Жамият | 09:30 / 26.04.2018
99832
4 дақиқада ўқилади

Тўрт ўқдан омон қолган болакай қисмати

Минг афсуски, ҳаётнинг ўзига яраша тасаввур этиш қийин бўлган воқеалари бўлади. Умрида ҳали ҳаётни англаб етишга улгурмаган, ташвиш ва қувончидан тотмаган мурғак қалблар ҳам ана шу ҳаётнинг “аччиғи”дан азият чекади.

Жаҳонгир исмли болакай билан боғлиқ аянчли ҳолат барчани чуқур ўйга солганди. Унинг турмуши шунақанги синовлар билан бошландики, барчаси ўрмон қонуни каби, болакай ҳозиргача курашдан тўхтамаяпти. Акс ҳолда у мағлуб бўлади. Дўстлари қатори елиб-югуриб ўйнашдан мосуво бола муштипар бувиси учун кўмак бериш ниятида, Жаҳонгир оёққа туриш учун ирода кўрсатмоқда. Аллоҳга шукрки, халқимизнинг савобталаб инсонлари ҳозиргача ушбу оилага кўмак бериб келаётгани қувонарли ҳолат.

KUN.UZ сайтида икки маротаба “Ўз амакиси томонидан милтиқдан ўққа тутилган бола ёрдамга муҳтож” ва “Россиядаги юртдошларимиз диққатига: 9 ёшли Жаҳонгир саховатпеша инсонлар кўмагига интизор” сарлавҳали хайрия акциялари ташкил этилганди.

Ушбу воқеани яна бир бор эслатишни жоиз, деб топдик. Тафсилотлар қуйидагича: 2009 йил 12 июнь кунги ўша мудҳиш воқеада Жаҳонгир оилавий зиддиятнинг жабрини кўради. Яъни, амакиси уй-жой талашишдан келиб чиққан жанжалдан сўнг, бешикда ётган бир ёшли жиянининг қорнига, умуртқа поғонаси, қўли, қулоғига тўрт маротаба ўқ узади. Аллоҳнинг меҳрибонлиги туфайли бир қанча қийин жарроҳлик амалиётидан кейин боланинг ҳаёти сақлаб қолинди. Ўқотар қуролдан яралангандан сўнг, унинг айни дамдаги ташхиси – болалар церебрал фалажи (ДЦП).

Албатта, савобли ишнинг давоми сифатида KUN.UZ Жаҳонгирнинг мурожаатига яна бир бор эътибор қаратмоқда. Россиядаги муҳожир блоггер дўстимиз Анваржон ака савобли ишга катта ҳисса қўшиб, Жаҳонгир билан боғланди, у истиқомат қилаётган хонадондан репортаж тайёрлашда кўмак берди.

Сиз азизларнинг ёрдамингиз билан Жаҳонгир бир қанча муолажаларни муваффақиятли ўтказди. Аллоҳнинг меҳрибончилигини қарангки, 11 марта жарроҳлик столидан чиқиб, ёш болакай ҳаёт учун курашмоқда. Бувиси Хуснида Ғиясованинг айтиши бўйича, улар икки ярим йилдан бери Санкт-Петербург шаҳрида истиқомат қилиб, даволаниб келмоқда.

“Қанчалик қийин бўлмасин, неварамни оёққа турғазишим керак. Болам юради, нимагаки профессорлар менга айтишган - болам футбол ўйнамайди, лекин ўзини-ўзи уддалайди. Мен шу учун курашмоқдаман”, дейди Хуснида ая.

Меҳрибон бувининг таъкидлашича, Жаҳонгир яна уч босқичли муолажа босқичини ўташи керак. Аёл хайриядан катта умид қилаётгани ва набираси учун ҳамма нарсага тайёрлигини билдирди. Иссиқ-совуғидан хабар олиб турган ватандошларимиздан чуқур миннатдор эканлигини кўзларида ёш тўлиб эсладилар. Ўз фикрларини дуо билан тугатиб, ҳамма саховатпеша инсонларимизга бахтли умр тилади.

Уларнинг ҳолати бизга аён, фақатгина бошлаган эзгу ишимизни биргаликда чиройли якун топиши учун бир ташаббус қилсак, қалбимиз янада таскин топади. Яхшилик умримизнинг мазмуни ва мақсадига айлансин. Азизлар мақола якунида бир ҳадисни ёдга олсак, Ибн Умардан ривоят қилинади: «Пайғамбар соллаллоҳу алайҳи васаллам: “Ким бир биродарининг ҳожатини раво қилса, мен қиёмат куни унинг тарозиси олдида тураман. Агар савоблари оғир келса, нажот топди. Агар тарозиси енгил келса, уни ўзим шафоат қиламан”, – дедилар». Абу Нуъайм ривояти.

Жаҳонгирга ёрдам бермоқчи бўлган яхшилар учун қўшимча маълумотлар:

Агробанк - ҳисоб рақами: 8600 0417 1153 2524 (Payme | Click)

Россиядаги саховатпеша юртдошларимиз учун:

СберБанк - ҳисоб рақами: 4276 5500 6008 0630

Хуснида Гиязова билан боғланиш учун рақам: +79219292445

Мавзуга оид