Жамият | 16:55 / 19.06.2018
30234
3 дақиқада ўқилади

13 соат тиғ остида... Фарғоналик аёл оғир синовдан ўтди

Синовлари билан гўзал дунё. Ҳар бир неъматнинг қадрига етишимиз учун Аллоҳ томонидан тинмай синаламиз. Аллоҳ шундай меҳрибон зотки, суйган бандаларига дард ҳам беради, қандай оғир касал бўлишига қарамай ҳаракат қилса шифосини ҳам аямайди.

Эсингизда бўлса, KUN.UZ таҳририяти томонидан саратон касаллиги билан курашаётган фарғоналик муштипар она Саодатхон учун хайрия акцияси уюштирилган эди.  2008 йилда саратон ташхиси билан касалланган аёлидан турмуш ўртоғи воз кечиб кетган. Аёл 12 ёшли қизалоғининг бахти учун шунча вақт саратонга қарши курашиб келди. Бир неча жарроҳлик амалиётларини бошидан ўтказди. Сўнгги жарроҳлик амалиётини Ҳиндистонда ўтказиш шифокорлар томонидан тавсия қилинди. Cахий инсонлар сабабли Аллоҳ баракасини бериб, 20 минг долларга яқин маблағ йиғилди.

Саодат опа зудлик билан Ҳиндистонга жўнатилди. У ерда дунёнинг энг кучли жарроҳлари томонидан 13 соатлик жарроҳлик амалиётини бошидан ўтказди. Яқинларининг айтишича, жарроҳлик амалиёти жуда мураккаб тарзда бўлиб ўтган. Тананинг учта қисми жарроҳлик амалиётини бошдан кечирди. Амалиёт давомида тана иккига бўлиниб саратон тугунлари олиб ташланди. 5 та касалланган қовурға кесилди. Аввалги жарроҳлик амалиётларида олиб ташланган кўкрак териси оёқ-сон қисмидан олиниб қопланди. Ўпка қисми зарарлангани сабабли у ерда ҳам керакли муолажа амалиёти ўтказилди. Хуллас узоқ муддатли жарроҳлик амалиётидан сўнг, Саодат опа касалликдан деярли 80 фоизга қутулди.

Лекин мутахассисларнинг фикрича, даволаниш тўлиқ тугатилмаган. Саодат опага бир ойдан сўнг яна Ҳиндистонга қайтиб келиши лозимлигини айтишган. Чунки саратон тугунлари олиб ташланганидан сўнг, ўша жой нур-терапия қилиниши керак. Бўлмаса шунча амалга оширилган жарроҳлик амалиётлари беҳуда кетиши мумкин. Кейинги босқич учун тахминан 8-10 минг доллар маблағ зарур бўлмоқда.

Нур билан даволаш амалиётини шифокорлар Ўзбекистонда ўтказишни тавсия қилишмаган. Сабаби қаерлардан саратон тугуни олинганини тўлиқ улар билишади. Нотўғри муолажа беморни қийнаши, ҳатто ўлимга олиб келиши мумкинлигини таъкидлашган.

Саодат опанинг сўнгги умиди саховатли инсонлардан. Аёл Аллоҳ эзгу ишларга бошлашидан умидвор. Азизлар, Саодат опага ёрдам қўлимизни чўзайлик. Ёрдамимиз билан бир инсоннинг умрини сақлаб қолишимиз мумкин. Аллоҳ таоло қилган яхшилигимизни ажрини, албатта, беради.

Қўшимча маълумотлар:

Пластик карта рақамлари: 8600 0423 1682 4332 Агробанк (Click xизмати)
                                                 Қорабоева Саодатхон Ортиғалиевна

Телефон рақамлари: +99891 673-45-25;
                                      +99897 596-45-25



Манзил: Фарғона вилояти, Фарғона шаҳри, Абдулла Қаҳҳор 3/3

Мавзуга оид