Ўзбекистон | 17:01 / 21.06.2018
11795
10 дақиқада ўқилади

Хорижий давлатларда таълим олганлик тўғрисидаги ҳужжатни тан олиш талаблари қандай? 

Фото: Depositphotos

Норматив-ҳуқуқий ҳужжатларнинг муҳокамаси порталида Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг «Хорижий давлатларда таълим олганлик тўғрисидаги ҳужжатларни тан олиш ва нострификациялаш (эквивалентлигини қайд этиш) тартиби тўғрисидаги низомни тасдиқлаш ҳақида»ги қарори лойиҳаси эълон қилинди.

Хорижий давлатларда таълим олганлик тўғрисидаги ҳужжатларни тан олиш ва нострификациялаш (эквивалентлигини қайд этиш) тартиби тўғрисидаги низомга кўра, хорижий давлатларда ўрта махсус, касб-ҳунар ва олий таълим олганлик тўғрисидаги, шунингдек, клиник ординатурани ўтаганлиги тўғрисидаги ҳужжатларни тан олиш ва нострификациялаш (эквивалентлигини қайд этиш)ни ташкил этиш ҳамда тегишли гувоҳнома бериш бевосита Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамаси ҳузуридаги Таълим сифатини назорат қилиш давлат инспекцияси (кейинги ўринларда Давлат инспекцияси деб аталади) томонидан амалга оширилади.

Давлат инспекцияси талабгорлардан хорижий давлатларда ўрта махсус, касб-ҳунар ва олий таълим олганлик тўғрисидаги, шунингдек, клиник ординатурани ўтаганлиги тўғрисидаги ҳужжатларни тан олиш ва нострификациялаш (эквивалентлигини аниқлаш) учун зарур бўлган ҳужжатларни Давлат хизматлари марказлари ёки Ягона интерактив давлат хизматлари портали орқали қабул қилиб олади, таълим тўғрисидаги ҳужжатларни нострификациялаш (эквивалентлигини қайд этиш) жараёни учун барча зарур ҳужжатлар мавжудлигини аниқлайди ва материалларни Эксперт комиссиясига юборишни ташкил этади, Эксперт комиссияси томонидан нострификациялаш (эквивалентлигини қайд этиш) учун тақдим этилган таълим тўғрисидаги ҳужжатни экспертизадан ўтказиш натижасига кўра хулоса тайёрланишини ташкил этади ҳамда Эксперт комиссиясининг хулосаси ҳақида талабгорга маълум қилади, Эксперт комиссияси томонидан белгиланган махсус синовларни ташкил этади ва ўтказади.

Талабгорлар хорижий давлатларда касб-ҳунар ва олий таълим, шунингдек клиник ординатура бўйича таълим олганлик тўғрисидаги ҳужжатларини нострификациялаш учун Давлат хизматлари марказларига ўзи келиб мурожаат этади ёки ЯИДХПдан электрон тарзда фойдаланиш учун рўйхатдан ўтади.

Ўзи келиб мурожаат этган тақдирда Давлат хизматлари маркази ходими нострификация талабгори номидан, ЯИДХП орқали мурожаат этган тақдирда эса нострификация талабгори мустақил равишда белгиланган Регламентга мувофиқ сўровномани тўлдиради.

Хорижий давлатларда касб-ҳунар ва олий таълим, шунингдек клиник ординатура бўйича таълим олганлик тўғрисидаги ҳужжатларни тан олиш ва нострификациялаш (эквивалентлигини қайд этиш) тўғрисидаги сўровномада талабгорнинг электрон манзили кўрсатилгани унинг мурожаати бўйича қабул қилинган қарор ҳақида ахборот тизими орқали электрон шаклда хабарнома олишга бўлган розилиги ҳисобланади.

Сўровномага қуйидаги ҳужжатлар илова қилинади:

хорижий давлатларда таълим олганлик тўғрисидаги ҳужжат ва унинг иловасининг асл нусхаси (ўтилган ўқув курслари ва уларнинг ҳажми, якуний баҳолар, амалиёт, курс ва битирув малака ишлари рўйхати, ўқув жараёнининг бошқа бажарилган талаблари кўрсатилиши лозим);

хорижий давлатларда таълим олганлик тўғрисидаги ҳужжат ва унинг иловасининг Ўзбекистон Республикаси давлат тилига нотариал тасдиқланган таржимаси;

ҳужжат эгасининг шахсини тасдиқловчи ҳужжат нусхаси;

хорижий давлатларда таълим олганлик тўғрисидаги ҳужжатни тан олиш ва нострификациялаш (эквивалентлигини қайд этиш) учун йиғим тўланганлигини тасдиқловчи ҳужжат.

Ариза давлат хизматлари марказлари орқали қабул қилинганда таълим олганлик тўғрисидаги ҳужжат ва унинг иловасининг асли ариза қабул қилингандан кейин ҳужжат эгасига қайтарилади.

