Шарқ мамлакатлари халқлари, хусусан бизнинг юртдошларимиз ҳаётида бозорлар муҳим роль ўйнайди. Ўзбекистоннинг ҳар бир шаҳри, ҳар бир туманининг ўз бозори бор. Айрим ҳудудларда ҳатто ўнлаб бозорлар бўлиб, уларда савдо-сотиқ, сайру-саёҳатнинг кўп асрлик маданияти шаклланганки, бу ҳам миллий қадриятнинг бир кўриниши ҳисобланади.
Бугун эътиборингизга дунёнинг энг йирик ва гавжум бозорлари ҳақидаги маълумотларни тақдим этамиз.
Чатучак ва Дамноен Садуак — Бангкок, Таиланд

15 гектардан кўпроқ майдон ва ён атрофдаги кўчаларга чўзилиб кетган Чатучак бозори туну-кун тиним билмайди. 9 мингдан 15 мингтагача турғун ва кўчма дўконлар орасида бош айланиб қолиши ҳеч гап эмас. Бир кунда 200 мингдан ортиқроқ одам ташриф буюрадиган бу бозорнинг аксарият харидорлари томошага келган туристлардир.
Дамноен Садуак бозори эса улкан сузувчи бозордир. Бангкокни бежизга «Шарқ Венецияси» деб айтишмайди. Бундай шаҳарда дарё бозори бўлиши ҳам табиий. Кўчалар ўрнидаги сувда қайиқлар сузиб юради ва ҳамма уларда савдо-сотиқ қилаверади.
Миср бозори (Улкан бозор) – Истанбул, Туркия

Бу бозор нафақат Туркияда, балки дунёдаги энг йирик бозор номига даъвогарлик қилиши мумкин. 30 минг квадрат метр майдонга жойлашган 4 мингдан ортиқ дўконларда ҳақиқатдан ҳам савдо қайнайди. Бу бозорни бемалол муаззам шаҳарнинг осори-атиқаларидан бири деб атаса бўлади. Сабаби бу бозорга айрим кунлари 500 мингдан ортиқ киши ташриф буюради, бир йиллик келувчилар сони 90-100 млн кишини ташкил қилади.
Маиший буюмлар, ширинликлар, кийимлар... хаёлга келган ва келмаган ҳамма нарсани харид қилиш мумкин бўлган бу бозор шаҳарнинг 60дан ортиқ кўчалари бўйлаб кенгайиб, чўзилиб кетган. Қадамба-қадам йириклашиб бориши туфайли унинг ичида фавворалар, меҳмонхоналар, уйлар, ресторанлар, масжидлар ва ҳатто қабристон ҳам бор.
Марокаш бозори – Марокаш

Марокашдаги Марокаш бозоридан ҳақиқий шарқ эртакларидаги муҳитни топиш мумкин. Гўёки асрлар бу бозорни четлаб ўтгандек, келажак ҳам тарихни албатта кутиб оладигандек тасаввур ўйғонади. Бу томонга ташриф буюрган сайёҳ бозорни айланмай қайтмайди. Айниқса бозор ўзининг хушбўй зираворлари билан ном қозонган ва бутун расталар бўйлаб уларнинг ифори айланиб юради. Шунингдек, бўталоқ жунидан тайёрланган нафис матоли либослар бозор рамзига айланган.


















