19:20 / 22.05.2018
33769

Суд Диана Еникеева иши бўйича чиқарилган ҳукмни ўзгаришсиз қолдирди

Фото: Самарқанд вилояти суди

Бугун, 22 май куни Жиноят ишлари бўйича Самарқанд вилояти Каттақўрғон туман судининг ўқитувчи Диана Яникеева ўлими ҳолати бўйича 2018 йил 1 майда чиқарилган ҳукмидан норози бўлиб, судланувчи Акром Элмуродов ва унинг ҳимоячиси томонидан апелляция тартибида келтирган шикояти асосида жиноят иши жиноят ишлари бўйича Самарқанд вилоят судининг апелляция инстанциясида кўриб чиқилди. Бу ҳақда Жиноят ишлари бўйича Самарқанд вилоят судининг Facebook тармоғидаги расмий саҳифасида хабар берилган.

1 майдаги ҳукмга асосан судланувчи Акромжон Бозорович Элмуродов Ўзбекистон Республикаси ЖКнинг 266-моддаси 2-қисми билан айбли деб топилиб, унга 3 йил муддатга транспорт воситаларини бошқариш ҳуқуқидан маҳрум қилган ҳолда, 6 йил муддатга озодликдан маҳрум қилиш жазоси тайинланган. Судланувчи А.Элмуродовдан жабрланувчи А.Еникеев фойдасига 19,8 млн сўм моддий ҳамда 25 млн сўм маънавий зарар ундирилиши белгиланганди.

Суд мажлисида судланувчи ва унинг ҳимоячиси тайинланган жазони енгиллаштириб, уни қамоқдан озод қилишни ва моддий ҳамда маънавий зарар ҳажмини камайтиришни сўрашди, ўз навбатида прокурор ва жабрланувчи А.Еникеев суд ҳукмини ўзгаришсиз қолдиришни сўрашди.

Суд ҳайъати, тарафларнинг фикрларини тинглаб, шикоятдаги важларни жиноят иши материаллари асосида атрофлича ўрганиб чиқиб, судланувчи ва унинг ҳимоячисининг важлари суд ҳукмини ўзгартириш ёки бекор қилишга асос бўлаолмаслиги сабабли, суд ҳукмини ўзгаришсиз, апелляция шикоятини қаноатлантирмасдан қолдирди.

Суд ҳукми 2018 йил 22 май куни қонуний кучга кирди.

Top