Жамият | 17:15 / 08.05.2018
19003
4 дақиқада ўқилади

Самарқанд туризми: Сайёҳлар фикри қандай?

Яқинда KUN.UZ ижодкорлари Самарқанд вилоятига ташриф буюришган эди. Сайқали рўйи замин - азим Самарқанд ҳақида видеолавҳалар намойиш этилди.  Бироқ Самарқандга ташриф буюрган вақтимизда хорижлик туристлар ва халқ вакиллари билан бўлган суҳбатимизда улар шаҳарнинг жуда бебаҳо эканлигини, шу билан бирга у ерда мавжуд бўлган кичик муаммолар ҳақида айтиб ўтишди.

- Ўйлашимча, ҳаммаси яхши кетмоқда. Ҳеч қандай муаммолар мавжуд эмас. Ресторанлар хизмати яхши. Ширин таомлар тановул қилиш мумкин. Меҳмонхоналар шинам. Ташриф буюриш мумкин бўлган жойлар кўп. Транспорт хизмати жуда тоза, ҳаттоки Италияга нисбатан ҳам. Кўчалар чиройли. Лекин асосий кўча фаолияти яхши тартибга солинмаган, ер ости йўли йўқ ва йўллар чуқур ўйиқларга тўла, - дейди италиялик сайёҳ

Франциядан келган меҳмонлар ҳам шуни таъкидлашди. Бундан ташқари, ҳожатхоналар камлиги муаммоси ҳам мутасадди ташкилотлар томонидан ҳал этилиши лозим, деб айтди туристлар.

Ўша ерда фаолият юритадиган Улуғбек расадхонаси музейи ходими Икромиддин Сирожиддиновнинг фикрича, туризмда халқ учун ҳам хорижлик меҳмон учун ҳам шароитлар яхши бўлиши керак. Ички туризм вакили учун шароитлар уйидан чиққандан бошлаб бошланиши керак. Яъни транспорт қатнови яхши йўлга қўйилиши лозим. Келиб тушгандан сўнг меҳмонхона масаласида умуман қийинчиликларга дуч келмаслиги керак. Баъзан эшитамиз, сайёҳлар жой муаммосига дуч келмоқда. Сайёҳлар ҳожатхона муаммосига ҳам дуч келмоқда. Ошхоналар етарли бўлиб, барча шарт-шароит етарли ва тоза, озода бўлиши керак. Самарқанддаги барча тарихий обидалар покиза сақланиши керак. Ўзимизнинг фуқароларимиз бу ерга ташриф буюрганда шевада эмас адабий тилда гаплашиши керак. Ҳорижлик сайёҳлар йўл-йўриқ сўраганда албатта билсак, уларнинг тилида жавоб беришимиз керак, шунда уларнинг қалбига йўл топамиз. Шу билан бирга хавфсизлик ва тез тиббий ёрдам масаласи ҳар бир объектда ўз вақтида йўлга қўйилиши керак деб таъкидлаб ўтдилар.

Россиядан келган сайёҳ шундай дейди: "Бу сафар ҳеч қандай салбий жиҳатларни кўрмадим. Мен фақат ижобий жиҳатларни санаб ўтмоқчиман. Менга кўпроқ нималар ёқди? Биринчидан, тозалик. Иккинчидан, ҳар сафар ташриф буюрганимда туристларни жалб қиладиган бинолар қайта таъмирдан ўтказилмоқда. Нафақат Самарқандда балки, Тошкент, Бухоро ва Хива шаҳарларида ҳам. Яна ижобий томонларидан ҳамма жойда ширин овқатлар пиширилмоқда. Ажойиб ошхоналар. Энг катта ижобий жиҳатлардан бири ҳамма жойда майсалар экилиб, шаҳар яшил либосга айлантирилмоқда. Бу сафарги таассуротларимиз ҳам ижобий. Кейинги сафар яна янги дўстларимизни олиб келамиз". 

Хулоса қилиб шуни айтишимиз мумкинки, туризм соҳаси кун сайин ватанимизда ривожланиб бормоқда. Ютуқларимиз талайгина. Лекин ютуқлар доим ўзимиз билан бирга қолади. Шу билан бирга мунтазам равишда юқоридаги камчиликларни максимал даражада камайтириб боришимиз керак. Ахир умумий мақсадимиз Ўзбекистонда туризм соҳасини ривожлантириш эмасми?!

Зафарбек Солижонов

Мавзуга оид