Вазирлик рози. Ҳокимлик рози. Аммо...19 йилдан буён ҳал бўлмаётган муаммо
Сайтимизга Тошкент шаҳри Юнусобод тумани Юнусобод-1 берк кўчаси 22-уйда истиқомат қилувчи аҳоли вакиллари мурожаат қилишди. Мазкур кўп қаватли ётоқхонада бир неча йиллардан буён яшовчи фуқаролар ётоқхонага эгалик қилувчи ташкилот бинони Юнусобод тумани ҳокимлиги тасарруфига беришга қаршилик қилиб келаётгани, Вазирлар Маҳкамасининг 2017 йил 22 июндаги 413-сон қарори талабларини бажаришни асоссиз ортга сураётганини таъкидлашди.
Биз ушбу масалани ўрганиш мақсадида мурожаатчилар яшаётган ётоқхонага бордик ва фуқаролар билан учрашдик. Даставвал ҳужжатлар билан танишамиз. Унга кўра, мазкур бино собиқ Ўзбекистон Қишлоқ ва сув хўжалиги вазирлигининг “Сувлойиҳа” бирлашмаси ҳисобидаги эканини англаймиз.
Бундан ташқари, собиқ Қишлоқ ва сув хўжалиги вазирлигининг 1999 йил 25 май, 2013 йил 2 сентябрь ҳамда 2018 йил 12 мартдаги “Сувлойиҳа” давлат унитар корхонасига йўллаган мактубларида юқоридаги манзилда жойлашган бинони хусусийлаштириш ва Юнусобод туман тасарруфига ўтказишга қарши эмаслиги, барча қонунчиликда белгиланган чоралар кўрилган ҳолда ётоқхонани туман ҳокимлигига ўтказиш кўрсатилган.
Аммо, лекин, бироқ... Вазирлар Маҳкамасининг 2017 йил 22 июндаги “Ўзбекистон Республикасида давлат уй-жой фондини хусусийлаштириш тўғрисидаги низомга ўзгартириш киритиш ҳақида”ги қарори 2-бандида «идоравий ҳужжат (ордер) асосида турар жой мақомини олган ётоқхоналардаги квартираларни хусусийлаштиришга доир битимларни нотариал тасдиқлашга ҳамда Тошкент шаҳрида ва Тошкент вилоятида давлат рўйхатидан ўтказишга, квартирани сотиб олаётган жисмоний шахс бўлиш жойида ҳисобда турган тақдирда, 2018 йил 1 июлгача истисно тариқасида рухсат этилсин”, дейилганига қарамай, “Сувлойиҳа” ДУК вазирлик розилик билдирган ётоқхонани хусусийлаштиришга шошилмаяпти.
Бу борада ушбу ётоқхонанинг ярмида яшаб келаётганлар нима дейди? Шу мақсадда мурожаатчилар сўзларига қулоқ тутамиз.
“Бизларнинг айримларимиз бу ерда ушбу бино қурилиб, фойдаланишга топширилганидан буён, 40 йиллардан бери истиқомат қилиб келамиз. Ота-оналаримиз ўша вақтларда “Водпроект” бирлашмасида ишлагани сабабли шу ётоқхонадан жой беришган. 1999 йилдан буён биз ётоқхонанинг ўзимиз яшаб келаётган хонадонларни хусусийлаштириш бўйича ҳаракат қилиб келамиз. Аммо самара бўлмаяпти. Барча саъй-ҳаракатларимиз занжир бўлиб “Сувлойиҳа” ДУКка келиб тўхтаяпти. Бу ташкилот раҳбарияти эса, турли, ҳатто ётоқхона тураржой мақомига эга эмас, деган важ билан ҳам хусусийлаштиришни ортга суриб келмоқда. Бизга хусусийлаштиришга рухсат беришсин, ахир. Давлат раҳбарияти рухсат берган нарсани нима учун булар пайсалга солишади?”, - дейди Рузина опа.
Унинг сўзларига кўра, Вазирлар Маҳкамасининг янги қарори билан уларда умид учқунлари пайдо бўлган. Бироқ ётоқхонада яшаётган аҳолининг умиди “Сувлойиҳа” ДУКнинг салкам 20 йилдан бери икки қатор гап ёзиб, розилигини билдириб, имзо қўймаслиги оқибатида пучга чиқмоқда.
Савол туғилади: давлат унитар корхонаси ҳисобланмиш “Сувлойиҳа” вазирлик томонидан розилик билдирилган ва хусусийлаштириш бўйича амалий чораларни кўриш борасидаги топшириқни бажармаслик ёки пайсалга солишга қанчалик ҳақли? ДУКка ойдинлик киритиш мақсадида Ўзбекистон юридик энциклопедиясига мурожаат қиламиз.
