Ўзбекистон | 16:29 / 17.04.2018
33653
3 дақиқада ўқилади

Тошкент шаҳридаги бозорларда рейд ўтказилади

Тошкент шаҳри ҳудудида ёз яқинлашиши билан белгиланмаган жойларда ностандарт ҳажмдаги идишларда турли ичимликларни сотиш, санитария талабларига жавоб бермайдиган қишлоқ хўжалиги маҳсулотлари, хусусан, мева-сабзавотлар, чорва моллари ва парранда гўштларининг ноқонуний савдоси билан шуғулланиш ҳолатлари кўпайиб кетади.

Тошкент шаҳри ҳокимлиги матбуот хизмати берган хабарга кўра, бундай ҳолатларнинг олдини олиш ва аҳоли дастурхонига сифатли озиқ-овкат маҳсулотларини етказиш мақсадида Тошкент шаҳар ҳокимининг «Тошкент шаҳри ҳудудида ноқонуний савдоларни бартараф этиш, мавсумий савдо ва умумий овқатланиш тармоғи объектлари фаолиятини тартибга солиш чора-тадбирлари тўғрисида»ги  №613–сонли қарори эълон қилинган. Мазкур қарорнинг ижросини таъминлаш мақсадида 2018 йилнинг 1 май кунидан бошлаб пойтахтдаги деҳқон бозорлари, савдо комплекслари ва ихтисослаштирилган бозорлар ҳудудида, санитария талабларига жавоб бермайдиган жойларда озиқ-овқат ва ноозиқ-овқат маҳсулотлари, салқин ичимликлар, турли таомлар билан ноқонуний савдо қилиш ҳолатларига чек қўйилади.

Бозорлар ва унинг ҳудудида фаолият юритаётган тадбиркорлар ва ишчи-хизматчиларнинг тиббий кўрикдан ўтганлиги, махсус иш кийимлари билан таъминланганлиги, маҳсулотларни сақлаш ва сотиш қоидаларига риоя қилиниши, иш жойларининг санитария ҳолатига тўлиқ жавоб берилиши назоратга олинади. Шунингдек, деҳқон бозорлари ва шохобчалари ҳудудида гўшт, сут, парранда тухуми, салат ва қандолат маҳсулотлари савдоси амалга ошириладиган расталарда совутгич ускуналари бўлиши ва доимий ишлаши юзасидан текширувлар олиб борилади.

Қабул қилинган қарорга мувофиқ Тошкент шаҳар ҳокими туман ҳокимлари зиммасига: туман ҳудудида мавсумий савдоларни тартибга солиш ҳамда аҳоли саломатлигини ҳимоя қилиш мақсадида кўчма савдо билан шуғулланиш истагини билдирган тадбиркорлик субъектларига рухсат беришда Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг 2016 йил 13 июлдаги «Кўчма савдога рухсат бериш тартиби тўғрисидаги низомни тасдиқлаш ҳақида»ги №233–сонли қарорига қатъий риоя қилиш талабини қўйган.

Азиз Қаршиев
Тайёрлаган Азиз Қаршиев
Kun.uz янгиликларини Google News'да кузатинг
+ Обуна бўлиш

Мавзуга оид