08:24 / 14.06.2018
24124

Трамп: «Мен Россия тарафдори эмасман» 

Фото: REUTERS

АҚШ президенти Дональд Трамп Россия етакчиси Владимир Путин билан бир столда ўтирганида, ундан нимани сўраши мумкин эканини айтди. Бу ҳақда у Fox News’га берган интервьюсида маълум қилган, журналист Аарон Рупар ундан бир парчани твиттерда жойлаштирди.

Телеканал журналисти Америка президентидан Россия иштирокидаги «Катта саккизлик» шаклини қайтариш ҳақидаги сўзларига изоҳ беришни сўради.

Трампнинг таъкидлашича, бу фойдали бўларди, сабаби «Катта саккизлик» саммити қатнашчилари Россияни муҳокама қилишга ўз вақтларининг тўртдан бир қисмини сарфлашди.

«Мен Россия учун эмасман. Мен АҚШ учунман. Бироқ, агарда, масалан, Путин мен билан ўшанда, Канадада бир столда ўтирганида (G7 саммити вақтида - таҳ.), мен шундай деган бўлардим: «Бир иш қилмайсизми? Суриядан чиқиб кетасизми? Украинадан чиқиб кетасизми? У ерда сизларнинг бўлишингиз керак эмас», - деди Трамп.

Шунингдек, АҚШ президентининг хабар қилишича, Путин билан яхши муносабатларни ўрнатишига ишончи комил. Трампнинг хулоса қилишича, агарда Россия президенти саммитда бўлганида, ундан бутун дунё учун фойдали бўлган нарсаларни қилиш ҳақида сўраш имконияти пайдо бўларди.

Эслатиб ўтамиз, аввалроқ АҚШ-КХДР саммити Россия ва Хитой ташвишига сабаб бўлгани хабар қилинганди

Top