Талабгордан ушбу бандда кўрсатилмаган маълумотларни ва ҳужжатларни тақдим этишни талаб қилиш қатъиян тақиқланади.

Ишончсиз ёки нотўғри маълумотлар тақдим этилганлиги учун талабгор қонун ҳужжатларига мувофиқ жавоб беради.

Ҳар қандай босқичда маълумотлар қалбакилаштирилганлиги маълум бўлса, нострификация жараёни тўхтатилади, топширилган ҳужжатлар ва йиғим қайтарилмайди.

Зарур маълумотлар расмийлаштирилгандан ва сўровномага киритилгандан сўнг талабгор уни ўз электрон рақамли имзоси (кейинги ўринларда ЭРИ деб юритилади) билан тасдиқлайди.

Давлат хизматлари маркази ходими ва ЯИДХП талабгорни давлат хизматларидан фойдаланиш учун ЭРИ мажбурий тартибда бўлиши шарт эканлиги тўғрисида олдиндан хабардор қилади.

Давлат хизматлари марказлари талабгорлар ЭРИни жойнинг ўзида олишлари учун барча зарур шароитларни таъминлашга мажбурдир.

Хорижий давлатларда таълим олганлик тўғрисидаги ҳужжатларни тан олиш ва нострификациялаш (эквивалентлигини қайд этиш) бўйича давлат хизматини кўрсатиш учун энг кам ойлик иш ҳақининг икки баравари миқдорида йиғим ундирилади. Йиғимлар суммаси қуйидаги тартибда тақсимланади:

Давлат хизматлари маркази орқали амалга оширилганда йиғимнинг 20 фоизи – Ўзбекистон Республикаси Адлия вазирлиги ҳузуридаги Давлат хизматлари агентлигининг бюджетдан ташқари жамғармасининг шахсий ҳисоб рақамига ўтказилади;

ЯИДХП орқали амалга оширилганда йиғимнинг 10 фоизи – Ўзбекистон Республикаси Ахборот технологиялари ва коммуникацияларини ривожлантириш вазирлигининг махсус ҳисоб рақамига ўтказилади;

қолган маблағлар Таълим сифатини назорат қилиш давлат инспекциясининг ҳисоб рақамига ўтказилади.

Давлат инспекцияси таълим олганлик тўғрисидаги ҳужжатда кўрсатилган ўқув юртининг ўша давлатда тегишли рўйхатда (давлат рўйхатидан ўтганлиги, лицензияси мавжудлиги, аккредитацияланганлиги) борлигини текширади, ҳужжатнинг иловасида кўрсатилган фанлар ва махсус курслар Ўзбекистон Республикасида ушбу ёки унга турдош йўналишдаги мутахассисликлар бўйича тасдиқланган ўқув дастурига мос келиш-келмаслигини (умумкасбий ва мутахассислик фанлари бўйича) эксперт комиссияси орқали аниқлашни ташкил этади ва энг кўпи билан ўн беш кун муддатда тегишли қарорини чиқаради. Давлат инспекцияси лозим бўлган ҳолларда тегишли ўқув юрти, маҳаллий ва хорижий ташкилотлардан аниқлаштирувчи ҳужжатларни сўраб олиши мумкин.

Давлат инспекцияси хорижий давлатларда таълим олганлик тўғрисидаги ҳужжатларни тан олиш ва нострификациялаш (эквивалентлигини қайд этиш)ни ташкил этиш соҳасида қуйидаги ваколатларга эга:

Ўзбекистон Республикаси Олий ва ўрта махсус таълим вазирлиги, Халқ таълими вазирлиги, Адлия вазирлиги ҳамда бошқа манфаатдор вазирликлар ва идораларнинг вакилларидан иборат таркибда тегишли таълим йўналиш (мутахассислик)лари бўйича хорижий мамлакатларда берилган таълим тўғрисидаги ҳужжатларни тан олиш ва нострификациялаш (эквивалентлигини аниқлаш) бўйича экспертизадан ўтказувчи эксперт комиссиясини (кейинги ўринларда Эксперт комиссияси деб аталади) шакллантириш ва унинг ишини ташкил этиш;

талабгорлардан хорижий мамлакатларда берилган таълим тўғрисидаги ҳужжатларни тан олиш ва нострификациялаш (эквивалентлигини аниқлаш) учун зарур бўлган таълим тўғрисидаги ва бошқа ҳужжатларни қабул қилиб олиш;

таълим тўғрисидаги ҳужжатларни нострификациялаш (эквивалентлигини қайд этиш) жараёни учун барча зарур ҳужжатлар мавжудлигини аниқлаш ва материалларни Эксперт комиссиясига юборишни ташкил этиш;

Эксперт комиссияси томонидан нострификациялаш (эквивалентлигини қайд этиш) учун тақдим этилган таълим тўғрисидаги ҳужжатни экспертизадан ўтказиш натижасига кўра хулоса тайёрланишини ташкил этиш;

Эксперт комиссиясининг хулосаси ҳақида талабгорга маълум қилиш;

Эксперт комиссиялари томонидан белгиланган махсус синовларни ташкил этиш ва ўтказиш;

хорижий давлатларда таълим олганлик тўғрисидаги ҳужжатлар тан олинганда ва нострификациялаш (эквивалентлигини қайд этиш) амалга оширилганда талабгорга давлат намунасидаги гувоҳномалар расмийлаштирилишини ташкил этиш.

