Ўзбекистон | 00:03 / 11.05.2018
42660
3 дақиқада ўқилади

"Tashkent City" марказидаги қабрлар тақдири ҳақида маълум қилинди

Пойтахтнинг Шайхонтоҳур туманида "Ҳокимнинг бир иш куни" лойиҳаси доирасида “Tashkent City”, “Самарқанд дарвоза”, “Сузук ота” объектлари ЎзА мухбири томонидан кўздан кечирилди. Тошкент замонавий кўринишга келтирилиб, унинг тарихий кўчалари, обидалари бузилиб кетаётгани ҳақида туман раҳбари билан суҳбат қурилди.

Фото: uza.uz

“Тарихий объектлар бузилмайди, мисол учун энг замонавий лойиҳалардан бўлган “Tashkent City”нинг қоқ марказида халқ орасида “Эшонзодалар сағанаси” номи билан машҳур бўлган қабрлар бор. Ана шу жой ҳам сақланиб қолинади. Тошкент йирик мегаполисга айланиб бораётган бўлса-да, шаҳарнинг тарихий намуналари сақланиб қолади”, - деди Баҳодир Ғойибназаров ва кунлик изчил иш режасидан чекиниб, мухбирни ана шу сағана сари етаклади.

Фото: uza.uz

Шиша ойнали замонавий кўркам бинолар қаторида икки ғиштин сағана Тошкентнинг кечаги кунини, буюк аждодларини эслатиб туради. Маълумотларга кўра, сағаналарнинг бири Хожи Аҳмад ибн Мир Али Шоший Қоратоший қабри ҳисобланади. У халқ орасида “Қора салла Эшон” тахаллуси билан машҳур бўлган. Ҳозирда “Tashkent City” яқинидаги маҳалла ва кўча номи ҳам айнан унинг номи билан “Қоратош” деб аталади.

Фото: uza.uz

Манбада таъкидланишича, “Эшонзодалар сағанаси”да 60 нафарга яқин шахс дафн қилинган. Ушбу ҳудуд 33 сотихга яқин бўлиб, унда “Сугул” масжиди ва ҳаммом бўлган. Афсуски, масжид ва ҳаммом 1986 йилда бузиб ташланган. Кейинчалик Тошкент шаҳри ҳокимининг 2007 йил 2 августдаги қарорига кўра, “Сугул” масжиди ва Эшонзодалар 4 та сағанаси номи билан Тошкент шаҳри ва Тошкент вилояти Маданий мерос объектларини муҳофаза қилиш ва улардан фойдаланиш давлат инспекциясига ўтказилган. Мутасаддилар “Олмазор” кўчаси бузилишидан олдин “Эшонзодалар сағанасини” сақлаб қолиш, маданий ёдгорлик сифатида атрофини ўраб, тартибга келтириш режасини ишлаб чиқишган. Ҳозирда сағаналарга зарар етмаслиги учун бу жой темир тўсиқлар билан ўралиб, атрофида “Tashkent City” қурилиши давом этмоқда.

Фото: uza.uz

Пойтахтнинг йирик мегаполисга айлантирилиши замон талаби, бироқ кечаги кунимизни ҳам ёддан чиқармаслик ва ўтган аждодларга ҳурматни сақлаб қолиш керак. Бизнинг келажак авлод олдидаги бурчимиз нафақат янги техно-мегаполислар қуриб бериш, балки буюк авлиё ва уламолар ёдгорлигини гард юқтирмай етказиб беришдан ҳам иборатдир. 

Мавзуга оид