12:45 / 02.05.2018
11468

МАК Ил-114-100 самолётларининг тижорий эксплуатациясини тўхтатди

Фото: livejournal.com

 «Ўзбекистон ҳаво йўллари» МАК ривожланиш стратегиясига мувофиқ, авиапаркини замонавий флотга эга авиаташувчи мақомини таъминлаб берувчи ҳаво кемалари билан янгилаш дастурини амалга оширмоқда. 

МАК ахборот хизмати хабарига кўра, жорий йилнинг 1 майидан бошлаб самолёт паркини унификациялаш, парвозлар самарадорлиги ва рентабельлигини ошириш мақсадида авиакомпания Ил-114-100 русумидаги самолётлар эксплуатациясини тўхтатди.

Миллий авиакомпаниянинг Ил-114-100 самолётларини эксплуатациядан чиқариш тадбирлари режасига мувофиқ, авиапаркда мавжуд бўлган 6та самолёт сотувга қўйилади. Ил-114-100 самолёти учувчилари МАК томонидан эксплуатация қилинаётган Boeing ва А320 самолётларига босқичма-босқич қайта ўқитилмоқда.

Таъкидланишича, Ил-114-100 ҳаво кемаларидан маҳаллий йўналишларда фойдаланилган.

Эслатиб ўтамиз, «Ўзбекистон ҳаво йўллари» Ил-114−100 самолётларидан воз кечишни режалаштираётгани хабар қилинганди.

 

Top