Қўшимча функционаллар
-
Тунги кўриниш
Қизилқумдаги инновациялар: туман учун фойдали бўлса, мамлакат учун фойдали бўлади
Бухоро вилоятига самолёт иллюминаторидан қарасангиз, кўплаб километрга ёйилган жонсиз чўл-у даштликларга гувоҳ бўласиз. Бироқ, бу фақат биринчи қарашдаги манзарадир. Аслида эса, қумликлар орасида ҳаёт гуркираяпти. Бу ерларда табиат ресурсларини ривожлантириш, улардан оқилона фойдаланиш орқали табиатни асраш ва қайта тиклаш, маҳаллий аҳолининг турмуш даражасини оширишга эришиш борасидаги салоҳият ва имкониятлар ниҳоятда каттадир.
16-17 май кунлари БМТ Ўзбекистондаги доимий вакили Ҳелена Фрейзер ҳамда БМТ Тараққиёт дастурининг мамлакатдаги ваколатхонасининг Барқарор ривожланиш кластери ходимлари лойиҳанинг ҳудудлардаги ҳамкорлари билан биргаликда Бухоро вилоятининг Қоракўл туманига сафар уюштириб, жойларда БМТТД/GEJ ва Ўзбекистон Республикаси Давергеодезкадастрнинг «Ўзбекистоннинг тоғли, ярим чўл ва чўл ландшафтларидаги суғорилмайдиган қурғоқчил ерларни рақобатли эксплуатация қилиниши натижасида табиий ресурслардан фойдаланиш босимини камайтириш» лойиҳаси фаолияти натижалари билан танишишди.
Қишлоқдаги энг сердаромад оилавий тадбиркорлик турларидан бири иссиқхона хўжалигини юритишдир
Қоракўл тумани Чекирчи қишлоғида истиқомат қилувчи Замиранинг уч нафар фарзанди – иккита ўғли ва битта қизи бор. Турмуш ўртоғининг бевақт вафотидан сўнг унинг оиласи мушкул молиявий аҳволда қолиб кетди. Замира маҳаллий бозорда майда-чуйда сотиш билан шуғуллана бошлади.
Замиранинг қишлоқдошлари ўз томорқаларида асосан ем-хашак экинлари, сабзавотларни етиштиришади, токзор ва боғларини парваришлашади. Бироқ, ернинг шўрланганлиги ва сув танқислиги боис улар оладиган даромад катта эмас.
БМТТД мутахассислари Қоракўл тумани аҳолиси ўз томорқа ерларидан фойдаланишини атрофлича таҳлил қилиб, кейинчаликда томорқа ерлардан янада унумлироқ, самаралироқ фойдаланишни таъминлаш мақсадида баъзи хўжаликлардаги чорваларнинг сонини камайтириб, чорвачиликдан муқобил оилавий тадбиркорлик билан шуғулланишга ўтиш ва шу орқали оила даромадини оширишга чақириш асносида таклиф ва тавсияларини ишлаб чиқди.
Замирага тегишли бўлган томорқа ернинг бир сотих майдонида БМТТД ёрдамида иссиқхона барпо этилиб, мазкур иссиқхонадан савзавот, турли кўкатлар, цитрус меваларини етиштириш орқали барқарор даромад олиш йўлларини намойиш этиш учун фойдаланилади. Иссиқхонада помидор ва кўкат экилган экан. Иссиқхонани иситиш, уруғ ва кўчатлар, ўсимлик касалликларига қарши кураш ва бошқа воситаларни харид қилишга Замиранинг оиласи 700 минг сўм сарфлаган. Биринчи кўкат ва турли вақтда етиладиган помидор ҳосилини сотиш эвазига 300 минг сўм даромад олинган. Кўкат ва помидор ҳосилдорлиги ёмон эмас, экинлар ўз вақтида суғорилиб парваришланади. Замира ва унинг оиласи келаси йилда помидор ва бодрингнинг янада ҳосилдорроқ навларини экишни режалаштирган. Шуни айтиш жоизки, ушбу иссиқхона туфайли Замиранинг катта ўғли иш билан таъминланган.
Лойиҳа яқин кунларда Ғайбуллаева Замиранинг иссиқхонасидан намуна сифатида фойдаланган ҳолда иссиқхоналарда илғор технологияларни қўллаш ҳамда иссиқхоналарнинг унумдорлигини ошириш бўйича амалий семинар машғулотларини ўтказишни режалаштирган.
