08:07 / 06.06.2018
20957

Санъаткорларнинг тўйларда фақат шартнома асосида хизмат қилиши таклиф этилмоқда

Фото: myday.uz

Mening fikrim веб-порталида тўй ва маросимларда хонандалар хизматларини тартибга солиш ҳақида мурожаат пайдо бўлди.

«Тўй ва маросимларда санъаткорларнинг хизмат ҳақлари жуда қиммат. Бу хизмат ҳақлари ҳеч қаерда кўрсатилмайди ва бу даромадлар солиққа тортилмайди. Уларга солиқлардан берилган имтиёзларни бекор қилиб қатъий даромад солиғини жорий этиш вақти келди. Шунда адолатли бўларди», - дейилади мурожаатда.

Қайд этилишича, тўй ва маросимларда хонандалар хизматларини тартибга солиш, шу турдаги хизматларни қонуний асосини ишлаб чиқиш керак. Бунинг учун ҳар бир тўй ва маросимга қонуний шартнома тузилган тақдирда қатнашиши зарур. Мазкур шартномада хизмат ҳаққи, истеъмолчи ва санъаткорнинг ҳуқуқ ва мажбуриятлари, тўй-маросим вақти, манзили кўрсатилиши лозим. 

«Санъаткорларнинг шартнома асосида хизмат кўрсатиши Тўй-ҳашамлар, оилавий тантаналар, маърака ва маросимлар, марҳумларнинг хотирасига бағишланган тадбирларни мувофиқлаштирувчи ҳудудий комиссиялар (“Ўзбекконцерт”, Солиқ инспекцияси, “Маҳалла”, Ўзбекистон ёшлар иттифоқи) томонидан назорат қилиниши лозим. Бозор иқтисодиёти талабларидан келиб чиқиб, санъаткорларнинг хизмат нархларини назорат қилиш имконсиз. Аммо уларнинг олаётган даромадларидан солиқ олиниши мақсадга мувофиқ. Зеро ногиронлиги бор шахслар ҳам, “Ўзбекистон Қаҳрамони” унвони соҳиблари ҳам, кам даромадли шахслар ҳам солиқлардан озод этилмаган», - дейилади мурожаат матнида.

Мурожаатда Солиқ кодексига тегишли ўзгартишлар киритиш ва санъаткорлар учун тўй-маросимларда фақат шартнома асосида хизмат қилиш тартиби жорий этилиши таклиф қилинган.

Top