Спорт | 12:16 / 03.05.2018
4043
2 дақиқада ўқилади

Хитойнинг икки вакиласи шахмат бўйича жаҳон чемпиони унвони учун курашадилар

Цзюй Вэньцзюнь ва Тань Чжунъи/Фото: ChessBase

Шанхайда 3 май куни аёллар ўртасида шахмат бўйича амалдаги жаҳон чемпиони, хитойлик Тань Чжунъи ва унинг ҳамюрти Цзюй Вэньцзюнь ўртасида жаҳон чемпиони тожи учун учрашув бошланади. Хитойнинг энг йирик шаҳрида учрашувнинг 5 та илк партияси, қолган 5 партияси эса Чунцинда бўлиб ўтади.

Тань Чжунъи 2017 йилда Теҳронда нокаут-тизим бўйича жаҳон чемпиони бўлганди. Цзюй Вэньцзюнь Халқаро шахмат федерацияси (ФИДЕ) Гран-Присида ғолиб бўлиб, 2016 йил октябридаёқ шахмат тожи учун курашга даъвогарга айланганди.

25 ёшли Тань Чжунъи ФИДЕ рейтингида 9-ўринни, унинг тенгдоши Цзюй Вэньцзюнь эса 2-ўринни эгалламоқда. 

Қуръа ташлашга кўра, Цзюй Вэньцзюнь учрашувни оқ доналар билан бошлайди. 4 та партиядан кейин рақиблар доналар билан алмашишади. Шанхайдаги партиялар 3-4, 6-7 ва 9 май кунлари, Чунциндагиси эса 12-13, 15-16 ва 18 май кунлари бўлиб ўтади. Зарурат бўлса, 19 майда тай-брейк ўтказилади. 

Учрашувнинг мукофот жамғармаси 200 минг еврони ташкил қилади ва иштирокчилар ўртасида 10 та партия натижасига кўра 60 фоизга 40 фоиз нисбатда тақсимланади. Бунда  ғолиб кўпроқ мукофот олади. Бироқ агар учрашув ғолибаси тай-брейк орқали аниқланадиган бўлса, унда мукофот пули 55 фоизга 45 фоиз нисбатда тақсимланади.

Аёллар ўртасида шахмат бўйича илк жаҳон чемпиони Вера Менчик ҳисобланади. У бу унвонга 1927 йилда эришган.

Шуҳрат Раҳимов
Тайёрлаган Шуҳрат Раҳимов
Kun.uz янгиликларини Google News'да кузатинг
+ Обуна бўлиш

Мавзуга оид