Чўл ва қурғоқчил яйловлар яқинида яшовчи аҳолининг томорқаларида кичик иссиқхоналарни қуриб, чорвачилик фаолиятини қисман камайтириш орқали ишсиз юрган ёшлар ва нафақахўрларни доимий иш билан таъминлаш ва қўшимча даромад манбаини яратиш учун мустаҳкам замин яратиш мумкин.
Лойиҳа фаолияти натижалари билан танишув бежизга Замира Ғайбуллаеванинг иссиқхонасига амалга оширилган ташрифдан бошланмади. У анчадан бери (турмуш ўртоғи вафот этганидан бери) мустақил равишда ўзининг деҳқон хўжалиги, унинг бир сотих майдонида жойлашган иссиқхонани юритиб келмоқда. Замиранинг оиласидаги дарди, ғам-ғуссаси уни анча ожизлантиргандек туюлса-да, унинг иродасини, ўз фарзандлари учун хўжалигини юритишни давом эттиришга бўлган интилишини синдиролмаган. БМТТД ёрдамида қурилган оилавий иссиқхона оиланинг бюджети ва фаровонлигини яхшилашга мустаҳкам заминдир. Замиранинг уйига ташриф буюрган меҳмонлар унинг иссиқхонаси, иссиқхонада етиштирилаётган помидор, бодринг, қалампир ва бошқа мева-сабзавот ва кўкатларни кўриб, ушбу маҳсулотлар маҳаллий бозорда сотилиши ҳамда хўжаликнинг ўзида истеъмол қилиниши ҳақида маълумот олишди. Суҳбат давомида уй эгаси меҳмонларга ўзининг деҳқончилигида етиштирилган помидорларини тортиқ қилди, меҳмонларга помидорларнинг таъми жуда манзур бўлди.
«Лойиҳа ёрдамида қурилган иссиқхонада маҳсулот етиштириб, ундан тушган даромадни оилам эҳтиёжларига, уйимнинг ремонти, фарзандларимнинг ўқишига ишлатаман» – дейди З. Ғайбуллаева.
Дастурхонингиздаги сифатли ва мазали балиқ, жажжи соғлом балиқчалардан бошланади
2017 йилда Бухоро вилоятининг Қоракўл туманида лойиҳа томонидан кўрсатилган ёрдам туфайли «Озодбек Ҳусниддин балиқчи» номли кичик репродуктив балиқчилик хўжалиги йўлга қўйилди. Ушбу хўжалик шу номдаги масъулияти чекланган жамият асосида ташкил топди. Мазкур хўжалик юқори технологияларга асосланган бўлиб, у уруғдан чиққан овланадиган балиқ материалини ишлаб чиқаришга ихтисослашган. Унда карп – барчага таниш бўлган сазан, зоғорабалиқ етиштирилади. Ушбу репродуктив балиқчилик хўжалигини яратишдан мақсад маҳаллий балиқчи фермерларни зоғорабалиқ оиласига мансуб балиқ материали билан таъминлашдан иборат.
«Илгари туманда балиқ материалини етиштирувчи хўжалик мавжуд эмас эди. Шу сабабли балиқчи фермерлар бошқа вилоятлар, асосан Тошкент вилоятидаги балиқчилик хўжаликларидан балиқ материалини сотиб олишга мажбур бўлиб келган. Уруғдан чиққан балиқчаларни узоқлардан олиб келишнинг ўзи кўп харажат талаб қилади, бу эса, ўз навбатида, балиқ материали таннархининг ошишига сабаб бўлиб якуний маҳсулот – сотиладиган балиқнинг нархи ошишига олиб келади. Бундан ташқари, узоқлардан олиб келинадиган ёш балиқнинг маълум қисми йўлда ўлиб қоларди» – деб таъкидлади лойиҳанинг балиқчиликни ривожлантириш бўйича миллий маслаҳатчиси Абдулла Қурбонов.
