Ўзбекистон | 12:34 / 15.05.2018
4174
2 дақиқада ўқилади

Ўзбекистонда адвокатларнинг электрон реестри пайдо бўлади

Фото: Depositphotos

Ўзбекистонда адвокатларнинг электрон реестри пайдо бўлади. Бу президентнинг "Адвокатура институти самарадорлигини тубдан ошириш ва адвокатларнинг мустақиллигини кенгайтириш чора-тадбирлари тўғрисида"ги фармонида белгилаб қўйилган.

Ҳужжат билан комплекс чора-тадбирлар дастури тасдиқланди, улардан бири адвокатурага IT жорий этишни назарда тутади.

Мисол учун, адвокат мақомини олиш учун имтиҳон интернетда трансляция қилинади – бу жараённинг шаффофлигини оширади. Ҳужжатлар масофадан туриб топширилиши мумкин.

Шунингдек, адвокатларни йўналишлар бўйича (мутахассислик, жойлашув ва ҳ.к.) электрон қидирув хизматини яратиш назарда тутилган. Адвокатлар палатаси раисининг тегишли буйруғи 2018 йил сентябригача пайдо бўлиши керак.

Палатанинг веб-сайти ҳам модернизация қилинади – у ерда онлайн-маслаҳат, электрон кутубхонага кириш, «Адвокат» журналининг электрон шаклдаги нашри ва яна кўп нарсалар бўлади.

2018 йил декабригача адвокатлар ва адвокатлик тузилмаларининг ягона электрон реестрини яратишга қаратилган чора-тадбирлар режаси тайёр бўлиши керак.

Эслатиб ўтамиз, аввалроқ адвокат 2018 йил 1 июлдан бошлаб низоларни судга қадар ҳал қилиш, тарафларнинг ярашуви, шунингдек, ҳакамлик судьяси бўлиш (бунда адвокат томонлардан бирининг вакили бўлиши истисно саналади) ҳуқуқига эга бўлиши хабар берилганди.

Отабек Матназаров
Тайёрлаган Отабек Матназаров
Kun.uz янгиликларини Google News'да кузатинг
+ Обуна бўлиш

Мавзуга оид