Жаҳон | 01:48 / 20.04.2018
3586
2 дақиқада ўқилади

Тожикистонда Миллат етакчиси жамғармаси яратилади 

Тожикистон парламенти қуйи палатаси “Давлат молияси тўғрисида”ги қонунга тузатмалар киритди. Унга кўра, Миллат етакчиси жамғармаси яратилмоқчи.  

Тожикистон молия вазири Рустам Шохмурод депутатлар олдидаги чиқишида тузатмалар Миллат етакчиси жамғармасини яратишни кўзда тутишини таъкидлаб ўтган. Бу жамғарма давлат бюджети маблағлари ҳисобига тўлдириб борилади. 

Шохмуроднинг айтишича, жамғармага умумий давлат бюджетидан 0,2 фоизи (жорий йилда бу қиймат 42 млн сомоний ёки 4,6 млн доллар) ўтказилади. 

Жамғарма маблағларини ишлатиш тартибини Миллат етакчиси, яъни Тожикистоннинг амалдаги президенти Имомали Раҳмон белгилайди. Маблағлар хайрия мақсадларига йўналтирилади.  

Вазирнинг таъкидлашича, жамғармага маблағлар ўтказилиши амалдаги президент ўз ваколатларини топширгандан кейин бошланади.

Тожикистон конституциясига кўра, бир киши қаторасига икки муддатдан кўпроқ президент бўла олмайди.

Бироқ Тожикистон конституциясига 2016 йил майдаги тузатишларга кўра, “чекловлар Тинчлик ва миллат бирдамлиги асосчиси – Миллат етакчисига тааллуқли эмас. Миллат етакчиси ҳуқуқий мақоми ва ваколатлари конституциявий қонун билан белгиланади”.    

Бу эса амалдаги президент Имомали Раҳмоннинг Миллат етакчиси сифатида президент лавозимига чекланмаган марта сайлана олишини англатади.

Шуҳрат Раҳимов
Тайёрлаган Шуҳрат Раҳимов
Kun.uz янгиликларини Google News'да кузатинг
+ Обуна бўлиш

Мавзуга оид