«Озодбек Ҳусниддин балиқчи» репродуктив балиқчилик хўжалигида янги, замонавий мини-бассейнларни ўзлаштириш йўлга қўйилган, бу эса, ўз навбатида, кутилганидек, ишлаб чиқаришни, унумдорликни оширишга ёрдам беради. Мазкур хўжалик ўзининг ишлаб чиқаришини йилига 30 минг донадан 50 минг донагача ошириб кейинчалик туманнинг бошқа балиқчилик хўжаликларига етказиб беришни режалаштирган. Хўжалик балансида қишлоқ хўжалиги ерлари мавжуд бўлиб, уларда ҳозир пахта етиштирилади, бу эса, маълумки, кўп сув харажатини талаб қиладиган агротехника ёрдамида амалга оширилади. Қоракўл туманидаги сув танқислиги ва қурғоқчил шароитларда бундай ишлаб чиқариш ниҳоятда серхаражат бўлиб кетади. Ушбу ерлар пахтачиликдан бўшатилиб балиқчилик хўжалигига мослаштирилса, мазкур хўжаликнинг сув бассейнини бир неча карра кенгайтириб, ишлаб чиқариладиган ёш балиқ миқдорини оширишга ва кейинчаликда тайёр балиқни ички бозорлар ва вилоят аҳолисининг дастурхонларига етказиб бериш имконини яратарди.
Жўжа кузда эмас, баҳорда саналди. Чўл ва яйловларга сармоя киритиб нимага эришиш мумкин?
Қоракўл туманининг катта қисмини Қизилқум чўли эгаллайди. Маҳаллий аҳолининг асосий қисми каби Севара Тўраеванинг оиласи азалдан қоракўлчилик ва чорвачилик билан шуғулланиб келган. Бу жойларда яшайдиган аҳолининг асосий даромад манбаини айнан чорвачилик ташкил этади.
Кенг, бепоён чўл ва яйлов ҳудудларидан ўзбошимча ва текин фойдаланиб мол ва қўйларни ўтлатиш бу жойларда оддий ҳолдир. Аҳоли яйлов ва ўтлоқлардан фойдаланишда ҳеч қандай режа ёки оқилона бошқарув қоидаларига риоя қилмайдилар. Натижада эса, ҳаддан ташқари катта яйлов майдонлари таназзулга учраб биологик хилма-хилликка катта зарар етказилмоқда.
Тумандаги кўплаб оилалар каби Севаранинг оиласи ҳам хўжалигида бир нечта тухум қиладиган товуқ сақларди. Паррандадан олинадиган тухумнинг бир қисми истеъмол қилинган бўлса қолган қисми жўжа чиқариш учун сақланган. Севаранинг оиласида парранда бизнесини бошлаш ғояси пайдо бўлган вақтларда тумандаги хўжаликлар сақлаётган парранда гўштини оилада истеъмол қилиб ортиб қолган озгина гўштни маҳаллий бозорда сотишдан у ёғига ўтмасди. Бундай ҳолатда маблағ йиғиб даромадни, ишлаб чиқариш ҳажмини ошириш анча қийин бўлган. Қандайдир янгилик, янги ечим, фойда олиб келадиган бир соҳага сармоя тикиш талаб қилинарди. Бир куни, оила доирасида йиғилиб чойлашиб ўтирилган бир пайтда бройлер жўжаларини етиштириш фермасини яратиш ғояси туғилди. Бундай маҳсулот доимо талабдор бўлган, уни ишлаб чиқариш эса ниҳоятда катта фойда олиб келади. Шундай қилиб, 2015 йилда бройлер жўжаларини етиштирувчи «Сабина-Севара» номли оилавий паррандачилик хўжалиги ташкил этилиб, дастлаб ундаги жўжалар сони 500 та бўлган. Ҳозирда Севаранинг оилавий фермер хўжалиги балансида 1 гектар яйлов ерлари бор бўлиб, у 360 м2 майдонни эгалловчи парранда сақлаш учун махсус жиҳозланган хона ва бошқа барча зарур воситалар билан таъминланган. Замонавий ускуна ва жиҳозлар (жўжани боқиш, суғоришга мослаштирилган махсус идишлар, вентиляция тизими, жўжа сўйилганидан кейинги ишлов бериш, тозалаш учун махсус жиҳозлар ва ҳ.) БМТТД лойиҳаси доирасида 4881 АҚШ доллари эвазига харид қилинган.
