Қўшимча функционаллар
-
Тунги кўриниш
Кадрлар сиёсати: иш тажрибаси муҳимми ёки қайнонасининг исми?
Биздаги кадрлар ҳақидаги маълумотнома (объективка)лар ҳақида қизиқ факт. Биласизми, хорижий давлатларда индивиднинг ўзигина қизиқ. У қачон туғилгани, қандай маълумот олгани, нималар чоп этгани-ю, қайси тренинг ва семинарларда қатнашгани, қайси ишларни бажаргани ва ҳ.к. Уларни ҳаттоки инсоннинг уйланган-уйланмагани ҳам қизиқтирмайди. Чунки бу — унинг шахсий ҳаёти.
Бизнинг кадршуносларимиз инсоннинг шахсий ҳаётига «бурун суқиш»ни жуда яхши кўришади. Уларни ишда нималар билан шуғулланганингиз, хорижий тилларни қай даражада билишингиз, қайси тренингларда иштирок этганингиз мутлақо қизиқтирмайди, шунчаки иш жойи ва у ерда ишлаганини билдирувчи муддат кўрсатилса бас.«Ишласа ишлабди-да, бизга нима».
Лекин уларга отангиз, қайнонангиз, акангиз ва синглингизнинг исми ва туғилган йилини билиш жуда муҳим.
Бир қадам ортга — тарихга назар ташлаймиз. 1935 йилдан буён Марказий Қўмита аппарати номенклатура кадрларини ҳисобга олишнинг янги шаклидан (маълумотнома-объективкалардан) фойдалана бошлайди.Ҳа, НКВД ҳамма нарсани билишни истарди. Миллати, партиявийлиги ва сизнинг яқин қариндошларингиз ҳақидаги жамики маълумотларни.
Яқин қариндошлар ҳақидаги маълумотлар текшириш учун керак эди. Балким судланган чиқиб қолар, балким «халқ душмани». Яқин қариндошларидан бири судланган фақир ҳеч қачон яхши карьера қила олмасди.
Хўш, Ўзбекистон қачон эскилик сарқити бўлган бундай маълумотномалардан воз кечади?
Қайси партияга оидлиги нега керак, масалан? Ҳа, партия СССР вақтида жуда машҳур эди. Нақ коммунистик партия! Алҳол, Ўзбекистон мустақил бўлганига 27 йил бўлди. Айни пайтда Ўзбекистонда 4 та сиёсий партия мавжуд, лекин уларга аъзолик ихтиёрий асосда, адашмасак.
Одам халқ депутатлари ёки сайлов органлари аъзосими? Балким бошқачароқ савол берган маъқулдир: бу одам қандайдир халқаро ташкилот, нодавлат-нотижорат ташкилот ёки жамият аъзосими қабилида?
Давлат мукофотларига эгами? Айтайлик, эга. Бу карьера ўсишида нечоғлик аҳамиятли?
Ҳеч қурса XXI асрнинг энг машҳур саволини беринглар. Бу одам компьютерда ишлашни биладими, билса, қайси дастурлардан фойдаланишни билади, деб.
Ниҳоят, илтимос, номзоднинг отаси, онаси, хотини, фарзандлари ва қайнонасини тинч қўйинглар!
Балким «объективка»дан воз кечиш вақти етиб келгандир?
Инсоннинг ўзи билан қизиқинг.Ким у? Сизга қандай фойда келтира олиши мумкин? Унинг муайян тажрибаси нималардан иборат? Унга қўшимча тренинглар зарурми?
Энг қимматбаҳо ресурс — бу инсон ресурси, партиявийлиги ва нишонлари эмас.
Мавзуга оид
15:21 / 29.03.2025
Австралиянинг олис шаҳридаги ягона шифокор ишдан кетяпти. Янги номзодларга 400 минг доллар маош таклиф этилмоқда
10:04 / 04.02.2025
Олий маълумотли кадрларга давлат буюртмаси қандай шакллантирилади?
10:12 / 31.01.2025
Олий маълумотли кадрларга бўлган давлат буюртмаси махсус платформа орқали шакллантирилади
15:25 / 13.01.2025