Жамият | 18:39 / 01.05.2018
63453
14 дақиқада ўқилади

Судья Нилуфар Усмонова, кетгиси келаётган норози одам ва «ўзгаришлар шамоли»

Фото: Shutterstock

​Кетгиси келаётган инсонни куч билан ушлаб туришдан фойда йўқ. Ўзини бир ерда ноқулай ҳис қилаётган, ўша ердан кетгиси келаётган одамнинг тўрт томони қибла — хоҳлаган жойига кетаверсин. Уни тушуниш керак — у Президент порталига ёзиб, «уй бердингиз, раҳмат, энди машина ҳам беринг!» деб талаб қўяётган текинхўр эмас, «Арча-кўчадаги мойкани менга олиб берсангиз, мен ҳам бир бойисам», деб алаҳсираётгани ҳам йўқ. У бор-йўғи нимадандир норози, ўзини нимадир сабабларга кўра бу ерда ноқулай ҳис қиляпти, шунинг учун кетгиси келяпти. Уни ношукрликда айблаш, унга зўр бериб ватан туйғусидан дарс ўтиш ҳам ўринсиз. Бу қанчадан-қанча куч, маблағнинг беҳуда ҳавога совурилиши, холос. Боз устига, ҳеч обрў келтирмайди: Солженицинни қийнаб-қийнаб, мамлакат ичида уёқдан буёққа сургун қилавериб, охири барибир кетишига рухсат берган СССР, биринчидан, ҳозир йўқ, иккинчидан, айнан шу каби фактлар ҳам унинг «қўрқув салтанати», «зулм салтанати», «қон салтанати» номини олишига хизмат қилган, учинчидан, ўша тарихий мамлакатдаги бундай ғайриинсоний воқеаларни фақат сталинпарастлар илиқ хотирлайди, сталинпараст бўлиш эса — шараф эмас; мени назаримда, ҳатто уятли.

Кетгиси келаётган одамнинг овозини ўчиришга уриниш ҳам уни куч билан ушлаб туриш каби бесамар, вақт, куч ва бошқа ресурсларнинг беҳуда сарфланиши. Айниқса, ҳозиргидек интернет замонида. Бунинг учун ё Шимолий Корея, ё Хитой бўлиш керак. Ваҳоланки, ўша Хитойда ҳам унча-мунча нарсани очиқ гапириш мумкин. Норози одамнинг овозини ўчириш — унинг норозилигига сабаб бўлган муаммони гўёки ҳал қилиш, ечишнинг энг осон йўли. «Гапирилмаса, муаммо ҳам йўқ» деган хато тасаввурнинг ҳосиласи. Менимча, тўғри бўлиш керак, ҳалол бўлиш керак. Тўғрилик, ҳалоллик ҳар муаммонинг ечими, менимча. Мабодо бирор ёқимсиз гап айтилса ҳам, (ўйинчоқ эмас, ҳақиқий) раддия бериш ё изоҳлаш орқали ўша гапларга муносабат билдириш мумкин. Ўзи учун ёқимсиз, ўзига обрў келтирмайдиган ҳолатларга муносабат билдириш, оғзига талқон солгандек гум бўлиб ўтирмаслик ортидан АҚШ — бугунги АҚШга, Япония — бугунги Японияга, Жанубий Корея — бугунги Жанубий Кореяга айланган. Имкони бўлиши билан танқидчилари Германияни Иккинчи жаҳон урушида миллионлаб одамларнинг ёстиғини қуритганликда айблайди — Германия эса ҳеч буни инкор этмайди, тарихда шундай кечириб бўлмас хатога йўл қўйганини тан олади. Шунинг учун ҳам у бугунги Германияга айланган.

