Жаҳон | 22:32 / 07.07.2026
911
2 дақиқада ўқилади

АҚШ 100 йил ичида биринчи марта думалоқ бўлмаган танга чиқаради

Бир унция оғирликдаги «Озодлик жоми» олтин тангаси - АҚШ энг янги тарихидаги биринчи думалоқ бўлмаган танга ҳисобланади.

Фото: usmint.gov

Америка Қўшма Штатлари зарбхонаси 16 июль куни Америка ташкил этилганининг 250 йиллиги муносабати билан олтин ва кумушдан Озодлик жоми шаклидаги танга ва медални чиқаради. Бу ҳақда вазирлик сайтидаги хабарда айтилади.

Зарбхона аллақачон 1 унция ва ярим унция (15,55 г) олтин тангалар ва 1 унция кумуш медални чиқарган. Ҳар бир маҳсулотнинг адади мамлакат учун муҳим воқеа йилини акс эттиради - 2026 дона.

«Бир унция оғирликдаги «Озодлик жоми» олтин тангаси - АҚШ энг янги тарихидаги биринчи думалоқ бўлмаган танга. «Озодлик жоми» узоқ вақт давомида кўплаб америкаликлар учун эркинлик рамзи бўлиб хизмат қилган, аммо ҳеч бир рамз АҚШ туғилишига олиб келган суверенитет учун инқилобий кураш каби муҳим аҳамиятга эга бўлмаган», дейилади зарбхона сайтида.

Олд томонида дарз кетган Озодлик жоми ва LIBERTY («Озодлик») ёзуви тасвирланган. Тангага «1776 ~ 2026» саналари ва «IN GOD WE TRUST» («Биз Худога ишонамиз») ёзуви туширилган. Орқа томонда байрам мушакбозлиги фонида Озодлик жомининг асл жойи бўлган Independence Hall (Мустақиллик зали) тасвирланган.

Сардор Юсупов
Тайёрлаган Сардор Юсупов
Kun.uz янгиликларини Google News'да кузатинг
+ Обуна бўлиш

Мавзуга оид