Жаҳон | 01:13 / 10.06.2018
5702
2 дақиқада ўқилади

Флоридада арзимаган сабаб туфайли қурол сотиб олувчи шахслар текширилмаган

Фото: Vocativ

АҚШнинг Флорида штатида фуқароларнинг судланганликлари ва тиббий тарихлари текширилмай туриб бир йилдан кўпроқ вақт давомида қурол сотилган. Бу эса Қишлоқ хўжалиги ва истеъмолчилик товарлари департаменти ходимаси миллий маълумотлар базасида қайд қилина олмагани сабабли юз берган. Бу ҳақда Tampa Bay Times нашри маълум қилди. 

Департамент маълумотлар базасидан фуқароларнинг жиноий ўтмиши ва руҳий соғломлигини текшириш учун фойдаланган. Таъкидланишича, қурол сотиб олувчилар 2016 йил февралидан 2017 йил мартигача текширилмаган. Бу ҳақда илк бор департаментда текширув ўтказилгандан кейин 2018 йил 9 июнда маълум бўлган.

Ҳисоботда айтилишича, ходима тизимда бир йилдан кўпроқ вақт қайд қилина олмаган ва бу ҳақда ҳеч кимга маълум қилмаган. Унинг тан олишича, “буни қилиши керак бўлган, бироқ янглишган”. Маълум қилинишича, департамент бир йилдан кўпроқ вақт ичида текширилмаган ҳолда қурол сотиб олишга минглаб аризаларни маъқуллаган.  

Таъкидланишича, шу воқеадан кейин ходима ишидан бўшатиб юборилган ва ҳар бир ариза синчковлик билан текшириб чиқилган.

Шуҳрат Раҳимов
Тайёрлаган Шуҳрат Раҳимов
Kun.uz янгиликларини Google News'да кузатинг
+ Обуна бўлиш

Мавзуга оид