Ўзбекистон | 23:54 / 02.06.2018
6829
3 дақиқада ўқилади

Ўзбекистон бўйлаб “Тарғибот автокарвони” кўргазмали тадбири ўтказилди

1 июнь – Халқаро болаларни ҳимоя қилиш куни муносабати билан Ўзбекистон бўйлаб “Тарғибот автокарвони” ташкил этилди.

Жумладан, Қашқадарё вилояти ИИБ ЙҲХБ томонидан вилоятнинг Қарши ва Шаҳрисабз шаҳарларида ўтказилган ана шундай тадбирлар кўтаринки руҳда бўлиб ўтди. Хусусан, Шаҳрисабз шаҳрида ўтказилган “Тарғибот автокарвони” кўргазмали воситалар ва турли шиорлар битилган ёзувлар билан шаҳарнинг марказий кўчаларини айланди, болалар гавжум жойларда бўлди. Шаҳрисабз шаҳри ИИБ ЙҲХБ бошлиғи, летейнант Санжар Умаров томонидан болалар ва ўсмирларга йўл ҳаракати хавфсизлиги қоидалари бўйича тушунтириш берилди, уларга йўлда пиёдаларнинг ҳаракатланиш қоидалари кўрсатиб ўтилган йўриқномалар тақдим этилди.

- “Тарғибот автокарвони”миз “Юзда юрма-юзга кир” шиори остида ҳаракатланди. Тадбирдан кўзланган асосий мақсад пиёдалар, айниқса, болалар ва ўсмирлар томонидан содир этилаётган қоидабузарликлар, улар иштирокидаги йўл-транспорт ҳодисаларининг олдини олиш, ҳаракат хавфсизлигини таъминлаш масалаларига кенг жамоатчиликни жалб этишдир, - деди С.Умаров.  

Фото: Қашқадарё вилояти ИИБ ЙҲХБ матбуот хизмати
Фото: Қашқадарё вилояти ИИБ ЙҲХБ матбуот хизмати

 

Фото: Қашқадарё вилояти ИИБ ЙҲХБ матбуот хизмати
Фото: Қашқадарё вилояти ИИБ ЙҲХБ матбуот хизмати

Шунингдек, Фарғона вилояти ИИБ ЙҲХБ томонидан ҳам вилоят миқёсида “Тарғибот автокарвони” ташкил этилди. Истироҳат боғлари, байрам тадбирлари ўтказилаётган масканларда байрам муносабати билан ташриф буюрган болаларга йўл транспорт ҳодисаларининг оғир оқибатлари кўргазмали воситалар орқали тушунтириб ўтилди. Ўтказилган тадбирда болаларга йўл ҳаракати қоидалари қизиқарли тарзда тушунтирилиб, турли савол-жавоблар қилинди. Унда иштирок этган болаларга байрам совғалари тарқатилди. 

Фото: Фарғона вилояти ИИБ ЙҲХБ матбуот хизмати
Фото: Фарғона вилояти ИИБ ЙҲХБ матбуот хизмати

 

Фото: Фарғона вилояти ИИБ ЙҲХБ матбуот хизмати

Худди ана шундай «Тарғибот автокарвони» Самарқанд вилоятида ҳам ўтказилди. Маълумотларга кўра, вилоятда олиб борилган тарғибот-ташвиқот ишлари натижасида болалар иштирокида содир бўлган йўл-транспорт ҳодисаларининг сони аввалги йилнинг шу даврига нисбатан 10 тага камайишига эришилган. Самарқанд вилояти ИИБ ЙҲХБ матбуот гуруҳининг маълум қилишича, вилоятда ўтган «Тарғибот автокарвони»да нафақат йўл ҳаракати хавфсизлиги ходимлари, балки халқ таълими, соғлиқни сақлаш каби қатор ташкилот ва идораларнинг мутахассислари ҳам иштирок этишган.

Фото: Самарқанд вилояти ИИБ ЙҲХБ матбуот хизмати
Фото: Самарқанд вилояти ИИБ ЙҲХБ матбуот хизмати

 

Kun.uz янгиликларини Google News'да кузатинг
+ Обуна бўлиш