00:57 / 18.06.2018
5233

Рожер Федерер 98-унвонини қўлга киритди

Фото: EPA-EFE/SEBASTIEN NOGIER

Швейцариялик теннисчи Рожер Федерер Штутгартда ўтган мусобақада ғолиб бўлди. Финалда Федерер канадалик Милош Раонич билан тўқнаш келиб, уни 6:4, 7:6 ҳисобида мағлуб этган.

Ушбу унвон 36 ёшли Федерернинг фаолиятидаги 98- ва жорий мавсумдаги учинчи унвони бўлди.

Федерер жорий февралда 2012 йилдан бери илк бор теннисчилар уюшмаси рейтингининг энг юқори поғонасини эгаллаган ва АТР тарихида бунга эришган энг ёши катта (36 ёш 6 ойлик) теннисчи бўлди. Теннисчи жорий мавсумда умумий ҳисобда рейтингга 7 ҳафта бошчилик қилди. Федерер рейтингнинг 1-ўрнини илк бор 2004 йилда эгаллаган ва унда умумий ҳисобда 309 ҳафта (237 ҳафта кетма-кет) қолган.

Федерер “Катта дубулға” сериясига кирувчи мусобақаларнинг 20 карра ғолиби ҳисобланади. Теннисчи Уимблдон мусобақасини 8 марта ютган тарихидаги илк теннисчи бўлиб, унинг ҳисобида 2008 йилги Олимпиаданинг жуфтликдаги олтин медали ва 2012 йилги Олимпиаданинг кумуш медали бор.   

Top