Жаҳон | 10:20 / 08.05.2018
20230
2 дақиқада ўқилади

Тожикистонда Ҳаж–2018 баҳоси эълон қилинди: у ўтган йилгидан бироз қиммат

Фото: Тожикистон Республикаси дин ишлари бўйича қўмитаси

Тожикистонда жорий йилда Ислом оламининг муқаддас зиёратгоҳларига ҳаж қилиш нархлари эълон қилинди. Тожикистонлик зиёратчилар учун бу йилги зиёрат баҳоси ўтган йилгидан 89 АҚШ долларига қимматроққа тушади ва 3172 доллар (33.410 сомоний)ни ташкил этади, деб ёзади news.tj.

«Нархнинг ўсишига хизмат кўрсатувчи компания ўз хизматларига белгиланган нархнинг оширганлиги сабаб бўлди», — деган «Asia plus»га Тожикистон Республикаси дин ишлари бўйича қўмитаси матбуот котиби Афшин Муқим.

Унинг сўзларига кўра, бу нарх ўз ичига икки томонлама чипта, тиббий суғурта, Макка ва Мадина шаҳарларидаги меҳмонхоналарда яшаш ва таомланиш, гид хизмати, қурбонлик қилиш учун жонлиқ баҳоси, Тожикистон белгиларига эга чамадон ва сумкаларни қамраб олади.

«Бу йил ягона либос ўрнига кийим тикиш учун 4 метр мато берилади ва у ҳам умумий сумма ичига киритилган», — деди қўмита вакили.

Кўрсатиб ўтилган суммани зиёратчилар «Ориёнбонк» ОАЖ марказий офисида ёки унинг жойлардаги филиалларида тўлашлари мумкин.

Зиёратчиларнинг илк гуруҳи «Сомон Эйр» ва «Флай нас» рейслари билан Душанбе ва Хўжанддан июнь ойи охирида Мадинага учишади.

Қўмита маълумотларига кўра, бу йили Тожикистондан 6 мингдан зиёд киши Маккаю Мадинани зиёрат қилиб келиши мўлжалланмоқда.

Эслатиб ўтамиз, аввалроқ Ўзбекистон Республикаси «Ҳаж» ва «Умра» тадбирларини ташкил этиш ва ўтказиш масалалари бўйича Жамоатчилик кенгаши томонидан Ҳаж–2018 учун сарф харажатлар энг юқори даражада кўрсатиладиган барча хизматларни эътиборга олган ҳолда 38.000.000 сўм (4700 АҚШ доллари) этиб белгилангани ҳақда хабар берган эдик.

Мавзуга оид