Light | 16:17 / 07.06.2018
37827
11 дақиқада ўқилади

Ҳаётни яхшилик сари ўзгартириш ва ҳар бир кундан лаззатланишнинг 3 усули

Фото: Pixabay

1-усул. Ўзингизни англанг

Ёдда тутинг: ҳаёт бу – йўл, бўлишингиз олдиндан белгилаб қўйилган пункт эмас.

Сийқаси чиққан, бироқ долзарб фикр. Тўлақонли ҳаёт кечириш – ҳар бир кунни ҳис этиш, янги нарсаларни ўрганиш, бир нарса йўлида қолганларини қурбон қилмаслик. Бошланишида сиз ўйлагандек бўлмаса, тушкунликка тушманг. Бу нормал ҳолат.

Ўзингиз ва атрофдагиларга нисбатан ҳақгўй бўлинг

Ёлғон қувватни “сўриб олади” ва одамни бахтсиз қилади. Тасаввур қилиб кўринг-а, алдаётган вақтингизда кутилмаганда оғзингиздан чиқиб кетмаслиги учун қанча нарсани эсда тутиш керак. Бу ерда ҳеч қандай бахт бўлиши мумкин эмас. Бундан ташқари, агар ўзингизга нисбатан ҳақгўй бўлмасангиз, ривожлана олмайсиз. Атрофдагиларни алдасангиз, муносабатларда ишонч ва яқинлик йўқолади.

Одамлар турли сабаблар туфайли ёлғон гапиришади. Кўролмаслик, хафа қилиб қўймаслик, ошкора бўлишдан қўрқиш ёки можаро юзага келишидан хавфсираш кабилар шулар жумласидан. Ростгўй бўлиш мураккаб, бироқ айнан шу йўл билан тўлақонли ҳаёт кечириш мумкин.

Ўзингизни қабул қилишни ўрганинг

Кўпинча ўтмишдаги муваффақиятсизликларни эсга олиб, ўзимиздаги салбий жиҳатлар ҳақида ўйлашга жуда кўп вақт сарфлаймиз. Қайси хислатимиз ёқмаслиги, уни қандай қилиб ўзгартириш ҳақида ўйлаб, бошқа инсонга айланишимиз керак деб ҳисоблаймиз. Ҳаётни бу каби ўтмишдаги ўйларга сарфлаш – ҳозирги кунни ҳис этмаслик ва келажакдаги янги нарсаларга “ёпиқ” бўлишни англатади. Ўзингизни борингизча севишдек онгли қарорни қабул қилинг. Хотиралар ва салбий фикрларнинг оғир юкидан халос бўлинг.

Қадриятларингизни аниқланг

Қадриятлар белгилаб олингач, қарши чиқиш имконсиз бўлган ҳаётий мақсадларни аниқлаш осонроқ бўлади. Ўз фикрларингизга содиқ бўлинг ва ўзгалар йўлингиздан адаштиришига йўл қўйманг. Ахир шахсий тамойилларга мувофиқ яшаш доимий равишда ўзгаларнинг маслаҳатларига амал қилишдан кўра ёқимлироқ.

Ўзингизни танқид қилишни бас қилинг

Ўз-ўзини танқид қилиш ривожланишга ёрдам беради деган фикр мавжуд. Бироқ

ўтказилган тадқиқотларга кўра, бу ёндашув одам ва унинг атрофдагилар билан муносабатларига салбий таъсир кўрсатади. Ўзингизга қанчалик қаттиққўл бўлсангиз, атрофдагиларнинг ҳам сизга айнан шундай муносабатда бўлишлари эҳтимоли катта. Инсон қадр-қимматини камситиш уни яхшироқ бўлиши ва мақсадларга эришишида ёрдам бермайди. Ўзингизга ижобий муносабатда бўлинг.

Салбий фикрларни ижобийларига алмаштиринг. Масалан, “Мен омадсизман” ўрнига ўзингизга “Ҳаммаси режадагидек бўлмади. Бироқ нима учун шундай бўлганлигига ойдинлик киритаман ва келажакда бундай хатоларга йўл қўймайман. Мен истаган нарсамга бошқа усул билан эришиш йўлини топаман” деб айтинг.

Шахсий танқидни мантиқий жиҳатдан таҳлил қилинг. “Мен аҳмоқман, гуруҳдаги барча мендан ақлли” ўрнига бундай деб ўйлашга объектив асослар бор-йўқлигини ўйлаб кўринг. Балки машғулотларга яхши тайёрланмаётгандирсиз. Балки ҳаммасига ақл эмас, дангасалик сабабчидир. Фикрларни шу тахлит ўйлаш орқали сиз ўзингизни камситмаган ҳолда қандай қадамларни амалга оширишни тушунасиз.

