Ўзбекистон | 15:09 / 21.05.2018
68023
2 дақиқада ўқилади

Янги ҳайдовчилик гувоҳномалари ҳудудларда 1 июндан берилади

2018 йил 1 июндан Давлат хизматлари кўрсатиш марказлари томонидан кўрсатиладиган давлат хизматлари турлари яна 31тага кўпаяди.

Ҳозирги кунда ҳайдовчилик гувоҳномаларининг янги намуналарини бериш ёки алмаштириш бўйича давлат хизматларини кўрсатиш фақатгина Тошкент шаҳрининг Миробод, Юнусобод, Учтепа, Шайхонтоҳур туманлари ва Наманган шаҳар Давлат хизматлари марказларида жорий этилган, деб хабар бермоқда ЎзА Адлия вазирлиги ҳузуридаги Давлат хизматлари агентлиги Жамоатчилик ва оммавий ахборот воситалари билан алоқалар бўлимига асосан.

2018 йил 1 июндан эътиборан Нукус, Андижон, Термиз, Когон, Зарафшон, Шаҳрисабз, Қўқон шаҳарлари, Дўстлик, Пастдарғом, Сирдарё, Чирчиқ ва Хонқа туманлари Давлат хизматлари марказларида ҳам ушбу турдаги давлат хизматларини кўрсатиш жорий этилиши белгиланган.

Янги гувоҳномалар тўғридан-тўғри алоқасиз маълумотлар алмашинуви учун электрон белги (NFC), махсус ҳимояга эга. Унда жисмоний шахснинг шахсий идентификация рақами, юридик шахслар учун - солиқ тўловчининг идентификация рақами сақланади.

Кутилишича, 2019 йил 1 январдан 2020 йил 31 декабргача гувоҳномаларни алмаштириш мажбурий ҳисобланади. Янги намунадаги ҳайдовчилик гувоҳномаси 10 йил муддатга берилади.

Эслатиб ўтамиз, аввалроқ энди жисмоний шахс – солиқ тўловчи солиқ ва бошқа тўловлардан қарзи йўқлиги (борлиги) ҳақида маълумотномани; жисмоний шахслар СТИРни Давлат хизматлари кўрсатиш марказларидан олиши мумкин экани хабар қилинганди. 

Отабек Матназаров
Тайёрлаган Отабек Матназаров
Kun.uz янгиликларини Google News'да кузатинг
+ Обуна бўлиш

Мавзуга оид