўлимларининг асосий вазифалари этиб қуйидагилар белгиланмоқда:

  • ҳокимларга ҳамда давлат органлари ва ташкилотларининг туманлар (шаҳарлар) тузилмаларига қонунлар ва бошқа норматив-ҳуқуқий ҳужжатларни қўллаш масалалари бўйича маслаҳатлар бериш;
  • давлат органлари ва ташкилотлари туман (шаҳар) тузилмаларининг қонунлар ва бошқа норматив-ҳуқуқий ҳужжатлар ижросини ташкил этиш бўйича фаолиятига услубий раҳбарлик қилиш ва мувофиқлаштириш;
  • қабул қилинаётган қонунлар ва бошқа норматив-ҳуқуқий ҳужжатларнинг мазмун-моҳияти ва аҳамиятини туманлар тузилмаларидаги ижрочиларга етказиш, «республика – вилоят – туман – маҳалла» принципи бўйича ҳуқуқий тарғибот ва аҳолининг ҳуқуқий саводсизлигига барҳам бериш борасида, шу жумладан ҳуқуқни муҳофаза қилувчи ва суд органлари билан биргаликда чора-тадбирларни амалга ошириш;
  • туманлар (шаҳарлар) ҳокимлари ва халқ депутатлари Кенгашларининг қарорларини қонун ҳужжатларига, мамлакатимизда амалга оширилаётган ислоҳотларнинг мақсад ва вазифаларига мувофиқлиги нуқтаи назаридан ҳуқуқий экспертизадан ўтказиш;
  • ҳуқуқни қўллаш амалиётини ўрганиш ва таҳлил қилиш, унинг барқарорлиги ва бир хиллигини таъминлаш бўйича таклифларни ишлаб чиқиш;
  • инсон ҳуқуқларини ҳимоя қилиш бўйича чора-тадбирларни амалга ошириш, ўз ваколатлари доирасида жисмоний ва юридик шахсларнинг мурожаатларини кўриб чиқиш;
  • давлат органлари ва ташкилотларининг туман (шаҳар) тузилмаларида ҳуқуқий ишларнинг ҳолатини мониторинг қилиш, шунингдек, уларнинг юридик хизматлари фаолиятини мувофиқлаштириш, назорат қилиш ва методик таъминлаш.
UzA Shokirjonov Shuhrat
Тайёрлаган UzA Shokirjonov Shuhrat
Kun.uz янгиликларини Google News'да кузатинг
+ Обуна бўлиш

Мавзуга оид