Мослашувчан бўлинг

Ҳаёт ўзгаришларга лиқ тўла. Бу сизга ёқмаса-да, янги нарсаларга очиқ бўлинг ва ўзгаришларга мослашишни ўрганинг. Уларни янги тажрибага эга бўлиш имконияти сифатида қабул қилинг. Бундай ижобий мулоҳаза мослашувчанликни ривожлантиришга ёрдам беради.

“Apple”дан кетиш – мен билан содир бўлган яхши воқеалардан. Муваффақиятнинг оғир юки фаолиятини энди бошлаётган, ишончи камроқ тадбиркорнинг “ташвишсизлиги”га айланди. Ҳаётимнинг энг серҳосил даврига қадам қўйиш учун озод бўлдим.

Стив Джобс, америкалик тадбиркор, “Apple” ижрочи директори

Доимо “форма”да бўлинг

Танангиз ҳақида ғамхўрлик қилиш – тўлақонли ҳаёт йўлидаги яна бир қадам. У сизда бор-йўғи битта, унинг соғлом эканига ишонч хосил қилишингиз муҳим. Тананинг бирор қисми оғриб турса, тўлақонли ҳаёт билан яшаш мураккаб.

Тўғри овқатланинг. Иложи борича кўпроқ мева, сабзавот, мураккаб углеводларни истеъмол қилинг. Таркибида қанд миқдори кўп бўлган маҳсулотлардан чекланишга ҳаракат қилинг, бироқ вақти-вақти билан ўзингизни пирог бўлаги билан сийланг.

Спорт билан шуғулланинг. Доимий равишда бажарилган жисмоний машқлар ўзингизни соғлом ва бахтли ҳис этишга ёрдам беради.

Ўзингизни мажбурлашни бас қилинг

Одамлар кўпинча ўзларини қадрият ва истакларига мос келмайдиган ишларни бажаришга мажбурлашади. Мажбурлаш тушкунлик, ҳафсаланинг пир бўлиши ва ғазаб туйғуларини уйғотади. Агар ундан халос бўлинса, тўлақонли ҳаёт билан яшаш осонлашади.

Ўй-хаёлларингиз орасида “мен мажбурман” пайдо бўлиши билан нима учун ана шундай фикрда эканингизни ўйлаб кўринг. Бу шифокор маслаҳати ёки бошқа одамнинг гўзалликни ўзгача тушуниши билан боғлиқ бўлиши мумкин. Биринчи ҳолатда ўзгариш ҳақиқатан ҳам керак, иккинчи ҳолатда эса ҳатто хавфли бўлиши ҳам мумкин. Ўзгалар талаб қилган нарсаларни эмас, ўзингиз учун муҳим бўлганларини амалга оширинг.

Фото: Pixabay

2-усул. Ўз йўлингизда давом этинг

Қулайлик зонасини тарк этинг

Ўзингиз учун одатий бўлмаган ҳаракатларни қанчалик кўп бажарсангиз, натижадорлигингиз шунчалик ортади. Ўз олдингизга мураккаброқ вазифаларни қўйсангиз, янги нарсаларга тезроқ мослашасиз ва ҳаёт мураккабликларини сокинлик билан қабул қиласиз. Қулайлик зонасидан чиқиш мослашувчан бўлишга ёрдам беради. Бу муҳим эканига юқорида ойдинлик киритдик.

Кичик нарсалардан бошланг. Ўзингиз билмаган муассасага бориб кўринг. Кутилмаган саёҳатга отланинг ва аввал шуғулланмаган ишингизни бажариб кўринг.

Реалист бўлинг

Кўникма ва қобилиятларингиздан келиб чиқиб мақсадлар қўйинг. Ўзгалар билан мусобақа ўйнаш учун эмас, ўзингиз учун муҳим нарсаларга интилинг.

Баъзи нарсалар сиз кутмаганингиздек бўлишига тайёр бўлинг

Тўлақонли ҳаёт билан яшаётган одам таваккалчиликка йўл қўяди. У натижаларга эга бўлган қарорлар қабул қилади. Баъзида улар кутилганидек бўлмаслиги мумкин. Ҳаётни олдиндан башорат қилиб бўлмаслигини тушуниш ва унга сокинлик билан муносабатда бўлиш муҳим. Барча нарсага тайёр бўлиш кўникмаси бир қадам олдинда бўлиш ва ҳодисаларнинг турли вариантларини олдиндан ҳисоблаб кўриш имкониятини беради.

Ўқиб-ўрганиш имкониятини изланг

Бир жойда ўтирманг ва ҳаёт бир маромда ўтиб кетишига йўл қўйманг. Фаол бўлинг, янги нарсаларни ўрганинг, мияни ишлашга мажбурланг. Олинган тажриба ва ўзгалар тажрибасини таҳлил қилинг. Бу мураккаб вазиятларда хотиржам бўлиш  ва олдинга ишонч билан ҳаракат қилишга ёрдам беради. 

