16:51 / 09.06.2018
16226

Нарендра Моди Шавкат Мирзиёевга миннатдорлик билдирди

Президент Шавкат Мирзиёев ШҲТнинг Циндао саммити доирасида Ҳиндистон Республикаси бош вазири Нарендра Моди билан учрашди. Бу ҳақда давлат раҳбари матбуот хизмати хабар бермоқда.

Фото: Президент матбуот хизмати

Давлат раҳбари Ҳиндистон халқини Шанхай ҳамкорлик ташкилотига тўла аъзо бўлгани, ШҲТ давлат раҳбарлари учрашувида янги мақомда қатнашаётгани муносабати билан табриклади.  

Шавкат Мирзиёев мазкур учрашув аввал эришилган келишувлар ижросини муҳокама қилиш ва ҳамкорликнинг истиқболларини белгилаб олиш учун яхши имконият эканини таъкидлади.  

Нарендра Моди Ўзбекистон Ҳиндистоннинг ШҲТга аъзоликка қабул қилинишини қўллаб-қувватлагани учун самимий миннатдорлик билдирди. Бу Ўзбекистон билан ҳамкорликни ҳам ўзаро, ҳам минтақавий миқёсда ривожлантириш учун янги имкониятлар очишини қайд этди. 
 
Учрашувда Ўзбекистон билан Ҳиндистон ўртасидаги савдо-иқтисодий, молиявий, инвестициявий, инновация ва гуманитар соҳалардаги ҳамкорликни янада кенгайтириш масалалари муҳокама қилинди. Ахборот технологиялари, тиббиёт, фармацевтика, туризм каби йўналишларда истиқболли лойиҳаларни амалга ошириш имкониятлари кўриб чиқилди.  

Фото: Президент матбуот хизмати

Шунингдек, халқаро сиёсат ва минтақавий ҳамкорликнинг долзарб масалалари юзасидан фикр алмашилди. 

Икки давлат ўзаро манфаатли ҳамкорликни янада ривожлантиришга тайёр эканлиги қайд этилди.

Эслатиб ўтамиз, аввалроқ Шавкат Мирзиёев Россия Федерацияси президенти Владимир Путин билан учрашгани хабар қилинганди.

Top