14:07 / 05.06.2018
12235

ШҲТ саммитида Норов номзоди бош котиби лавозимига тасдиқланиши мумкин 

Фото: uzdaily

9-10 июнь кунлари Хитойнинг Циндао шаҳрида бўлиб ўтадиган Шанхай ҳамкорлик ташкилоти (ШҲТ) саммитида Ўзбекистондан Владимир Норов номзодлиги ташкилотнинг янги бош котиби сифатида тасдиқланиши кутилмоқда.  
 
Саммит биринчи марта Ҳиндистон ва Покистон вакилларининг янги аъзо давлатлар сифатидаги иштирокида ўтказилади. Бу ҳақда Россия президенти ёрдамчиси Юрий Ушаков журналистлар учун 4 июнь куни бўлиб ўтган брифингда маълум қилди, деб ёзмоқда РБК.

Саммитда, Ушаковнинг сўзларига кўра, ШҲТнинг янги бош котиби тасдиқланиши режалаштирилган. Ҳозир бу лавозимни Тожикистон вакили Рашид Алимов эгаллаб турибди. Етакчилар Ўзбекистон вакили Владимир Норовни бош котиб лавозимига тайинлаш тўғрисида келишиб олишлари кутилмоқда. Унинг номзодлиги 24 апрель куни бўлиб ўтган музокараларда ШҲТга аъзо давлатлар ташқи ишлар вазирлари томонидан мувофиқлаштирилди. Агар тасдиқланган бўлса, у Шанхай ҳамкорлик ташкилоти котибиятини 2019 йилнинг 1 январидан бошлаб 2021 йил 31 декабригача бошқаради.

Норовнинг ўзи янги лавозимга номзод қилиб кўрсатилгани ҳақида изоҳ бермаяпти. «Бу ҳақида гапиришнинг ҳозирча вақти эмас», - деди у Kun.uz мухбирига.

Ҳозирда Владимир Норов Ўзбекистон Республикаси президенти ҳузуридаги Стратегик ва минтақалараро тадқиқотлар институти директори лавозимини эгаллаб турибди.

Top