Бир киши, дейлик, хорижга чиқиб, бутун бир мамлакат устига мағзава ағдаришидан, мамлакатни обрўсизлантиришидан хавотирланиш ва, катта эҳтимол, шу важ билан уни балки қонуний, балки ноқонуний, бироқ аслида мантиқсиз воситалар, чоралар ёрдамида ушлаб туришдан, энг ёмони, унга руҳий, маънавий босим ўтказишдан маъно йўқ. Боз устига, бундай ҳолатлар келажаги буюк, даъвоси катта мамлакатларга ярашмайди ҳам. Агар ростдан айби бўлса, ана, Маъмурий жавобгарлик ва Жиноят кодекслари бор — тегишли модда бўйича жавобгарликка тортилсин, бироқ бундан ортиғи — инсонийликка ҳам, қонунийликка ҳам тўғри келмаса керак. Бир нарсани ҳам тўғри тушуниш керак — мамлакатнинг чорак асрда шаклланган салбий имиджини бир ё икки йилда ўзгартириб бўлмайди, бунга чорак аср бўлмаса ҳам, ҳарқалай, бир декада керак бўлар. Энг ёмони, шу 10 йил ичида ҳам салбий имиджли мамлакатнинг қоқилиши кутилади, ҳар қоқилишида унинг аввалги 25 йиллик тарихи эслатилаверилади. Бу худди мен каби дарсларга ҳар доим кеч қолган ўқувчининг уч ой бирор марта кеч қолмай, тўртинчи ойнинг биринчи кунида яна дарсга кеч қолганим каби — уч ойлик намунали хулқим учун бировдан бирор илиқ сўз эшитмайман, аслида дарсга кеч қолмаслик — ўқувчи сифатида мажбуриятим, бироқ кеч қолган куним ҳамма гапиради: «Ҳа, бу ўзи шунақа-ку, ҳар доим кеч қолиб юради».

Тағин бир жиҳати — сўнг чиқиш муаммо бўладиган жойга бировнинг кириши қийин; инвесторлар — энг яхши мисол, банклар зўр мисол. Инвестор тиккан пулини ва чиқарган фойдасини олиб кетишига ишонмаса, шу ишончсизликни уйғотадиган фактларни кўрса, ҳеч қачон инвестиция киритмайди; мижоз банкка қўйган пулини бус-бутун ва топширган кўринишида қайтариб олишига ишонмаса, ҳеч қачон банкка бормайди ҳам, кирмайди ҳам. Ваҳоланки, иқтисодиётни янада кўтариш, туризмни ривожлантириш ниятлари бор, яна чет элдаги муваффақиятли ватандошларни Ватанга қайтариш истаги уйғонган. Ниятлар, мақсадлар катта. Шундай катта мақсадлар йўлида кетгиси келаётган одамларни куч билан ушлаб туришдан, норози одамларнинг овозини куч билан ёпишга уринишдан, менимча, ҳеч қандай фойда йўқ.

***

«Бибиси Ўзбек хизмати»да қизиқ материал чиқибди. Кўпчилигингиз барибир бу сайтга киролмайсиз (негалигини биламан, лекин билмайман ҳам), шунинг учун деярли ҳаммасини қайта ҳикоя қилиб бераман. Унда айтилган гапларни тасдиқловчи ё рад этувчи бирор бошқа манба йўқ — судлар кўриб чиқилган ё чиқилаётган ишлар ҳақида маълумот берганини кўрмаганмиз, жавобгар томон — Чилонзор ИИБ номидан балки бирор кун Тошкент шаҳар ИИББ баёнот берар; судда бошқа ОАВ журналистлари бўлмаган. Шунинг учун, айбга буюрмайсиз.

Хуллас, маълум бир доираларда таниқли бир аёлнинг 24 ёшли қизи бор. У беш йилдан бери ОВИР стикерини олишга ҳаракат қилади, лекин ҳеч ололмайди. Бунинг сабаби унчалик аниқ эмас. Онанинг айтишича, бир сафар ҳудудий ОВИР раҳбарининг имзоси билан қизига тахминан шундай жавоб қайтарилган: «Аввал ҳам чет элда бўлган экансиз, ўшанда чет элда бўлиш қоидаларини бузган экансиз. Шу боис сизнинг хорижга чиқишингиз вақтинча мақсадга мувофиқ эмас деб топилди».

