Ўзбекистон | 19:20 / 13.05.2018
34738
2 дақиқада ўқилади

Мирзиёевга «Ўзбекистон Қаҳрамони» унвони бериш ҳақидаги мурожаат пайдо бўлди

Фото: Президент матбуот хизмати

Жамоавий мурожаатлар портали — Meningfikrim.uz’да Иброҳим Норов муаллифлигида «Ўзбекистон Республикаси Президенти Шавкат Миромонович Мирзиёевни олий даражадаги мукофот «Ўзбекистон Қаҳрамони» унвони билан тақдирлаш ҳақида»ги таклиф пайдо бўлди.

«Ҳурматли сенаторлар ва депутатлар! Ўзбекистон Республикаси Президентининг расмий веб-сайтидаги «Мукофотлар» рукнига кирилганида, Юртбошимиз Шавкат Миромонович Мирзиёев давлат ва бошқарув органларидаги кўп йиллик самарали меҳнати, юртимиз равнақи, халқимиз фаровонлигини юксалтириш ишига улкан ҳисса қўшгани учун «Меҳнат шуҳрати» ва «Фидокорона хизматлари учун» орденлари билан тақдирланганлигини кўришимиз мумкин. Лекин бизнинг фикримизча, ушбу инсоннинг қилган барча ҳаракатларига давлатимиз томонидан ҳали етарлича баҳо берилмаган ва ҳозирча муносиб равишда тақдирланмаган. Бизнинг ҳаётимизга ёрқин нур олиб кирган, хонадонларимизда хурсандчиликни кўпайтирган, қўшни халқлар билан муносабатларни юқори поғоналарга кўтарган, қишлоқларимиз ва шаҳарларимизни гўзал қилиб бераётган Юртбошимизни Аллоҳнинг ўзи асрасин. Халқимиз ардоғидаги Президентимиз муносиб равишда тақдирланиши керак», дейилади мурожаатда.

Мурожаат остида фикр билдирганларнинг барчаси Шавкат Мирзиёев ушбу олий мукофотга лойиқ эканлигини таъкидлашган.

Эслатиб ўтамиз, Ўзбекистоннинг Биринчи президенти Ислом Каримов ҳам ҳаётлигида «Ўзбекистон Қаҳрамони» унвони билан тақдирланган эди. Ушбу юксак мукофот билан тақдирланганлар орасида Бош вазирнинг биринчи ўринбосари Очилбой Раматов ҳам бор.

Мавзуга оид