Ўзбекистон | 15:59 / 15.02.2022
23340
2 дақиқада ўқилади

Ўзбекистон орқали салкам 230 кг героин олиб ўтишга уриниш тўхтатилди

Тошкент вилояти Бекобод туманидаги “Ойбек” чегара-божхона постида йирик миқдордаги героинни яширин равишда Ўзбекистон ҳудудига олиб киришга бўлган уриниш фош қилинди. Юк машинаси Тожикистондан Россияга йўл олганди.

Фото: KUN.UZ

Йирик миқдордаги героинни божхона назоратидан яшириб олиб ўтишга уриниш 2022 йил 13 февраль куни содир бўлган. Тошкент вилояти божхона бошқармасига қарашли “Ойбек” чегара-божхона постида Тожикистондан Россияга қараб йўл олган, ҳужжатларда 21 тонна 649 кг пахта толаси ортилган юк машинаси кўздан кечирилади. Махсус қурилма кўрсатган тасвирлар божхоначиларда шубҳа уйғотади ва юк машинаси чуқурлаштирилган ҳолда божхона кўригидан ўтказилади.

Транспорт воситаси хавфсизлик нуқтаи назаридан “Янгийўл” божхона пости тасарруфидаги божхона омборига келтирилиб, унга ортилган 107 та пахта тойлари тиркамадан туширилади.

“Юк туширилгач, тиркаманинг шубҳали туюлаётган олд қисмини яқиндан синчиклаб кузатиш имкони пайдо бўлди. Ўрганишлар тиркаманинг олд қисмидаги яширин бўлмалар борлигини кўрсатди. Ушбу бўлмалар очилганда, у ерга гиёҳвандлик воситалари яширилгани фош қилинди.

Гиёҳвандлик воситаларини қабул қилиб олувчи шахсларга қулай бўлиши учун ўрамлар турли ранглардаги скотчларда, турли усулларда ўралган. Ва ҳар қайси ўрам нечталиги ҳақида хуфия яшикларга ёзиб қўйилган. Ўрамларнинг умумий сони 232 дона бўлиб, экспертиза хулосаси уларда героин борлигини тасдиқлади. Тўхтатиб қолинган героиннинг соф оғирлиги 229 кг 719 граммни ташкил қилмоқда”, дейди Давлат божхона қўмитаси матбуот хизмати бошлиғи вазифасини бажарувчиси Ҳусан Тангриев.

Давлат божхона қўмитаси ахборот хизматига кўра, бугунги кунда 230 кг героиннинг Европа “қора бозорлари”даги нархи ўртача 12-14 млн долларни ташкил қилади.

Мавзуга оид