Жавоб яхшику-я, лекин, онанинг қўшимча қилишича, унинг сартарошлик билан шуғулланувчи қизи ҳеч қачон чет элга чиқмаган. Ҳатто МДҲ давлатларига ҳам бормаган (наҳот Черняевкага ҳам бормаган бўлса?). Фақат Тошкентдан Самарқандга, Самарқанддан Тошкентга қатнаган. Қизни билмадигу, она аксарият замондошларимиздан фарқли ўлароқ, «Бермаса бермабди-да, кечмишимиз шу экан, нимаям қила олардик», деб ўтирадиганлардан эмас. Расмий идоранинг бемантиқ жавобидан сўнг, бу идора устидан судга шикоят қилинган.

26 апрель куни Тошкент шаҳар маъмурий судида иш кўрилган. Жавобгар томондан икки ходим қатнашган. Аёлнинг айтишича, судья Нилуфар Усмонова ИИБ ходимларидан аёлнинг қизига нима сабабдан ОВИР стикери берилмаётганини тушунтириб беришни қатъий (!) талаб қилган (!!). ОВИР ходимларидан бири сартарош қизнинг чет элга чиқишига, аввало, ИИВда ҳеч қаршилик йўқлигини айтиб, стикер олиш учун берилган ариза ИИВдан ташқари Ташқи ишлар вазирлиги, Мудофаа вазирлиги ва Миллий хавфсизлик хизмати (ҳозирги Давлат хавфсизлик хизмати) томонидан ҳам ўрганиб чиқилишини, улар фуқаронинг чет элга чиқишига монеълик қиладиган бирор фактни топса, бу ҳақда ИИВга хат беришини ва шу хат асосида стикер қўйиб берилмаслигини айтган. Тушунарли.

Судья Нилуфар Усмонова ИИВ масъулларидан сартарош қизга тақиқ нимага асосланиб қўйилгани борасида яна бир бор (!) исбот (!!) талаб қилган (!!!). ИИВ ходимлари бу давлат сири (!) эканлигини, махсус ёзма сўровсиз буни очиқлай олмаслигини айтган. Судья уларга маъмурий судлар ҳам давлат сирлари билан боғлиқ ишларни кўриб чиқишга ваколатли эканлигини, ҳеч қандай ёзма сўров бериши шарт эмаслигини эслатган (қойил, почти Америка-я!).

ОВИР стикерини ололмаётган қизнинг онаси ИИВдан келган вакиллардан бири суҳбатлашган ва бу суҳбат тафсилотларини «Би-би-си»га айтиб берган. Она қизига тақиқ МХХ (яъни, ДХХ) томонидан қўйилган, деган хулосага келган ва бу хулосасини ИИВ вакилига айтган. ИИВ вакили эса «Мен ундай деганим йўқ», деб туриб олган. Она ўз хулосасини мантиқан тушунтириб берган — ИИВ қизнинг ОВИР олишига қаршилиги йўқлиги очиқ турибди (1), ҳеч қачон чет элга чиқмаган қиз ҳақида Ташқи ишлар вазирлиги нима ҳам дейиши мумкин (2), қизлар армияга бормайдиган мамлакатда Мудофаа вазирлиги унинг қизига қандай қилиб эътироз билдира олади (3). Ким қолди — МХХ (яъни, ДХХ) қолди. Онанинг айтишича, ИИВ вакили шунчаки «МХХ» деб айтишга ҳам ҳайиққан. Ваҳоланки, «у замонлар ўтиб бўлди».

Онанинг МХХ борасидаги хулосасини дастаклайдиган яна бир жиҳат — унинг исми Малоҳат Эшонқулова; у нималар қилгани ва бунинг учун қандай таъқибларга учраганини Гугл яхшироқ билади. Баъзи замондошларимиз бундай инсонларни «ношукрлар», «тузингни еб тузлиғингга тупурадиганлар», «қалбида юрт учун жонкуярлик ҳисси йўқлар» деб ҳам атайди; «шпион» таърифи — энг юмшоқ «мақтовлар»дан. Айтилганидек, «Бермаса бермабди-да, кечмишимиз шу эканда, нимаям қила олардик», деб ўтирадиганлардан эмас. Ўзгача фикрлаб, фикр-жиноят содир этиб турадиганлардан. Фикр-жиноят содир этадиганлар билан кимлар шуғулланиши эса сизга маълум. Уларнинг номини очиқ айтишга ИИВ вакили иккиланиб турганида нега мен айтарканман?!

