15:30 / 14.05.2018
6271

Ҳиндистонда барча фил тишлари ҳукумат мулки сифатида тан олинди

Фото: AP / Sakchai Lalit

Ҳиндистон ҳудудида барча фил тишлари – фил суягининг асосий манбаи – ҳинд ҳукумати мулки деб ҳисобланади.

Ушбу қарор Ҳиндистон Олий суди томонидан қабул қилиниб, қарийб 20 йил давом этган низоларга чек қўйди.

«Ҳукумат бунинг [фил суяги] учун барча ҳуқуқларга эга эканлигига шубҳа йўқ», - дея судьялар баёнотини келтирган The Hindu газетаси. Тегишли қарор Олий суднинг раис Дипак Мисра бошчилигидаги коллегияси томонидан қабул қилинди.

Бу қарор фил суяги ноқонуний савдоси ва браконьерларнинг филларни ўлдиришига қарши курашаётган ҳиндистонлик ҳайвонлар ҳимоячилари томонидан қўллаб-қувватланди. Ҳиндистон фил суяги экспорти ва импортини тақиқлайди, аммо мамлакатда қора бозор ривожланган. Хартумлилар тиши ҳукуматга тегишли экани ҳақидаги қонун бундан 20 йил олдин қабул қилинган, лекин браконьерлар ва савдогарлар бу қонундаги ноаниқликдан фойдаланиб, ўлдирилган ҳайвонлардан олинган тишларни «ўлган хусусий филдан», «сув тошқинидан ўлган филдан» олинган, деб кўрсатиб келишган.

Олий суднинг қарорига биноан, барча тишлар ҳукумат мулки саналади, бунда улар табиий равишда ўлган ёки табиий офатда ёхуд бошқа фил билан жангда ҳалок бўлган филдан олингани энди аҳамиятсиз. Шунингдек, бу хусусий мулкда бўлган филлардан олинган тишга ҳам тегишли (Ҳиндистонда ҳам ибодатхона филлари, ҳам жисмоний шахсларга тегишли филлар бор – улар асосан туристик бизнесда фойдаланилади – таҳ.).

Шу билан бирга, қонун хусусий ҳайвонларнинг эгаларига тишларни ўзларида сақлаб қолишга рухсат беради, бунда мулк эгаси у бошқа шахсга сотилмаслиги ёки чет элга олиб чиқилмаслигини кафолатлаши керак.

 

Top