Ўзбекистон | 15:34 / 13.06.2018
14248
3 дақиқада ўқилади

Ёшлар энди бепул тўгаракларда касб ўрганиши мумкин

Ёшларнинг турли соҳадаги саводхонлигини оширишга кўмаклашиш, касб-ҳунарга ўргатиш, жамиятда ўз ўринларини топишига кўмаклашиш Республика Ёшлар марказининг асосий мақсадларидан биридир.

Ўзбекистоннинг турли ҳудудларидаги ёшлар ушбу марказлардаги чет тили (инглиз, рус, корейс) курслари, ижодий йўналишлар, касб-ҳунарга ўргатиш каби 54 хилдаги тўгаракларга бепул қатнашиши мумкин. Ташкил этилган ҳар бир гуруҳда 20 нафар ёшлар бўлиб, дарс машғулотлари малакали ҳамда савияси юқори бўлган тўгарак раҳбарлари томонидан олиб борилади.

Фото: Республика Ёшлар маркази

Республика ёшларининг талаб ва истакларидан келиб чиқиб ташкил этилган тўгаракларда 170 минг нафардан ортиқ ёшлар дарсларга қатнашиб келмоқда. Мазкур тўгараклар ўндан ортиқ Меҳрибонлик уйларида ҳам ташкил этилган.

Фото: Республика Ёшлар маркази

Тўгаракларга қатнашишни истаган 10 ёшдан 35 ёшгача бўлганлар ўзи истиқомат қилаётган ҳудуддаги «Ёшлар маркази»даги тўгаракларга аъзо бўлиши ҳамда мутлақо бепул тарзда илм, касб-ҳунар ўрганишлари ҳамда спорт билан шуғулланишлари мумкин. Жисмоний имконияти чекланган ёшлар учун ҳудудий бўлинмаларда сайёр тўгараклар ҳам ташкил этилган. Тўгаракдаги дарс машғулотлари ҳар куни 9:00 дан 18:00 гача давом этади.

Фото: Республика Ёшлар маркази

Республика ёшлар маркази иқтидорли болаларни аниқлаш, уларнинг истеъдоди ва маҳоратини намоён қилишлари учун имконият яратиш, маънавий савиясини юксалтириш, санъат ва гўзалликка бўлган интилишларини кучайтириш, миллий санъат анъаналари ва йўналишларини сақлаб қолиш ҳамда ривожлантириш мақсадида Республика ёшлар маркази ҳудудий бўлинмаларида ташкил этилган «Тасвирий санъат» тўгараклари аъзолари ўртасида «Юртим ёшлари ҳаёти» номли Республика кўрик танлови ташкил этилди. Кўрик-танловнинг туман (шаҳар), вилоятларида ўз ижодий намуналари билан ғолиб бўлган 28 нафар ёш рассомлар 2018 йил 18 июнда «Ёшлар ижод саройи»да финал босқичида иштирок этишади.

Фото: Республика Ёшлар маркази

Республика босқичи ғолибларига биринчи ўрин учун планшет, иккинчи ўрин учун тасвирий санъат анжомлари, учинчи ўрин учун санъат асари ҳамда қимматбаҳо совғалар тақдим этилади. Шу билан бирга сертификат билан ҳам тақдирланади. Уларнинг ижодий фаолияти доимий қўллаб-қувватланади ҳамда энг яхши ижодий ишларнинг кўргазмалари ташкил этилади.

Республика ёшлар маркази расмий сайти: uzrym.uz

Ишонч телефони: (+99899) 863-41-07.

Мавзуга оид