“Давлат унитар корхонаси – ўзига бириктириб қўйилган мол-мулкка нисбатан мулкдор томонидан мулк ҳуқуқи берилмаган тижоратчи ташкилот унитар корхона ҳисобланади... У.к.нинг мол-мулки унга хўжалик юритиш ёки оператив бошқариш ҳуқуқи асосида тегишли бўлади. Д.у.к.нинг фирма номида унинг мол-мулкининг эгаси кўрсатилган бўлиши керак. У.к.ни бошқариш органи унинг раҳбари бўлиб, бу раҳбар мулкдор томонидан ёки мулкдор вакил қилган орган томонидан тайинланади ҳамда уларга ҳисоб беради”, - дейилади.
Биз “Сувлойиҳа”ДУКнинг муаммога муносабатини билиш учун директор ўринбосари Ойбек Азимов билан муаммоли ётоқхонада учрашдик.
“Бу масала билан мен ўзим шуғулланаяпман. Айни вақтда бу ётоқхонада яшаётганларнинг қай бирлари хонадонни хусусий мулк қилиб олишга ҳақли эканига доир архив ҳужжатлари ўрганилмоқда ва йиғилмоқда. Хонадонларни хусусийлаштиришнинг ўз меъёрлари бор. Биз ундан четга чиқа олмаймиз. Бундан ташқари, бинонинг иккинчи ярмини ҳам ДУК тасарруфига қайтариш бўйича амалий чораларни кўрмоқдамиз”, - дейди Ойбек Азимов.
Таъкидлаш ўринлики, О.Азимов бизга ўзи ҳам шу ётоқхонада яшовчи экани, унинг 9-хонадони ордер асосида унга 2018 йил май ойи бошида тақдим этилганини тасдиқловчи ҳужжатни кўрсатди. Шу билан бирга, мазкур хонадонда аввалроқ яшаб келган фуқаро билан келишмовчилик бўлаётгани сабабли қолган хонадонларни хусусийлаштириш ишлари ҳам ортга сурилмоқда.
Шу ўринда яна бир савол туғилади: Бир фуқаронинг асосли ёки асоссиз даъво қилишидан нима учун бошқалар, бир неча ўн йиллардан бери яшаб келаётганлар, шу ерда рўйхатдан ўтганлар азият чекиши керак? Қолаверса, ўзи интервьюда архив ҳужжатлари кўтарилади, тўплам қилинади, 10 йилдан кўп яшаган кишиларга қонун доирасида тақдим этилади, деб турса-ю, 2018 йил май ойидан бошлаб ўзи ҳам шу ерда истиқомат қилишини айтиши билан нима демоқчи бўлди, мен тушуна олмадим.
Ётоқхона типидаги уйларни хусусийлаштиришга 2018 йил 1 июлга қадар истисно тариқасида рухсат берилгани сабабли хонадонлар хусусийлаштирилмай қолса, бу муаммо яна ўз ечимини топмай қолмайдими? Ойбек Азимов бу саволга жавоб берар экан, хонадонларни хусусийлаштириш давом эттирилишини билдирди. Афсуски, қачон, деган савол ҳамон жавобсиз қолмоқда.
Бундан ташқари, маълум бўлишича, бинонинг ярми мустақилликнинг илк йилларида қайсидир ташкилотга сотилган. Айни вақтда унинг эгалари бинонинг ярмидан молиявий инструмент сифатида фойдаланишади, холос, дейишмоқда аҳоли вакиллари. Биз ётоқхонанинг бошқа ташкилотга сотилган иккинчи ярми жуда хароб ва қаровсиз аҳволда эканига гувоҳ бўлдик. Балки бинонинг мазкур қисмини ҳам қайтадан ётоқхонага айлантириш ёки тураржойга муҳтож кам таъминланган оилаларга тақдим этиш имконини мутасадди ташкилотлар ўрганиб чиқишар. Бу ерда яшовчилар ҳам 2018 йил 1 июлдан кейин ўз уйларида яшай бошлашига ишонч билдириб қоламиз.
Мавзуга оид
15:44 / 21.11.2024
Тошкентдаги International ва Lotte меҳмонхоналари хусусийлаштирилди
13:52 / 21.11.2024
Британия Ўзбекистонда давлат компанияларини хусусийлаштиришда қатнашмоқчи
11:04 / 19.11.2024
Истироҳат боғлари, сайилгоҳ ва хиёбонларни хусусийлаштириш тақиқланиши мумкин
17:10 / 18.11.2024