Жамият | 23:01 / 13.06.2018
4644
3 дақиқада ўқилади

Бош прокуратурада бизнес субъектлари вакиллари билан учрашув ўтказилди

Фото: Бош прократура қошидаги Медиа марказ

Жорий йилнинг 11 июнь куни Бош прокуратурада Қорақалпоғистон Республикаси, вилоятлар ва Тошкент шаҳар прокурорларининг тадбиркорлик ва инвестицияларни ҳуқуқий ҳимоя қилиш йўналишидаги ўринбосарлари малакасини ошириш юзасидан ўтказилаётган ўқув курси доирасида тадбиркорлик субъектлари билан учрашув ўтказилди.

Ушбу учрашувда йирик, ўрта ва кичик бизнес субъектлари вакиллари республикамизда тадбиркорлик фаолиятини кенг йўлга қўйиш механизмларини ҳаётга тадбиқ этиш ҳақида фикр ва мулоҳазаларни билдиришди.

Шунингдек, уларни қизиқтираётган саволлар юзасидан Бош прокуратура малакали мутахассислари томонидан тушунтиришлар берилди.

Учрашув давомида вилоят прокурорларининг ўринбосарлари ўз ҳудудларида тадбиркорлик фаолиятини йўлга қўйиш учун яратилган имкониятлар ҳақида тўхталиб ўтишди. Учрашувда 2 та йирик ҳамда 5 та ўрта ва кичик бизнес вакиллари иштирок этди.

- Йиғилишда бизнес муҳитини яхшилаш, жамоатчилик назорати, солиқ ва божхона сиёсати ҳақида ҳамда бошқа кўплаб масалаларда суҳбатлашдик, - дейди Корзинка.uz асосчиси ва раҳбари Зафар Ҳошимов. - Ҳуқуқ ҳимоячилари бизни катта эътибор билан тинглашди, қизиқарли саволлар беришди ва уларнинг жавобини қизғин муҳокама қилишди.    

Маълумот ўрнида: Бош прокуратуранинг тадбиркорлик ва инвестицияларни ҳуқуқий ҳимоя қилиш бошқармаси Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2018 йил 15 февралдаги “Прокуратура органларининг қабул қилинаётган норматив-ҳуқуқий ҳужжатлар ижросини таъминлашдаги фаолияти самарадорлигини ошириш бўйича қўшимча чора-тадбирлар тўғрисида”ги Фармони билан ташкил этилган.

Янги ташкил этилган бошқармага:

  • тадбиркорлик субъектлари ва инвесторларнинг ҳуқуқлари ва қонуний манфаатларини ишончли ҳимоя қилиш;
  • хўжалик юритувчи субъектлар фаолиятига ноқонуний аралашув ва тўсқинлик қилиш ҳолатларига нисбатан қатъий муносабат билдириш;
  • инвестиция ва ишбилармонлик муҳитини янада яхшилаш, тадбиркорликка ғовлар ва сунъий тўсиқларни олиб ташлаш, рухсат бериш тартиб-таомилларини қисқартириш юзасидан таклифлар ишлаб чиқиш;
  • турли лойиҳалар бўйича танлов ва тендер савдоларининг адолатли ўтказилишини мониторинг қилиш каби вазифалар юклатилган.
Kun.uz янгиликларини Google News'да кузатинг
+ Обуна бўлиш

Мавзуга оид