Ўзбекистон | 07:46 / 21.06.2018
7699
4 дақиқада ўқилади

Ҳукумат давлат маданият муассасаларига доир янги қарорни қабул қилди

Фото: KUN.UZ

Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг “Давлат маданият муассасалари ва давлат архивлари ходимлари меҳнатига ҳақ тўлаш ва уларни моддий рағбатлантиришнинг такомиллаштирилган тизимини тасдиқлаш ҳақида”ги қарори қабул қилинди.

Ҳужжат билан қуйидагилар:

Ўзбекистон Республикаси Давлат бюджетидан молиялаштириладиган давлат маданият муассасалари ва давлат архивлари ходимлари меҳнатига ҳақ тўлаш бўйича базавий лавозим маошлари миқдорлари;

давлат архивлари ва узоқ муддат узлуксиз хизмати учун ҳар ойлик тақдирлаш пули белгиланадиган давлат архивлари ходимлари лавозимлари рўйхати;

Давлат маданият муассасалари ва давлат архивлари ходимлари меҳнатига ҳақ тўлаш ҳамда уларни моддий рағбатлантириш тартиби тўғрисидаги низом тасдиқланди.

Ўзбекистон Республикаси Маданият вазирлиги, Вазирлар Маҳкамаси ҳузуридаги “Ўзархив” агентлиги ва бошқа манфаатдор вазирликлар ҳамда идоралар Бандлик ва меҳнат муносабатлари вазирлиги ҳамда Молия вазирлиги билан келишган ҳолда ушбу қарорга иловаларда қайд этилмаган давлат маданият муассасалари ва давлат архивлари ходимлари меҳнатига ҳақ тўлаш разрядлари ҳамда шартларини бир ой муддатда ишлаб чиқадилар ва тасдиқлайдилар.

Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамаси ҳузуридаги “Ўзархив” агентлиги Бандлик ва меҳнат муносабатлари вазирлиги ҳамда Молия вазирлиги билан келишган ҳолда икки ой муддатда:

давлат архивларининг янгиланган намунавий штатларини;

Давлат архивларини меҳнатга ҳақ тўлаш гуруҳларига киритиш тартиби тўғрисидаги низомни ишлаб чиқади ва тасдиқлайди.

Ўзбекистон Республикаси Маданият вазирлиги:

бир ой муддатда - Давлат маданият муассасаларининг ижодий (артист) ходимлари ва мутахассисларига малака тоифаларини бериш тартиби тўғрисидаги низомни;

икки ой муддатда - Бандлик ва меҳнат муносабатлари вазирлиги ҳамда Молия вазирлиги билан келишган ҳолда, Давлат архивларини меҳнатга ҳақ тўлаш гуруҳларига киритиш тартиби тўғрисидаги низомни тасдиқлайди;

давлат маданият муассасаларининг ижодий (артист) ходимлари ва мутахассисларини уч ой муддатда аттестациядан ўтказсин ҳамда уларга фаолият натижаларини баҳолаш асосида малака тоифалари берилишини таъминлайди.

Давлат маданият муассасалари ва давлат архивлари ходимлари меҳнатига ҳақ тўлаш ҳамда уларни моддий рағбатлантириш тартиби тўғрисидаги низомга кўра қуйидагилар:

театрлар, театр-студиялар, цирклар, саройлар, концерт ташкилотлари, шу жумладан, мусиқали ва рақс жамоалари;

музейлар, музей қўриқхоналар, уй музейлар, давлат тарих ва маданият музейлари, картина ва фотогалереялар, кўргазма фаолияти билан шугулланадиган ташкилотлар;

кўзи ожизлар учун кутубхоналар ва ахборот-ресурс марказлари, ахборот- кутубхона марказлари, маданият ва аҳоли дам олиш марказлари, шу жумладан, халқ театрлари, ҳаваскорлик жамоалари;

Ўзбекистон Республикаси Маданият вазирлигининг Маданият муассасалари фаолиятини ташкил этиш илмий-методик маркази;

зоопарклар, шунингдек, бошқа маданий-маърифий муассасалар давлат маданият муассасалари ҳисобланади.

Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамаси ҳузуридаги “Ўзархив” агентлигининг ташкилий тузилмасига кирадиган архивлар давлат архивлари ҳисобланади.

Давлат маданият муассасалари ва давлат архивлари ходимларининг лавозим маошлари:

меҳнатга ҳақ тўлаш бўйича ҳар бир лавозим учун белгиланадиган базавий лавозим маошлари;

ходимларга қонун ҳужжатларида белгиланган устамалар ва қўшимча тўловлар асосида шакллантирилади.

Давлат маданият муассасалари ва давлат архивлари ходимларининг лавозим маошлари:

меҳнатига ҳақ тўлаш бўйича давлат маданият муассасаси ва давлат архиви киритилган гуруҳга;

ходимнинг лавозими ва малака тоифасига боғлиқ ҳолда табақалаштирилади.

Давлат маданият муассасалари ва давлат архивлари ходимларининг лавозим маошлари миқдорлари Вазирлар Маҳкамаси томонидан белгиланади.

Давлат маданият муассасалари ва давлат архивлари ходимларининг базавий лавозим маоши:

ходим давлат маданият муассасаси ва давлат архивида бошқа лавозимга ўтказилганда;

меҳнатига ҳақ тўлаш бўйича давлат маданият муассасаси ва давлат архиви кирадиган гуруҳ ўзгартирилганда;

ходимнинг малака тоифаси ўзгартирилганда (оширилганда ёки пасайтирилганда);

Президентнинг қарорларига мувофиқ бюджет ташкилотлари ходимларининг иш ҳақи миқдорлари оширилганда ўзгартирилади.

Отабек Матназаров
Тайёрлаган Отабек Матназаров
Kun.uz янгиликларини Google News'да кузатинг
+ Обуна бўлиш

Мавзуга оид