Коррупцияга қарши курашиш агентлиги “Ўзбекистон почтаси” АЖдаги давлат улуши ношаффоф тарзда хусусийлаштирилгани ҳақида ОАВда тарқалган хабарлардан кейин, бу борада Давлат активларини бошқариш агентлигига тақдимнома киритди.

Аксилкоррупция органининг қайд этишича, президент фармонига асосан “Ўзбекистон почтаси” АЖнинг 29,4 фоиз давлат улуши оммавий савдоларга чиқарилиши белгиланган.

Қонунчиликка кўра, давлат активларини хусусийлаштириш шаффофлик ва қонунийлик, ҳисобдорлик, тенг рақобат муҳитини таъминлаш, шунингдек коррупцияга йўл қўймаслик каби принципларга асосланиши керак. Хусусан:

  • давлат органлари хусусийлаштирилаётган давлат мулки ҳақидаги маълумотлардан эркин фойдаланиш имкониятини яратиши шарт (“Давлат мулкини хусусийлаштириш тўғрисида”ги қонун, 6-модда);
  • Давлат активларини бошқариш агентлиги давлат улуши 50 фоиз ва ундан ортиқ бўлган корхоналар рўйхатини Очиқ маълумотлар порталига жойлаштириши ва ҳар чоракда янгилаб бориши лозим (6247-сонли президент фармони 4-банди);
  • давлат мулки объектлари тўғрисидаги ахборотларни порталга жойлаштирмасдан савдога чиқаришга йўл қўйилмайди (Вазирлар Маҳкамасининг 2023 йил 28 октябрдаги 572-сон қарори).

“Юқоридагиларга мувофиқ, ўрганиш якунлари бўйича Давлат активларини бошқариш агентлигига давлат активларини реализация қилинишида амалдаги қонунчилик талаблари, хусусан, хусусийлаштириш жараёнларида очиқлик ва шаффофлик принципларига қатъий риоя этилишини таъминлаш юзасидан тақдимнома киритилди”, – дейилади Коррупцияга қарши курашиш агентлиги баёнотида.

UzPost билан нималар бўляпти?