Ўзбекистон | 15:47 / 18.06.2018
9381
5 дақиқада ўқилади

«Ўзагрокимёҳимоя» бўлинмаларининг фермерлар олдидаги қарзи 587 млрд сўмгача кўпайди

Фото: KUN.UZ

Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг 2018 йил 28 февралдаги «Қишлоқ хўжалигида бозор механизмларини кенг жорий этиш чора-тадбирлари тўғрисида»ги 149-сонли қарори ижросини таъминлаш мақсадида Давлат молиявий назорати бош бошқармаси томонидан олиб борилаётган назорат ишлари юзасидан қуйидагилар маълум қилинди.

Молия вазирлиги томонидан бугунги кунда давлат эҳтиёжларига пахта хом-ашёсини етиштиришни молиялаштириш учун 3,6 трлн. сўм ва ғалла ҳосилини етиштиришни молиялаштириш учун 1,2 трлн. сўм, жами 4,8 трлн. сўм миқдорида имтиёзли кредит ресурсларини «Агробанк» депозитига жойлаштирилди.

Шунингдек, Қишлоқ хўжалигини давлат томонидан қўллаб-қувватлаш жамғармасида юзага келиши мумкин бўлган маблағлар тақчиллигининг олдини олиш учун 400 млрд. сўм фоизсиз бюджет ссудаси ажратилди.

Ушбу маблағлар ҳисобидан фермерлар томонидан пахта хом-ашёси учун 3,2 трлн. сўм, бошоқли дон учун 1,1 трлн. сўм сарфланиб, фермер хўжаликларининг ҳисоб рақамларида пахта хом-ашёси етиштириш учун 383 млрд. сўм ва бошоқли дон учун 101 млрд. сўм маблағлар мавжуд.

Давлат эҳтиёжлари учун пахта ва бошоқли дон етиштирувчи фермер хўжаликларининг харажатларини камайтириш, етиштирилган ҳосилдан олинадиган даромадларини кўпайтириш бўйича қуйидаги тизимли чора-тадбирлар амалга оширилмоқда:

1. Жамғарманинг 150 млрд. сўм ресурс маблағлари йиллик 5 фоиз ставка билан «Агробанк» депозитига жойлаштирилиб, давлат харидлари ҳажмидан ортиқча бошоқли дон етиштирувчи фермер хўжаликларига 77 млрд. сўм кредитлар ажратилди.

2. Агробанкка жойлаштирилган Жамғарма ресурслари учун фоиз тўлови миқдорини 1 фоиздан 0,5 фоизгача камайтириш эвазига Агробанк томонидан фермерларга ғалла учун ажратилган кредитлар фоизи 22 фоиздан 14 фоизгача камайтирилди.

Шунингдек, фермер хўжаликларига кўрсатилаётган банк хизмати учун «ойлик абонент» ва кредитларни расмийлаштиришда олинадиган хизмат ҳақи тўловлари бекор қилинди. Ушбу чора-тадбирлар натижасида 116 млрд.сўм фермерларнинг ихтиёрида қўшимча равишда қоладиган бўлди. 

3. Фермер хўжаликларига 2018 йил пахта ва ғалла ҳосили учун ажратилган имтиёзли кредитлар ҳисобидан таъминотчи корхоналар томонидан эски йиллардаги қарздорликлари учун ушлаб қолинган 147 млрд. сўм фермер хўжаликлари фойдасига тўлиқ қайта тикланди.

4. Фермер хўжаликларига қулайлик яратиш мақсадида тўловларни масофадан алоқа воситалари орқали онлайн тарзида ”Агробанк мобайл бизнес” мобил иловаси орқали амалга ошириш имкониятини берувчи махсус дастури ишлаб чиқилиб, жорий этилди. Ҳозирги кунда қарийб 20 мингдан ортиқ фермер хўжаликлари банкларга келмасдан, ушбу мобил дастур орқали тўловларни амалга оширмоқда.

Ажратилган имтиёзли кредитлардан фойдаланишда мақсадсиз харажатларга ҳамда таъминотчи корхоналар томонидан олдиндан тўлаб берилган маблағлар учун моддий техника ресурсларини етказиб беришда сусткашликка йўл қўйилмоқда.

1. Олдинги йилларда маблағлар тақчиллиги сабабли фермер хўжаликларининг кредиторлик қарзлари доимий равишда ўсиб борган бўлса, молиялаштиришнинг янги механизми жорий этилгандан кейин аксинча, хизмат кўрсатувчи ташкилотларнинг фермерлар олдидаги қарзининг ўсиб бориши кузатилмоқда.

Жумладан, «Ўзагрокимёҳимоя» АЖ ҳудудий бўлинмаларининг фермерлар олдидаги қарзлари жорий йилнинг 1 мартидаги 336 млрд. сўмдан, 1 май ҳолатига 587 млрд. сўмгача кўпайди. Шу даврда «Ўзнефтмаҳсулот» АЖ филиалларининг фермерлар олдидаги қарзлари эса 190 млрд. сўмга кўпайиб, 337 млрд. сўмни ташкил этди.

2. Шу билан бирга, «Ўзагрокимёҳимоя»нинг қуйи филиалларида минерал ўғитларни асоссиз ҳисобдан чиқариш ва ўзлаштириш ҳолатларига йўл қўйилмоқда.

Мисол учун, Андижон вилояти Бўз тумани филиалида ер ижара шартномалари бекор қилиниб, ерлари захирага олинган 8 та фермер хўжаликларига 185 млн. сўмлик 941 тонна минерал ўғитлар чиқим ҳужжатларини сохталаштириш йўли билан харажатга чиқарилган (материаллар прокуратурага берилган).

Хоразм вилоятида 149 та фермерларга 770 млн. сўмлик минерал ўғитлар ҳеч қандай ҳужжатлар расмийлаштирилмасдан берилган бўлса, Сурхондарё ва Қашқадарё вилоятларида олдиндан тўловсиз бериб юбориш ҳолатлари аниқланди.

3. Қашқадарё вилоятида 120 та фермер хўжаликларига 253 тонна минерал ўғитларни 15 млн. сўм қиммат нархда, Жиззах вилоятининг Ш.Рашидов туманида 29 та фермер хўжаликларига 11 тонна карбомид ўғити 1 тоннасини 1130 минг сўм ўрнига 1462 минг сўмдан ёки 332 минг сўм қиммат нархларда сотилган.

4. Туман ҳокимлари томонидан тасдиқланган экинларни жойлаштириш режасига ўзгартиришлар киритилиши ва ер ижара шартномаси бекор қилиш давом этаётганлиги сабабли фермер хўжаликларига шартнома бекор қилинган кунгача бошоқли дон учун ажратилган 54 млрд.сўм имтиёзли кредит маблағлари қайтмасдан қолган. 

Назорат тадбирлари давомида 35 млрд. сўмлик имтиёзли кредитлар янги ер эгалари бўлган фермер хўжаликларига қайта расмийлаштирилди ҳамда қолган 19 млрд. сўм имтиёзли кредитларни қайта расмийлаштириш ва маблағларни қайтариш бўйича ишлар давом этмоқда.

Мавзуга оид