Жаҳон | 22:47 / 14.05.2018
10068
2 дақиқада ўқилади

Ҳиндистонда узун енгли кўйлак кийган ўқувчи қизлар имтиҳонга киритилмадилар

Ҳиндистоннинг Бихар штатидаги мактаб ходимлари узун енгли кўйлак кийган қизларни имтиҳонга киритмадилар. NDTV’нинг маълум қилишича, бундай қизларнинг имтиҳон ўтувчи жойга киришидан аввал кўйлаклари енглари ҳамманинг кўз ўнгида кесиб ташланган. Таъкидланишича, кўчирмакашликнинг олдини олиш мақсадида шундай чора қўлланган. 

Воқеа Музаффарпур округида юз берган. Ушбу ҳолат видеоси ОАВда, сўнгра интернетда пайдо бўлган ва оммавий норозиликлар ҳамда тафтиш ўтказиш чақириқларига сабаб бўлган.

Округ таълим бўлими ходимининг айтишича, имтиҳон топширувчилар узун енгли кийимлар кийиб келмаслик ҳақида олдиндан огоҳлантирилганлар. Унинг айтишича, кўрилган чора тўғри бўлган, бироқ енгларнинг ҳамманинг кўз ўнгида кесилиши муаммога сабаб бўлган.

“Кадрларга кўра, давлат мактабидаги имтиҳон маркази ходимлари номзодлар кийимлари енгини қайчи ёки писка билан кесиб олишган. Таълим бўлими воқеани тергов қилган, мактабга келгусида танлов имтиҳонлари ўтказиш тақиқлаб қўйилган”, деб айтган манба. Бундан ташқари, имтиҳонни ташкиллаштириш учун жавобгар шахс умрининг охиригача бу иш билан шуғулланиш ҳуқуқидан маҳрум этилган. 

The New Indian Express нашри маълумотларга кўра, имтиҳонга келганларнинг енглари зўравонлик қўлланган ҳолда кесиб ташланган. Бироқ таълим бўлимида таъкидланишича, қизлар бунга ўзлари рози бўлишган.

Шуҳрат Раҳимов
Тайёрлаган Шуҳрат Раҳимов
Kun.uz янгиликларини Google News'да кузатинг
+ Обуна бўлиш

Мавзуга оид