Парранда фермасининг замонавий жиҳозланиши туфайли Севаранинг фермер хўжалигида унумдорлик ва ишлаб чиқариш салоҳияти анча ошди. У жўжалар сонини 5 мингтагача кўпайтириб (дастлаб 500-600 жўжа бўлган), яъни маҳсулотни ишлаб чиқариш ҳажмини 10 баробарга ошириб, даромадини (ёки кўрадиган фойдасини) 50-60 миллион сўмга оширишга муваффақ бўлди. Хўжаликда учта доимий иш ўрни ва тегишли иш шароитлари яратилган.
Сув ҳаёт манбаи. Ҳар бир томчи муҳимдир!
Меҳмонлар лойиҳанинг энг асосий объекти, охирги ютуғи томон йўл олар экан, чўлга қараб бурилиб «Чуқур ётоқ» деган бир жойга, яъни чўлдаги суғориш жойига кириб келдилар. Ушбу жойда лойиҳа доирасида эски қудуқ қайта қурилиб, кўп ўн йиллар давомида маҳаллий чўпонларни, уларнинг қўйларини сув билан таъминлаб келган сув манбаи жонлантирилган. Меҳмонлар лойиҳа томонидан бажарилган ишлар натижалари, хусусан мазкур қудуқни капитал таъмирлаш ва фойдаланишга қайтариш бўйича олиб борилган ишлар натижаси билан танишиб, эндиликда шу қудуқ маҳалли чорвачилик фермерлари ҳамда кўчиб юрувчи чўпонларнинг подаларини сув билан таъминлаётганлиги ҳақида маълумот олдилар. «Чуқур ётоқ»да меҳмонларни маҳаллий бош чўпон Аҳад Маҳадов кутиб олди ва уларга ўзининг хўжалиги ҳақида сўзлаб берди. У меҳмонларга қудуқдан сувни тортиб чиқаришга ёрдам берадиган дизель насосини ишлатиб намойиш қилди ва бундай натижага эришиш учун қандай ишлар амалга оширилгани тўғрисида гапириб берди.
Ихчам, ўз-ўзини қондирувчи чорвачилик мажмуаси чўл шароитида барқарор хўжалик юритишнинг янгича, инновацион моделидир
Қудуқни кўриб бўлгач меҳмонлар мазкур ташрифнинг энг асосий тадбири, яъни чўлда жойлашган чорвачилик мажмуасининг тантанали очилиш маросимига таклиф этилдилар. Бу ерда меҳмонлар сафига Тошкентдан атайлаб ташриф буюрган Давергеодезкадастр раиси Абдуллаев Абдушукур Ҳамидович қўшилгач, уларни «Қоракўл» корхонасининг раҳбари ва маҳаллий ҳамкорлар кутиб олди. Мўътабар меҳмонларнинг қутлов нутқларидан кейин мазкур мажмуанинг тантанали очилиш маросими ўтказилиб, унда рамзий қизил тасма кесилди ҳамда янги чўпон уйининг калити маҳаллий чўпон оиласи бошлиғи Ислом Олтиевга топширилди. Чўпон уйи мажмуанинг бир қисми бўлиб, барча замонавий қулайликларга эга бўлган шинам уч хонали хонадондан иборат. Кейин меҳмонлар мажмуанинг бошқа объектларини кўришга таклиф этилди.
Ушбу ихчам чорвачилик мажмуаси ниҳоятда бир ноёб иморат бўлиб у бир вақтнинг ўзида 750 дан ошиқ қўй ва қорамол сақлаш ва парваришлаш имконини беради. Шунингдек, мазкур мажмуа чорвачилик ферма вазифасини ҳам ўтишга қодир бўлиб, унда чорвани бутун йил давомида сақлаш ва парваришлаш учун барча шароитлар, қулайликлар яратилган. Қолаверса, мажмуа кўчиб юрадиган қўй тўдалари ва чўпонлар учун тўхташ жой вазифасини ҳам ўташи мумкин.
Мавзуга оид
21:35 / 18.02.2026
«Қизилқум U19» футбол клуби бош мураббийи пора олаётганда ушланди
10:17 / 19.05.2024
Орзудаги уй — қишда иссиқ, ёзда салқин. Бунга қандай эришиш мумкин?
10:44 / 10.05.2024
Марказий Қизилқум табиат боғида илк бор сақоқушлар галаси қайд этилди
13:20 / 16.04.2024