Миннатдор бўлишни билинг

Миннатдорлик бу оддий туйғу эмас, ҳаёт тарзидир. Ўтмиш зарбаларига оғриқ сифатида эмас, қимматли тажриба сифатида қараб, улар учун миннатдор бўлинса, ўтмиш зарбаларини енгишга ёрдам беради. У яқинлар билан муносабатларни мустаҳкамлайди, уларсиз эса тўлақонли ҳаёт кечириш ўта мураккаб.

Қариндош, дўст ва бошқа муҳим одамларга улар мавжуд эканидан нақадар хурсандлигингизни айтинг. Миннатдорчилик билан бўлишинг, уни ифода этишдан қўрқманг ва ҳаётингиз завқ ва мувозанатга тўлади.

Ҳар бир онни қадрланг ва ёмон нарсаларга диққатингизни қаратманг. Кундалик ҳаёт гўзалликларига ҳам ижобий баҳо беринг. Кичик нарсалар учун ҳам миннатдор бўлинг: қуёшнинг чиройли ботиши, яхши об-ҳаво ва мазали қаҳва.

Кичик нарсалардаги ёқимли жиҳатларни кўпроқ сезсангиз, ҳаёт янада яхшиланади.

Кундалик юритинг

Ўтган воқеларни ёзиб қўйиш билан чекланмасдан, уларни таҳлил қилинг. Сиз қандай муносабатда бўлдингиз, нима учун содир бўлди, ўшанда ва ҳозир нимани ҳис қиляпсиз, бундай вазият такрорланса, қандай йўл тутган бўлардингиз ва ҳ.к. Буларнинг бари ҳаёт яхши кетаётгани, яна нималар устида ишлаш кераклигини кўрсатади.

Табассум қилинг

Табассум – энг яхши дори. У зўриқиш гормони даражасини пасайтириб, кайфиятни кўтаради. Бундан ташқари у юқумли. Сиз кулсангиз, у бошқаларга юқади. Бу ҳиссий ва ижтимоий алоқаларни яратишнинг энг оддий усули.

Моддий нарсалар ортидан қувманг

Нарсалар кўплигидан бахтлироқ бўлиб қолмайсиз. Харидларни шошилинчда амалга оширманг. Шопинг ёрдамида зўриқишдан халос бўлишга интилманг. Керакли нарсаларнигина сотиб олинг.

Фойдали бўлмаган буюмлар тўпланиб қолган бўлса, уларни хайрия сифатида тақдим этинг. Ўзингизга ёқмаган нарсалардан халос бўлинг ва моддий қадриятлардан озод бўлган ҳаётда яшанг.

Фото: Pixabay

3-усул. Мулоқот қилинг

Атрофингизни кўздан кечиринг

Одам атрофдагиларнинг туйғуларини шамоллаш каби юқтириб олади. Агар кунингизни бахтиёр кишилар билан ўтказсангиз, ўзингизни яхшироқ ҳис этасиз. Агар ҳаётдан нолийдиганлар билан мулоқот қилсангиз, бу сизнинг кайфиятингизга ҳам таъсир ўтказади. Фақат салбий. Шунинг учун зарарли одамларга вақт кетказмаслик муҳим.

Эҳтиёжларингизни муҳокама қилинг

Фикрларингиз ва эҳтиёжларингизни ишонч билан ифода этинг. Бироқ ёдингизда бўлсин, атрофдагиларда ҳам айтилиши керак бўлган истаклар мавжуд. Очиқ ва ҳақгўй бўлинг, одамларни айблаб, муҳокама қилманг.

Ўзингиз ва атрофдагиларни кечиринг

Қийин, бироқ қалб учун фойдали. Кечирсангиз, зўриқишдан халос бўласиз, йиғилиб қолган салбий ҳиссиётларни “қўйиб юборасиз” ва енгилликни ҳис этасиз. Одамларнинг хулқ-атворига қарамай, уларни кечиришни ўрганинг. Бу қалбдаги яраларнинг битишига ёрдам беради.

Одамларни борлигича қабул қилинг

Сизга ўхшамаган одам билан мулоқот қилиш мураккаб бўлади. Бироқ уни ўзингизга мослаштиришга ҳаракат қилманг. Ёдингизда бўлсин, ҳар бир одам - бетакрор шахс бўлиб, сизга ниманидир ўргатиши мумкин. Ҳар қандай жамоада ҳам мулойим бўлинг. Ўзгалар билан вақт ўтказишдан завқ олинг. Атрофдагилар сизга қандай муносабатда бўлишларини истасангиз, уларга ҳам айнан шундай бўлинг.

Мавзуга оид