Жаҳон | 23:32 / 15.04.2018
23874
2 дақиқада ўқилади

Трампнинг янги севимли ибораси ҳақида маълум қилинди

Фото: Reuters

АҚШ президенти Дональд Трамп Сурия бўйича зарбаларга доир "Миссия бажарилди!" иборасини муваффақиятли деб атади ва уни тез-тез қўллашга ваъда берди. Бу ҳақида у ўзининг Twitter'ида маълум қилди.

"Суриядаги операция шу қадар мукаммал ва тартиб билан бажарилдики, фейк янгиликлар ёзувчи ОАВ уни таҳқирлаш учун фойдаланиши мумкин бўлган ягона усул - менинг "Миссия бажарилди!" иборамни қўллашдир", - деб ёзади Дональд Трамп.

АҚШ давлат раҳбарининг сўзларига кўра, у ОАВ шу иборани "ушлаб олиши"ни тахмин қилган. "Бу шу қадар ажойиб ҳарбий атамаки, у яна жаранг сочиши керак. Тез-тез қўллансин!", - деб ёзади Америка президенти.

Куни кеча Дональд Трамп Twitter'да АҚШ, Франция ва Британия Сурия бўйича зарбаларни аъло даражада уддалагани ҳақида ёзиб, постининг охирида "Миссия бажарилди!" дея қўшимча қилган. ОАВ ва ижтимоий тармоқларда унинг бу ибораси турлича қабул қилинди. Масалан, Bloomberg 2003 йилда кенжа Жорж Буш Ироққа кирганидан сўнг шундай иборани қўллаганини ёдга солган.

14 апрель куни Шарқий Гутедаги тахминий кимёвий ҳужумларга жавобан АҚШ, Буюк Британия ва Франция Сурияга қарата зарбалар берди. РФ Бош штабининг хабар беришича, жами 103 ракета учирилган, улардан 71 тасининг ҳужуми тўхтатилган. Дастлабки маълумотларга кўра, зарбалар натижасида 3 киши жабрланган, ҳеч ким ҳалок бўлмаган. АҚШ Сурия президенти Башар Асад яна заҳарловчи газни қўллаган тақдирда, мамлакат бўйлаб янги зарбалар эҳтимоли ҳақида маълум қилди. НАТО мамлакатлари коалиция зарбаларини қўллаб-қувватлашди, Россия томонидан таклиф қилинган ҳужумни қораловчи резолюция эса БМТ Хавфсизлик Кенгаши томонидан рад этилди.

Тайёрлаган:  Шуҳрат Раҳимов

Мавзуга оид