Хорижий давлатларда таълим олганлик тўғрисидаги ҳужжатларни тан олиш жараёни халқаро битимлар ва тавсиялар, Ўзбекистон Республикаси узлуксиз таълим тизимининг давлат таълим стандартлари, меъёрий ҳужжатлар асосида амалга оширилади.

Хорижий давлатларда таълим олганлик тўғрисидаги ҳужжатни тан олиш талаблари:

таълим тўғрисидаги ҳужжатни берган таълим муассасаси ўзи жойлашган давлатнинг ваколатли органлари томонидан тан олинган бўлиши;

таълим тўғрисидаги ҳужжат берилган давлатда тан олинган бўлиши;

таълим тўғрисидаги ҳужжатнинг тан олиниши Ўзбекистон Республикаси билан давлатлараро битимларда кўзда тутилган (мазкур Низомнинг 8-бандида кўрсатилган ҳолатлар бундан мустасно) бўлиши зарур.

Мазкур бандда белгиланган талабларга мос келмаслик хорижий давлатларда таълим олганлик тўғрисидаги ҳужжатни тан олмасликка асос бўлади.

Ўзбекистон Республикасида хорижий давлатларда таълим олганлик тўғрисидаги ҳужжатларни тан олиш ва нострификациялаш (эквивалентлигини қайд этиш) амалиёти жорий қилинган 2000 йилгача ўқишга кирган ва тамомлаган талабгорларнинг ҳужжатларини тан олишда юқоридаги талаблар қўлланилмайди.

Хорижий давлатларда таълим олганлик тўғрисидаги ҳужжатларни нострификациялашда ушбу давлатларнинг таълим тўғрисидаги ҳужжатлари тан олингандан кейин уларнинг Ўзбекистон Республикасида амалда бўлган давлат таълим стандартларига мослиги аниқланади ва ҳужжат эгаси тайёргарлиги даражасини мувофиқлиги (эквивалентлиги) белгиланади.

Эквивалентликни қайд этиш жараёни махсус экспертиза орқали ўтказилади.

Махсус экспертиза қуйидагиларни ҳисобга олган ҳолда амалга оширилади:

ўқув режалари ва дастурларининг мазмуни ҳамда мувофиқлиги;

ўқув жараёни компонентларининг (фанлар (модуллар), шунингдек, амалиёт (стажировка), якуний малака аттестацияси, битирув малака иши ёки магистрлик диссертацияси (агар бундай компонентлар хорижий таълим муассасаси томонидан назарда тутилган бўлса) мазмуни, бажарилган талаблари ва бундай талабларнинг нострификация талабгори томонидан бажарилиши.

Олинган билимлар ва тажриба якуний тайёргарлик нуқтаи назаридан ўқув режалари ва таълим услубиятида бўлиши мумкин бўлган фарқларни эътироф этган ҳолда баҳоланади.

Хорижий давлатда таълим олганлик тўғрисидаги ҳужжатни нострификациялаш (эквивалентлигини қайд этиш) жараёнида амалга ошириладиган махсус экспертиза учун эксперт мутахассисга битта ҳужжат учун 2 (икки) соат миқдорида меҳнатга соатбай ҳақ тўлаш миқдорларига мувофиқ ҳақ тўланади.

Эквивалентлик тўғрисидаги хулоса қуйидагилар асосида қабул қилинади:

таълим тўғрисидаги ҳужжатларни тан олиш тўғрисидаги ижобий хулоса;

Ўзбекистон Республикаси ва таълим тўғрисидаги ҳужжат берилган мамлакатдаги таълим тузилмасига қўйилган умумий талабларнинг мослиги;

таълим мазмунининг мослиги тўғрисидаги экспертизанинг ижобий хулосаси.

Таълим тўғрисидаги ҳужжатларнинг эквивалентлиги ҳақидаги Ўзбекистон Республикаси томонидан имзоланган халқаро ва давлатлараро битимлар ва шартномалар мавжуд ҳолларда эквивалентлик тўғрисидаги хулоса мазкур халқаро битимлар ва шартномаларга мувофиқ амалга оширилади.

Мавзуга оид