Ўзбекистон | 00:50 / 18.04.2018
64890
6 дақиқада ўқилади

Ўзбекистонда мажбурий меҳнатнинг қандай кўринишлари мавжуд? Бош вазир фактларни келтирди

Фото: KUN.UZ

17 апрель куни Вазирлар Маҳкамасида Ўзбекистон Республикаси президенти Шавкат Мирзиёев ташаббуси билан бош вазир Абдулла Арипов  раислигида жамоат ишларига мажбурий жалб қилишни тақиқлаш, бу борада раҳбарлар масъулиятини оширишга бағишланган йиғилиш бўлиб ўтди.

Бош вазир ўз сўзида вилоятларда йўл қўйилаётган мажбурий меҳнат кўринишларини танқид қилди. 

«Таълим ва тиббиёт ходимларини мажбуран меҳнатга жалб этиш кўплаб вилоятларимизда одатий ҳолга айланган. Бу халқаро қонун ҳужжатлари бузилиши демакдир.

Бу ҳақда муҳтарам президентимиз бир неча марта ҳақли эътироз билдирди ва бундай ҳолатларга йўл қўйиш мумкин эмаслиги тўғрисида огоҳлантирган. Президентимиз Бирлашган Миллатлар Ташкилоти Бош Ассамблеяси 72-сессиясидан қайтгач, Олий Мажлис Сенати ҳузурида мажбурий меҳнатга қарши курашиш бўйича алоҳида комиссия ташкил этилди. Президентимиз топшириғига асосан, 2017 йил кузида ўқувчи ва талабалар пахта далаларидан қайтарилди. Аммо жойлардаги аксарият раҳбарлар бундан хулоса қилиш ўрнига, ўқувчиларни қайтаришга қайтариб, ўқитувчилар билан шифокор ходимларни кўча тозалашдан тортиб, уй-жой бузиш ишларигача жалб этиб келмоқда.

Муҳтарам президентимиз Шавкат Миромонович Сирдарё вилояти фаоллари билан ўтказилган учрашув чоғида Самарқанд вилояти Каттақўрғон тумани 42-мактаб ўқитувчиси Диана Еникеева кўча тозалашга чиқарилганида машина уриб кетиши оқибатида вафот этганини куйиниб эслади ва бунда ўзини айбдор ҳис қилаётганини айтиб ўтди. Бундан ташқари, ўша куни турли ҳудудларда кўзбўямачиликка йўл қўйилаётганини эслаб ўтдилар.

Президентимиз айтдилар: «Очиғи, бу менда нафрат уйғотмоқда, ўқитувчиларни мажбурлаб ободонлаштириш, кўча супуришга жалб этиш - бу биз олиб бораётган сиёсатга хиёнат. Бу нафақат менга, балки давлатимиз олиб бораётган сиёсатга хиёнатдир». 

Ҳозирги кунда интернет нашрлари ўрни аҳоли ўртасида катта аҳамиятга эга бўлаётганлигини ҳисобга оладиган бўлсак, сиз раҳбарларнинг нотўғри хатти-ҳаракатларингиз давлатимиз раҳбари томонидан олиб борилаётган сиёсатга қаттиқ салбий таъсир кўрсатмоқда.

Шу сабабли, бугунги йиғилишимизда бир неча марта огоҳлантирилганига қарамасдан ўқитувчи ва шифокорларнинг ўз фаолиятига тааллуқли бўлмаган бошқа ишларга жалб этилиши муҳокама қилинади.

Президентимиз бундай ҳолатларни «фавқулодда ҳолат» сифатида кўриб чиқишни топшириқ қилди.

ОАВда маҳаллий ҳокимликлар томонидан таълим ва соғлиқни сақлаш ходимлари турли ишларга жалб этилаётгани ҳақида хабарлар берилди, ижтимоий тармоқларда кенг муҳокама этилди.

Қашқадарё вилоятида кўча юзидаги сохта иссиқхоналар, Жиззах вилоятида коллеж ўқувчилари корхона ишчилари сифатида тақдим этилиши каби кўзбўямачиликлар кузатилди. Бундай ҳолатлар эса аҳолида норозилик кайфиятини пайдо қилмоқда.