Суд 3 майга қолдирилган ва судья Усмонова ИИВ вакилларига ўзи сўраган ҳужжатлар олиб келинмаса ҳам қарор қабул қилаверишини айтган. Онанинг маълумот беришича.

Шундай қилиб, нима бўляпти?

— Ҳеч қачон чет элга чиқмаган қизга чет элда қоида бузганингиз учун стикер бермаймиз, деб расмий жавоб беришяпти;
— Қиз стикер берадиган корхонани судга беряпти;
— Судья стикер берувчилардан стикерни бермасликка исбот сўраяпти (қайта-қайта);
— Стикер берувчилар буни давлат сири деб айтишяпти;
— Судья давлат сирларини кўришга ҳаққи борлигини айтяпти;
— ИИВ вакили МХХни тилга олишга ҳайиқяпти (2018 йил 26 апрелида, айтишларича);
— Судья, катта эҳтимол билан, қиз фойдасига қарор чиқарадигандек таассурот қолдиряпти; онанинг кайфияти ёмон эмас, ҳарқалай;
— Онанинг «Би-би-си»да чиққан сўзларини тасдиқловчи ё рад этувчи муқобил манба йўқ.

Яна, очиқ қолаётган бир савол бор — чет элга бу қадар интилишнинг сабаби не? «Хорижга чиқишдан мақсад» деганга ўхшаш графа бўларди ОВИР анкеталарида, адашмасам. Одам бемақсад юриши, туриши, ёзиши, ёзмаслиги (масалан, мен баъзи материалларни шунчаки ахборот етказиш мақсадида ёздим, деб ўйлайман, лекин ҳушёр одамлар аслида мен ўзим билмай қолган бошқа мақсадларни ҳам кўришади) кўпда ҳазм қилинмайдиган айрим мамлакатларда, менимча, чет элга чиқиш учун ҳам конкретроқ мақсад кўрсатиш мақсадга мувофиқ, токи рад этиш эҳтимоли имкон қадар камайсин.

Шу ўринда, интернетдаги айюҳанносчилар такрор ва такрор эслатганидек, 2017 йил сентабрига тааллуқли ва Ўзбекистонга алоқадор бир тарихий иқтибосни кўрсатиб ўтиш ўринли:

«Одамларнинг эркин ҳаракат қилишини чеклайдиган хорижга чиқиш визалари сингари умрини мутлақо ўтаб бўлган ўтмиш қолдиқлари бекор қилинди».

Лекин барибир одам хурсанд бўларкан, судлар ҳақида яхши гапларни эшитишдан. Бир ёқда Бобомурод Абдулла иши ва ундаги судья тарихга кираман, деб турибди (агар кириб улгурмаган бўлса); салкам МХХга (бу сафар ДХХ деб бўлмайди, аниқ МХХ) қарши жараёнга айланаётган ишнинг судьяси айбсизлик презумцияси асосида йўл тутишини айтиб, тағин «давлат тўнтаришга даъват қилган» мақолаларнинг қайта экспертизасини белгилаб, тарихга кириб бўлди. Буёқда эса судья Нилуфар Усмонова, катта эҳтимол билан, стикер берувчиларга қарши даъвони қаноатлантириш арафасида.

Давомига шу «Бибиси»-ю бошқалар ҳам Олмаота, Душанбе, Бишкекдан Тошкентга келиб ўрнашса, қўрқмай, бемалол ишлашни бошласа, «Нью-Йорк Таймс»лар мақтаб ёзаётган Ўзбекистондаги «ўзгаришлар шамоли» (ёки «ўзбек баҳори») янада кучайган бўларди, менимча. Менинг фикрим шундай — Президент кўп бора такрорлаётганидек, халқ рози бўлса, халқ давлатдан рози яшаса, порахўрлик, коррупция ва яна бошқа бир бало иллатлар бўлмаса, ҳеч қандай рангли инқилоб ҳам, оқ-қора инқилоб, тўполон ҳам бўлмайди. «Бибиси»-ю бошқалар эса айнан шундай иллатларни кўпроқ ва тезроқ йўқотишга ёрдам беради, деб ўйлайман. Халққа ҳам, Президентга ҳам.

Муҳрим Аъзамхўжаев блогидан олинди

Мавзуга оид