Жаҳон | 10:24 / 08.05.2018
29520
2 дақиқада ўқилади

Қоплон полициячининг уч яшар ўғлини еб қўйди

Угандадаги қиролича Елизавета миллий боғида қоплон полиция ходимининг уч яшар ўғлини судраб олиб кетди ва еб қўйди. Бу ҳақда The Independent нашри хабар бермоқда.

Ҳодиса жума, 4 май куни кечқурун юз берган. Болакай экватордан бир неча километр жанубда жойлашган Эдвард кўли қирғоғидаги овчилар уйчасида уй хизматчиси билан бирга бўлган.

Давлат табиатни муҳофаза қилиш ташкилоти вакили Башир Хангининг сўзларига кўра, аёл бола ўзининг ортидан кўчага чиққанини пайқамай қолган. У бола бақирганини эшитган ва унга ёрдамга ошиққан, бироқ кеч қолган: қоплон болани судраб олиб кетган.

Расмийлар томонидан бошланган қидирув ишлари натижасида йўқолган боланинг бош суяги топилди. Уни отасига беришган. Болага ҳужум қилган йиртқични тутиш режалаштирилмоқда. «У инсон гўштини еб кўрганидан сўнг, бошқа одамга ҳужум қилишга қарор қилади», - дея аниқлик киритган Ханги.

Қиролича Елизавета миллий боғи – Угандада сайёҳлар орасидаги энг машҳур қўриқхона. У ерда фил, буйвол, гиппопотам, мангуста, шимпанзе, бабуин, шер, қоплон, сиртлон, чиябўри, кийиклар ва бошқа ҳайвонлар яшайди.

 

Мавзуга оид