18:53 / 23.04.2018
14781

Перфекционизмдан воз кечиш учун арзигулик 6 сабаб

Инсоннинг ўзига ва атрофдагиларга имкон доирасидан юқори талаб қўйиши уни азобланишга мажбур қилади. Яхшиси бошқа йўлни танлаган маъқул. "Лайфхакер" перфекционизмдан воз кечиш учун арзийдиган сабаблар ҳақидаги мақоласи билан бўлишди.

Тал Бен-Шаҳар 20 йилдан буён перфекционизмни ўрганади. У перфекционизмнинг икки — ижобий ва салбий тури борлигини аниқлади. У биринчисини — оптимализм, иккинчисини эса — анъанавий перфекционизм деб атаган.

Перфекционистлар уларнинг тасаввурига тўғри келмайдиган барча нарсаларни рад этишади, кейин эса ўзларининг нореал стандартларига мувофиқ кела олмай, азобланишади. Оптималчилар ҳаётни борлигича қабул қилишади ва ундаги барча ҳодисалардан ўзлари учун фойдали томонларини олишади. Тенг шароитларда иккинчи турдагилар муваффақиятлироқ бўлиб чиқишади. Нима учун дейсизми?

1. Йўл танлови

Тўғри линия — перфекционист учун мукаммал йўл. Бирор томонга оғиб кетиш — унинг учун таназзулга тенг. Оптималчи учун эса муваффақиятсизлик — йўлнинг ажралмас бир қисми. Унинг мақсад сари йўли доим бир неча бурилишлардан иборат бўлади.

2. Хатолар устида ишлаш

Перфекционистларнинг асосий хусусияти — муваффақиятсизликдан қўрқиш, улар хатоларни четлаб ўтишга ҳаракат  қилишади. Бироқ хатолар одамларга ўзини чидамлиликка текшириш, чиниқиш имконини беради. Таваккал қилиб, қулаганимиздан сўнг яна ўрнимиздан турамиз ва шу тариқа янада кучли шахсга айланиб борамиз. Биз тажриба асосида ривожланамиз ва бунда бизга муваффақиятларимиз эмас, омадсизликларимиз ёрдам беради.

Муваффақиятсизлик муваффақиятни ваъда қилмайди, бироқ муваффақиятсизликнинг йўқлиги доим муваффақиятнинг ҳам йўқлигини билдиради.

Муваффақиятсизлик доим муваффақият билан боғлиқ деб тушунадиганлар ўз хатолари устида ишлашади, ривожланишади ва охир-оқибат муваффақиятга эришишади.

Фото: Allday.com

3. Ўзига паст баҳо бериш

Перфекционист ўзига шундай "олам" яратиб оладики, унда ўзига нормал баҳо беришнинг иложи йўқ: у ўзини доим танқид қилади, фақат камчиликларига эътибор қаратади ва шу кунгача эришган натижаларини қадрламайди. Мукаммаллаштиришга мойиллик ва ақлнинг максимал юкланиши перфекционистларни йўлда учраган тўсиқларни фожиа даражасида кўришга мажбур қилади. Бундай шароитларда инсоннинг ўзини ўзи паст баҳолаши кафолатланган.

Шуниси ажабланарлики, психологлар инсон муваффақиятсизликка учраганда унинг ўзига бўлган ишончи ошишини аниқлашди, чунки у мағлубият у тасаввур қилган даражада даҳшатли эмаслигини англаб етади. Перфекционистлар муваффақиятсизлик олдидаги қўрқув туфайли синовларни четлаб ўтишади. Бу эса уларнинг ўзига ўзи қийинчиликларни енгиб ўта олмаслигига доир фикрни сингдириши билан тенгдир.

4. Максимал самарадорлик

Психологлар Жон Додсон ва Роберт Йеркс инсон апатия ва хавотир ўртасидаги ҳолатда максимал даражадаги самарадорликка эришиши мумкинлигини исботлашди. Иш давомида айнан оптималистлар шундай жўшқинлик даражасини ҳис қилишади, зеро улар муваффақиятсизликларни бир томондан - ҳаётнинг ажралмас қисми, бошқа томондан - муваффақият учун кураш сифатида қабул қилишади.

5. Жараёндан завқ олиш

Перфекционист мукаммал натижага интилади. Дастлаб унинг режалари кучли бўлади ва у тинмай меҳнат қилади, охир-оқибат агар жараённинг ўзидан завқ ола билмаса, тез чарчаб қолади.

Оптималистнинг йўли ёқимлироқ: у бутун бир жараёндан завқ олади ва шунда ҳам бор диққатини мақсадга жамлайди. Агар муваффақият сари элтувчи йўл тўғри бўлмаса — у курашади, шубҳаланади, мағлуб бўлади ва баъзан азобланади, бироқ охир-оқибат ғалаба қозонади.

Фото: Getty Images

6. Вақтдан унумли фойдаланиш

Иш мукаммал бажарилиши керак ёки умуман унга қўл урмаслик керак — перфекционистларнинг максимализми уларнинг вақтдан унумли фойдаланмаслигига олиб келади. Мукаммал ижро (унга етишиш имкони бўлса, албатта) ҳар доим ҳам ўзини оқламайдиган жуда катта саъй-ҳаракатларни талаб қилади.

Перфекционистлар минглаб соатларни аслида мукаммалликни талаб қилмайдиган вазифаларга сарфлашади.

Оптималистлар бу масалага донолик билан ёндашишади: вазифа ҳақиқатда муҳим бўлган жойда улар перфекционистлар одатда қанча вақт сарфлашса, шунча сарфлашади. Бироқ кўпинча вазифани мукаммал эмас, яхши бажаришнинг ўзи етарли бўлади.

Перфекционистдан оптималистга айланиш — бутун умрга тенг лойиҳа. Бу катта сабр ва матонат, вақт ва саъй-ҳаракатларни талаб қилувчи саёҳатдир. Уни амалга ошира олган киши ўз ҳаётини яхши томонга ўзгартира олади.

 

Мавзуга оид
Top