Масалан, Андижон вилоятининг Андижон шаҳри, Хўжаобод, Марҳамат, Қўрғонтепа, Жалақудуқ туманларида кўча тозалаш, ободонлаштириш, дарахтлар экиш, кўча ва маҳаллалардаги чиқиндиларни чиқариш, дала ишларига мактаб, мактабгача таълим тизими ходимлари мунтазам равишда жалб этиб келинган. Айрим раҳбарлар ўқитувчиларни нафақат мажбуран ишлатган, балки улардан моддий манфаатдор ҳам бўлган.

Жумладан, Андижон вилояти ҳокими ўринбосари Раҳмонов, Андижон шаҳри ҳокими Раҳматуллаев барча йиғилишларда мактабгача таълим муассасалари раҳбарларини шаҳар кўчаларини ободонлаштириш учун ўз ҳамёнларидан қиммат нархларга гуллар сотиб олишга мажбурлашган. Бундай талабни бажаришни истамаган ходимлар ишдан бўшаш хавфи остида бўлган.

Бундай шароитда соҳа ходимлари қачон ўз соҳаси ривожи устида ишлайди?

Олиб чиқиб ишлатгани ҳам майли, уни устига минг сўмлик кўчатларни янаям қиммат нархларда бюджет ташкилотлари ходимларини сотиб олишга мажбурлашган. Қонунни бузишмоқда.

Сирдарё вилояти Гулистон шаҳридаги боғчалар ходимлари ҳам шаҳардаги ободонлаштириш ишларига мунтазам жалб этиб келинмоқда.

Тошкент шаҳри Сергели туманидаги мактабгача таълим муассасалари ходимлари эса ўзларининг ҳисобларидан зарур воситаларни сотиб олиб, янги қурилган кўп қаватли уйларни тозалаш ишларига жалб этилган.

Қашқадарё, Сурхондарё, Бухоро ва Фарғона вилоятларида ҳам мактабгача таълим муассасалари ходимларидан ободонлаштириш ишларига ишчи кучи ёллаш учун пул йиғилаётгани бўйича вазирликка бир неча марта мурожаат бўлган.

Ўз ёнидан пул ишлатган ижтимоий соҳа ходимлари бу маблағни қайтариш учун таъмагирликка боришга мажбур бўлади.

Муҳтарам муҳтарам президентимиз ташаббуслари билан Бандлик ва меҳнат муносабатлари вазирлиги ҳузурида Жамоат ишлари жамғармалари ташкил этилган. Лекин афсуски, кўплаб ҳокимларимиз бу пулларни ишлатиш механизми ҳақида тасаввурга эга эмас. Билмайди. Президентимиз неча миллиардлаб маблағларни жамоатчилик ишларига ишсиз юрган одамлар ёллаб ишлатилиши учун ажратсаю, булар, туман ҳокимлари, шаҳар ҳокимлари, турли мутасадди раҳбарлар «содиқлиги»ни кўрсатиб, ўқитувчиларни олиб чиқиб ишлатиб, мажбурий меҳнатга жалб этяпти.

Ўзи жамғармани очишдан мақсад ҳам, чекка туманларда ишсиз юрадиган одамларни тўлов эвазига ободонлаштириш ишларига жалб этиш эди.

Аммо ҳокимлар таҳдид қилиш орқали бюджет ташкилотлари ходимларини мажбурий ишлатишни тизимга айлантириб олишган.

2018 йилда ишсиз аҳолини жамоат ишларига жалб этиш учун юртбошимиз томонидан 714 миллиард сўм ажратилган. Бироқ ҳокимлар бундан «бехабар», улар «касал», улар ўқитувчи ва шифокорларни ишлатиши керак. Биринчи чоракда салкам 150 миллиард пул ажратилганди. Бор йўғи 40 миллиард сўм ишлатилган», дея ёзғиради бош вазир.

Мавзуга оид