13:22 / 01.06.2018
13443

Божхоначилар 15 кг.га яқин героиннинг йўлини тўсишди​

Давлат божхона қўмитаси ва Давлат хавфсизлик хизмати ходимлари томонидан Ўзбекистонда наркотик моддаларнинг давлат чегаралари орқали ноқонуний айланишига қарши қаратилган тезкор тадбирлар мунтазам давом эттирилмоқда.

 “Бекобод” темир йўл чегара божхона постида Ўзбекистон орқали транзит тарзида ўтаётган юк поезди вагонлардан бирининг остки қисмидаги темир қутиларда​ 14 кг. 920 гр. оғирликдаги героин гиёҳвандлик воситаси яширилгани ​маълум бўлди. Бу ҳақда Давлат божхона қўмитаси Ахборот хизмати​ Kun.uz'га маълум қилди. 

Фото: Давлат божхона қўмитаси Ахборот хизмати​
Фото: Давлат божхона қўмитаси Ахборот хизмати​

Бу турдаги жиноятлар учун қатъий чоралар белгилангани боис, сўнгги пайтларда жавобгарликдан қочиш мақсадида, гиёҳванд моддаларни Ўзбекистон ҳудудидан транзит тарзида ўтувчи поезд вагонларига яшириб, гўёки эгасиз тарзда ўтказиш ҳолатлари кўзга ташланмоқда. Аммо, бу каби ҳолатлар ўз вақтида фош этилмоқда.

Хусусан, божхона ва давлат хавфсизлик хизмати органлари ходимлари ҳамкорликда 2018 йилнинг 31 май куни “Бекобод” темир йўл чегара божхона постида қўшни давлатдан республикамиз орқали транзит тарзида ўтаётган юк поезди белгиланган тартибда божхона кўригидан ўтказишганида, вагонлардан бирининг остки қисмида кўз илғамас бўшлиқларга жойлаштирилган темир қутилар ходимларнинг диққатини тортди. ​

Кучли магнит воситаси кўмагида вагон остига маҳкамланган ушбу темир қутилар белгиланган тартибда ва холислар иштирокида очиб кўрилганида, уларнинг ичига полиэтилен ўрамларда 14 кг. 920 гр. оғирликдаги героин гиёҳвандлик воситаси яширилгани фош бўлди.

Фото: Давлат божхона қўмитаси Ахборот хизмати​

Мазкур ҳолат юзасидан божхона органлари томонидан Жиноят кодексининг 246-моддаси 2-қисми билан жиноят иши қўзғатилди.

Top